Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дори воситаларини назоратсиз қабул қилиш панкреатитни келтириб чиқаради — профессор

Дори воситаларини назоратсиз қабул қилиш панкреатитни келтириб чиқаради — профессор

Иллюстратив фото

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Феруза Ҳамробоеванинг айтишича, дори воситаларини назоратсиз қабул қилиш панкреатит касаллигини келтириб чиқариши мумкин.

Панкреатит — ошқозон ости безининг ўткир яллиғланиши билан кечадиган касаллик. У ўз вақтида даволанмаса, жараён бошқа тўқималарга ҳам тарқалиши хавфи катта.

Меъда ости бези — овқат ҳазм қилишда иштирок этадиган муҳим аъзо. У озуқа моддалари сўрилишига хизмат қиладиган, ичакдаги оқсил, ёғ ва мураккаб углеводларни парчалайдиган ферментларни ишлаб чиқаради. Қолаверса, эндокрин тизими фаолиятини тартибга солиш вазифасини бажаради.

Ошқозон ости безининг яллиғланишига кўпинча спиртли ичимликлар, нотўғри овқатланиш, ўт-тош касаллиги, дори воситаларини назоратсиз қабул қилиш, вирусли ва бактериал инфекциялар, чекиш сабаб бўлади.

Шунингдек, қонда триглицеридлар ва калцийнинг юқори концентрацияси, иммун тизими фаолияти бузилиши, ичак ва ўт йўллари яллиғланиши, қорин бўшлиғи шикастланиши ҳамда ошқозон ости безининг хавфли ўсмаси ҳам панкреатитни келтириб чиқаради.

Касаллик кўнгил айниши, қайт қилиш, қорин дам бўлиши, тери сарғайиши, юрак тез уриши, сабабсиз вазн йўқотиш каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзан чап қовурға остида тўсатдан пайдо бўлган кучли оғриқ тегишли муолажаларсиз босилмайди.

Ўткир панкреатит тўқималар ва без тузилмасида қайтариб бўлмайдиган жараёнлар, деструкция билан кечади ва ҳатто ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Касалликнинг бу шаклида панкреатик ширалар безнинг ўзида сақланиб қолади ва фаоллашиб, унинг ҳужайраларини парчалай бошлайди.

Сурункали панкреатит енгил симптоматика билан ифодаланади ва бир неча йил давом этиши мумкин. Кейинги босқичда ошқозон ости бези вазифасининг бузилишлари анча сезиларли бўлади.

🥂Унинг кучайишига асосан аччиқ, ёғли ёки қовурилган овқатлар, газланган ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш сабаб бўлади, айниқса, улар оч қоринга қабул қилинса.

!Панкреатитга чалинган беморлар оилавий шифокор ва жарроҳлар назорати остида амбулатория шароитида муолажа олса бўлади. Баъзида стационар даволаниш ҳам мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг