Тошкентнинг 9 та ҳудудида янги жамоат парклари барпо этилади
Президент Шавкат Мирзиёевга қилинган Тошкент шаҳрида урбанизация жараёнларини ривожлантириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича таклифлар тақдимотида Янгиҳаёт туманидаги «Янги авлод» махсус саноат зонасини кенгайтириш режалари ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, бунинг ҳисобига Тошкент шаҳри марказидан йирик саноат корхоналарини босқичма-босқич кўчириш, юқори қўшилган қиймат яратадиган ва экология талабларига жавоб берадиган ишлаб чиқаришларни жойлаштириш муҳим экани қайд этилди.
Маъқулланган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳар йили қурилиш ҳисобидан қўшимча 1,5 миллиард доллар ялпи ҳудудий маҳсулот, бюджетга 3,5 триллион сўм тушумлар шаклланиши ва 260 минг иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Тақдимотда яшил ҳудудларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳаларнинг камида 30 фоизида, яъни 400 гектарда яшил майдонлар ташкил этиш шартлиги кўрсатиб ўтилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг 9 та ҳудудида умумий майдони 134 гектар бўлган алоҳида янги жамоат парклари барпо этиш режалари кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Лойиҳалардан ундириладиган инфратузилма тўловларидан тушган маблағлар, биринчи навбатда, янги яшил ҳудудлар барпо этишга, ортган қисми эса шаҳар инфратузилмаси объектларини қуришга сарфланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Президентимиз пойтахтдаги урбанизация жараёнларини жамоатчилик манфаатлари, соғлом муҳит ва экология талаблари билан боғлаган ҳолда ривожлантириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter