Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўлқин Тожиев ўз ҳаётидан мамнунми?

Тўлқин Тожиев ўз ҳаётидан мамнунми?

Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек дубляжининг олтин овози, ардоқли ва камтар актёр Тўлқин Тожиев яқинда ўзининг 87 ёшини кутиб олди. Бу инсон – санъатимиз тарихи ва дурдонаси. Тўлқин акани камтар деганимиз бежиз эмас – у ўзини кўз-кўз қилишни, оҳангжамаликни ёқтирмайди. Таваллуд кунини ҳам оила даврасида ўтказиб қўя қолади. Бизга келган бир нечта видеолавҳаларда Тўлқин Тожиев ўзининг дил сўзларини шундай баён этган.

– Спектакль, роль – бошқа нарса йўқ, – дейди санъатни улуғ касб ҳисоблаган Тўлқин ака.

Бу ҳаётда ҳар кимнинг ҳам армонлари бўлади. Хўш, Тўлқин Тожиев ўз ҳаётидан мамнунми?

Актёр узоқ ўйланиб, ўтган кунларини таҳлил қилиб шундай жавоб беради: – Бир томондан мамнунман, бир томондан... хато ишлар кўп, – кейин эса мафтункор овозда шеър ўқийди:

Кулди бу дунё,

Сен йўлдан адашдинг.

Кулди бу дунё,

Ярашиб, тортишиб ўтдинг дунёдан.

Қаҳ-қаҳ урганича қолди бу дунё.

Тўлқин Тожиев театр ва кинода кўплаб роллар ижро этган. Унинг севимли роли қайси?

– Ҳаммаси яхши, – дейди Тўлқин ака. – Энг яхши кўрганим эса – Яго!

Актёр қайси ҳамкасбини хуш кўради?

– Беҳзод Муҳаммадкаримовни, – дейди Тўлқин ака. – Яна биттаси Матчонов.

Унинг айтишича, Беҳзод Муҳаммадкаримов ва Матёқуб Матчонов ўз ролини виждонан ўйнайди, жудаям одамшаванда. Улар ҳам Тўлқин акани қадрлашади, ҳурмат қилишади. «Сизнинг овозингиз биллурдек тоза», дейишади.

Ўзбек дубляжида ўчмас из қолдирган Тўлқин Тожиев яна шеър айтади:

Эй гул, гулингиз, тароватингиз бунча тиниқ,

Боғ ичра ажиб латофатингиз бунча тиниқ.

Илдиз ўз гулин кўрмас, жонидан сув берса ҳам,

Офтоб ойни кўрмагай, бир осмонда юрса ҳам...

Улуғ ёшини нишонлаган эл севган санъаткор, ўзбек дубляжининг мэтри, ардоқли актёримиз Тўлқин Тожиевга узоқ ва баракали умр, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

Анвар Намозов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг