Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоий эътироф этган асар илк бор ўзбек тилига таржима қилинди

Навоий эътироф этган асар илк бор ўзбек тилига таржима қилинди

Озарбайжон ҳамда туркий халқларнинг бебаҳо адабий ёдгорлиги саналган «Қўрқут ота китоби» (Kitabi-Dədə Qorqud) илк бор она тилимизга тўлиқ ҳолда таржима қилинди. Бу масъулиятли ижодий юмушни Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази лойиҳаси доирасида таниқли олим ҳамда мутаржим, Халқаро Маҳмуд Кошғарий мукофоти совриндори Бобохон Муҳаммад Шариф уддалади.  

Марказ директори Самир Аббосовнинг қайд этишича, озарбайжон халқининг сўз дурдонаси саналган «Қўрқут ота китоби»га Ўзбекистонда ҳам қизиқиш кучли. Шу сабаб қадимий асарни ўзбек тилига ўгиришга қарор қилинди. Жорий йил давомида мазкур эпосга бағишланган халқаро илмий анжуман ташкил этиш ҳамда асарнинг ўзбек тилидаги вариантини чоп этиш режалаштирилган. 

«Қўрқут ота китоби» нафақат озарбайжон, балки барча туркий халқларнинг бетакрор санъат намунаси саналади. Ушбу сўз обидасини туркий халқлар солномаси, ҳаётий қомуси деб аташ мумкин», – дейди С.Аббосов.

«Қўрқут ота китоби»га кирган ҳикоя ва достонларнинг айримлари VII-VIII аcрларда оғзаки равишда яратила бошлаган. Асосий достонлари IX-X асрларда ўғузлар Сирдарёнинг қуйи оқими ва Орол денгизи атрофида яшаган даврда юзага келган.

Миллий энциклопедия маълумотларига қараганда, ўғуз қабилаларининг салжуқийлар раҳнамолигида Ғарбга силжиши натижасида илгари яратилган достонлар ва ривоятларга янгилари қўшилиб, Кавказ ва Кичик Осиёда Қўрқут ва Қозонбек ҳақида достонлар туркуми вужудга келди. Оғзаки равишда яратилган ва куйланган асарлар ўзонлардан (бахшилар) ёзиб олиниб, XV аcр ўрталарида яхлит китобда жамланган.

Муқаддима ва 12 достондан иборат «Қўрқут ота китоби»нинг бизгача икки қўлёзмаси етиб келган. Улар Дрезден ва Ватикан кутубхоналарида сақланади. Нодир қўлёзмаларни олимлар XIX асрдан бошлаб изчил ўрганиб келади.

Қўрқут ота исми билан машҳур сиймо ўз вақтида одамларга яхшилик қилиш, мушкулларини осонлаштиришда кўмакдош бўлган. Ҳазрат Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» тазкирасида бундай ёзади: «Қўрқут ота р.а. турк улуси орасида шуҳрати андин ортиғроқдурки, шуҳратқа эҳтиёжи бўлғай. Машҳур мундоқдурки, неча ўзидин бурунқини, неча йил ўзидин сўнгги келурни дебдурлар. Кўп мавъизаомиз мағизлиқ сўзлари арода бор».

Қўрқут – яхшилик, барака, бахт улашувчи деган мазмунни ифодалайди.

«Достоннинг бошланмасида Қўрқут ота ўғузлар орасидаги энг биринчи одам деб кўрсатилган. Демак, Қўрқут ота ўғузлар учун тарихнинг бошланиши, ўғуз уруғлари ундан таралганлар. Асардаги бундай далил Қўрқут ота ҳақидаги сюжетлар милоддан аввалги асрларда туғила бошланганини кўрсатади», – деб ёзади олим Абдурашид Абдураҳмонов.

Озарбойжоннинг қадимий ёзма ёдгорлигида қаҳрамонлик, донишмандлик, ватанпарварлик тараннум этилган, ўғуз туркларининг қадрият ва анъаналари акс этган. Собиқ Иттифоқ даврида «Қўрқут ота китоби» тақиқланди. 60-йилларга келибгина асар «оқланди».

«Қўрқут ота китоби»да ўзбек халқ оғзаки ижоди билан муштарак жиҳатлар ҳам мавжуд.

«Ёзма манбалар орқали бизгача етиб келган «Китоби дада Қўрқут»нинг учинчи бўйи (достони) – «Бамси Байрак» сюжет воқеалари жиҳатидан «Алпомиш» достонига яқин туради. Бу сюжетдаги бир достоннинг бир неча халқларда мавжудлиги уларнинг миллий ўзига хослигини инкор этмайди. Чунки бу достонларнинг қадимий тарихий-ҳаётий асослари бир бўлса-да, уларнинг ҳар бири кейинги тараққиётда ўзлари мансуб бўлган халқнинг эпик анъаналари доирасида ривожланди, оғзаки ижро ва ижод шароитларида яшашда давом этди», – деб ёзган эди академик Тўра Мирзаев.

«Қўрқут ота китоби» дунё миқёсида кенг ўрганилаётган адабий ёдгорликлар сирасига киради. Эпос кўплаб тилларга таржима қилинган.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг