Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентдаги туғуруқхоналарнинг 14 нафар мансабдори жаримага тортилди

Тошкентдаги туғуруқхоналарнинг 14 нафар мансабдори жаримага тортилди

Фото: «Xabar.uz»

Январь ойида Тошкент шаҳрида жойлашган туғуруқхоналар томонидан тиббий маълумотларини ахборот тизимига киритиш ва ФҲДЁ бўлимларига юбориш ҳолати ўрганилди.

ДХА матбуот хизмати хабарига кўра, бунинг натижасида жами туғилганлик ҳақидаги 703 та ҳамда перинатал ўлим бўйича 3 та маълумотнома тизимга киритилмагани аниқланган. Қолаверса, туғилганлик ҳақидаги 888 та маълумот белгиланган муддатдан кечикиб киритилгани қайд этилди.

«Бунинг оқибатида, аниқланган ҳолатлар юзасидан 14 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарима жазо чораси қўлланилди», — дейилади хабарда.

Ҳукуматнинг 2020 йил 10 ноябрдаги қарорига асосан 1 январдан Тошкент ва Нукус шаҳрида туғилганликни қайд этиш, яшаш манзили бўйича доимий рўйхатга қўйиш, бир марталик мукофот пулини ажратиш, поликлиникага жойлаштириш ва боғчага навбатга қўйиш тўлиқ автоматлаштирилган тарзда амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур хизматлар кейинчалик, 2021 йил 1 февралдан бошлаб барча вилоятлар марказларида, 2021 йил 1 сентябрдан эса бутун республика ҳудудида кўрсатилиши кўзда тутилган.

Қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ, тиббиёт муассасаси ходими бола туғилгандан сўнг 1 кун ичида бола ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимига киритиши ҳамда маълумотларни автоматик тарзда «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига юбориши ва QR-код қўйилган бланкда маълумотнома шакллантирилиши лозим.

Давлат хизматлари агентлигига эса ушбу жараёнларни назорат қилиш вазифаси юклатилган эди.

Айни шу мақсадда агентлик ходимлари январь ойида Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий маркази, Тошкент шаҳар перинатал маркази, 4-сон ва 5-сон шаҳар клиник шифохоналарининг туғуруқ бўлимлари ҳамда 9 та шаҳар туғуруқ комплексларининг тиббий маълумотларни ахборот тизимига киритиш ва ФҲДЁ бўлимларига юбориш ҳолатини ўрганди.

«Январь ойи давомида туғилганлик ҳақидаги 390 та, перинатал ўлим ҳақидаги 3 та маълумотлар ахборот тизимига киритилмаган бўлса, туғилганлик ҳақидаги 888 та маълумотлар белгиланган муддатдан кечиктирилиб киритилган. Мисол учун, Тошкент шаҳар 8-сон туғуруқ комплекси томонидан 2021 йил 9 январда туғилган фуқаро Л.С.нинг боласи ҳақидаги маълумот 11 кундан кейин, яъни 21 январда ФҲДЁ бўлимига юборилган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, муассасалар муддат ўтиб кетган бўлсада, айрим тиббий маълумотларни ахборот тизимига киритмагани аниқланган.

Тошкент шаҳар 3-сон туғуруқ комплекси томонидан туғилиши қайд этилган 313 нафар боланинг тиббий маълумотлари ахборот тизимига киритилмаган ва ФҲДЁ бўлимига юборилмаган.

Қайд этилишича, бу каби ҳолатлар комплекс хизматларни кўрсатиш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг