Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Журналист нега қамалган эди? (2-қисм)

Журналист нега қамалган эди? (2-қисм)

Ўтган суҳбатимизда наманганлик журналист Ортиқали Номозовнинг туман ҳокими таклифига кўра газетада иш бошлагани, бу борадаги фаолият кўлами ҳақида айтилган эди. Кейинроқ унинг устидан ариза тушган ва текширув бошланган. Аслида ҳаммаси қинғир ишни дўндирган ҳисобчилар туфайли юз берган ва ҳақиқатни ёзган муҳаррирни нишонга олишга баҳона топилган. Хўш текширишлар якуни қандай бўлди?

Ортиқали Номозов


Отасини танимайдиган тафтишчи

– Вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят судидан қўнғироқ қилиб сиз ҳақингизда сўрашибди. Унча-мунча одам эшитса, ваҳимага тушадиган идоралар номи. Беҳудага суриштирмайди. Улар сизни чақиришдими?

– Чақиришмади. Назаримда, ғоят вазминлик ва назокат билан «рўмолча учини тугиб» қўйишди...

– Сиз эса танқидий мақолалар ёзмай қўйдингиз?..

– Биласизми, вилоят ва туманларда шундай воқеалар рўй берадики, қуйи тизимдаги раҳбарлар шу қадар ўзбошимчалик, «ўйин»лар қилишадики, буни ёзмаслик, муносабат билдирмаслик учун юрагинг ё тошдан, ё темирдан бўлиши керак...

– Шундай қилиб, КРУдан тафтишчи келди...

– Ҳа. Шоири замон ёзган иддаоларнинг аксари исботланмаган бўлса-да, ҳисобчиларнинг бир қатор молиявий жиноятларга йўл қўйганлиги юзага қалқиб чиқди. Булардан энг каттаси – қўлимизга кишан солишга арзийдигани таҳририятнинг катта миқдордаги маблағи турли фирмаларга, кичик корхоналарга ўтказилиб талон-тарож қилингани эди. Ревизор бир олам маълумотларни ёзиб, икки нусха қилиб менга бирини ўқитиб имзолатиб кетди. Кейин эса орқасидан яна бир текширувчи келди.

– Вилоят давлат солиқ бошқармасиданман, – деди у. – Фақат солиқ масаласини текшираман. Айтиб қўяй, тўғри ишларим учун раҳбарлар тазйиқига учраб, қамалиб чиққан одамман. Ҳақиқат йўлида отамни ҳам аямайман. Бухгалтерингизни чақиринг. «Текширишлар дафтари»ни олиб келсин. Ўша дафтарга келганимни қайд қилиб, сўнг иш бошлайман.

– Бизда бундай дафтар йўқ, – дедим.

– У ҳолда мендан олдинги ревизорга нега рухсат бердингиз?

– Сўрамади-да!..

– Ахир, текширишлар дафтарига қайд этмасдан туриб бухгалтерия эшигидан кириш ҳам мумкин эмас-ку?!

Мен нима деяримни билолмай қолдим, рости.

– Биринчи текшириш, демак, ноқонуний ўтказилибди, – деди у. – Туман солиқ инспекциясига бориб, «Текширишлар дафтари»ни зудлик билан олиб келишсин...

Шундай қилдик. «Отасиниям танимайдиган» ревизор ишга киришди. У ҳам солиқ ҳисоботларидан бир қисм маблағ, даромадлар яширилганини аниқлади. Ёзиб тўлдиргани рақамлар билан ғиж-ғиж даста қоғозининг бир нусхасини каминага тутқазаркан:

– Буёғи Худодан, бардам бўлинг! – деб жўнаб кетди.

Шундан сўнг вилоят прокуратурасига чақирилдим. У ерда ҳисобчилар ва менинг устимдан жиноий иш очилганини маълум қилишди. Кейин тергов ҳаракатлари бошланди.

– Емаган сомсага пул тўлашнинг давоми... Тергов қандай ўтди? Зуғумлар бўлмадими?

– Йўқ. Ножоиз бўлса кечирасиз-у, бизга ўхшаганларни «ювош-ювош» қилиб, қўл-оёғини боғлаб кўзи қон «қассоб»га топширадиганлар терговчи халқи бўларкан. Ўзи ёшгина йигит. Яна бири ўрта яшар гавдали киши. «Сизларни Наманганга чақириб овора қилмайлик, деб ўзимиз кела қолдик», дея Попга қатнаб, гоҳ таҳририятнинг ўзида, гоҳ ишхонамизга яқин туман прокуратурасида сўроқ қилишди. Ярим ой чамаси давом этган тергов якуни билан таништириш учун туман прокуратурасига чақиртиришди. Йўлакда туман прокурори билан дуч келишиб қолдик. У кўзлари йилтираган кўйи мен билан «ҳа, Ортиқали ака, қалай энди?» дея сўрашди. Бу сўрашиш замирида «қўлга тушдинг-ку!» деган иддао борлигини сездим. Хонада терговчи йигит билан шериги ўтирарди. Улар тергов якуни битилган бир даста қоғозни менга узатишди: «Ўқиб, қўл қўйиб берасиз».

Ўқишга киришдим. «Таҳририятда муҳаррир О.Номозов бошлиқ бир гуруҳ шахслар уюшиб, ўзаро қасддан жиноий тил бириктириб, давлатнинг катта миқдордаги маблағини талон-тарож қилишган. Жумладан...»

Шунақанги рақамлар келтирилган эдики, улар билан мени катта майдонга олиб чиқиб отиб ташлаган одам савобга қоларди.

– Назаримда, рақамлар бирмунча бўрттириб кўрсатилган, – дедим терговчи йигитга қараб. – Мени замбаракнинг оғзига тўғрилаб қўйибсизлар-ку? Йўқ, бунга қўл қўёлмайман.

– Ўзи шунақа бўлади, – деди терговчи хотиржамлик билан.

Шу гапнинг устига эшик очилиб, ўрта бўйли, хипчадан келган, рангпаргина бир аёл бош суқди.

– Ана, адвокат ҳам келди, – деди терговчи. – Қонун бўйича адвокат иштирокида қўл қўйишингиз керак.

– Менинг ўз адвокатим бор, – деб эътироз билдирдим.

– Қаерда?

– Наманганда.

– Демак, қўл қўймайсиз-а?

– Адвокатим билан гаплашиб, кейин қўяман.

Бир-икки кун олдин дўстларимнинг маслаҳати билан вилоят адвокатлар уюшмасига бориб, уюшма раиси Акмал Мамажоновни ўзимга адвокатликка олгандим.

– Яхши, – деди терговчи. – Унда кетдик Наманганга.

Изма-из йўлга тушдик. Попдан чиқиб Ором маҳалласига етганимизда шоколад рангли бир «Нексия» терговчиларнинг машинасини қувиб ўтиб тўхтатди. Терговчилар тушиб, улар билан гаплашиб турган чоғда биз ёнларидан ўтиб кетдик.

– Келишишяпти чоғи? – деб қўйди ҳайдовчим (бу шоколад ранг «Нексия»га кейин ҳам суд биноси олдида бир неча бор кўзим тушди).

– Ким билсин? – дедим.

Вилоят прокуратурасига етиб келдик. Мен телефонда шу яқин орадаги адвокат уюшмасидан Мамажоновни чақирдим. У кўп куттирмади. «Иш»га бирров кўз югуртиргач, менга қараб:

– Қисман тўғри, деб қўл қўяверинг, – деди.

Айтганини қилдим. Кейин Попга қайтдик.

Ишнинг судга оширилиши икки ойдан кўпга чўзилди. Кейин эшитдим. Жиноий ишлар бўйича вилоят суди бизнинг «иши»мизни кўришни Поп туман судига топширмоқчи бўлган. Аммо туманимиз судининг раиси негадир бу «иш»ни олишни истамаган. Шундан кейин «дело»ни жиноий ишлар бўйича Тўрақўрғон туман судига оширишган...

Янги-янги найранглар

– Суд жараёни ҳақида алоҳида гаплашамиз, албатта. Ҳозир мени бошқа савол қизиқтиради. Хўш, ишни қилган карнайчи, балога қолган сурнайчи, демоқчи бошингизга шунча ғавғолар ёғилиб турган бир шароитда ўзингизни қандай тутдингиз? Қандай чора-тадбир кўрдингиз? Нималарни ўйладингиз?

– Ишонсангиз, пинагимни бузганим йўқ. Тўғри, шаънимга ярашмайдиган жуда хунук ишлар бўлаётганди. Оилам, дўстларим бундан қайғуриб, ташвишга тушишса, газетамиздан «заха» еган ғанимларим, ҳар мақолам чиққанда вилоят, тумандаги қон босимлари ошиб кетадиган кин, ҳасад бандалари – баъзи ҳамкасбларим росмана байрам қилишарди...

Мен негадир хотиржам эдим. Шоири замон қўли билан ёзилган хат шунчаки йўлига эканлиги, асли бу иш ортида газетамизнинг тиғи-пирронига учраган маҳкама ва идораларнинг катта-кичик чиновниклари, улар атрофида тўпланиб, жипслашган бутун бир жамоа турганига ақлим етарди. «Бу ҳам Яратганнинг бир синови, ўзингни дадил тут, ахир, еб-ичиб қўйган жойинг йўқ-ку! Марҳамат, ўзинг ва ўғлингнинг уйини бориб кўришсин, ўзлари айтган бойликларинг бўлса ҳовлингни, боғингни тинтиб-титкилашсин, ҳеч қандай далил-исботсиз қамаб юбораверишмаса керак», дердим ўзимга-ўзим.

Шу ўй билан мақолаларимни ёзиб, газетани чиқариб, «Қишлоқ ҳаёти» мухбири сифатида водий вилоятларини кезиб, ҳам туман, ҳам республика газеталарида пешма-пеш босилиб турган катта-кичик мақолаларимдан қувониб юравердим. Хотиним, «ҳай, ҳаракатингизни қилсангиз-чи, тегишли идораларга арзи-ҳол қилинг», деб тинмай ёзғирарди. Дўстларим ҳам огоҳлантиришди, «Ортиқали, бу идоралар билан ҳазиллашиб бўлмайди», дейишди. «Қишлоқ ҳаёти» газетасининг ўша пайтдаги бош муҳаррири, устоз Ўткир Раҳмат «ҳисобчиларингиз билан аниқланган камомадни жойига қўйинг-да, Тошкентга келинг, укажон... Сизнинг жойингиз у ер эмас», дерди кунда-кун оша сим қоқиб. «Хўп», дердим-у, яна ўйлардим: «Ахир, олмаганман-ку, ҳеч вақоим бўлмаса нимани жойига қўяман?»

Аслида «иш»нинг тепасида вилоят прокуратураси турган бўлса-да, туман иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти бош ролни ижро этаётган эди (тафтишчилар ҳам эрталаб ўшаларга учрашиб келиб иш бошлар, яна кечқурун бориб ҳисобот беришарди). Менинг ишимни «юмалоқ ёстиқ» қилиш уларга топширилган эди. Барча «куч»лар ана шу идора теварагига уюшганди. Департаментдан бир-икки марта телефон қилиб, «келинг» дейишганида бормадим. Яна қўнғироқ қилаверишгач, «билмасангиз билиб олинг, муҳаррир туман ҳокими ўринбосари мақомида туради. Мени департамент бошлиғи чақиришга ҳақли эмас. Гапингиз бўлса ўзингиз келинг, марҳамат!» – дедим.

«Йигитлар» аламзада эди. Янги-янги найрангларни ўйлаб топишар, нима қилиб бўлса-да менинг бурнимни ерга ишқаш, тавбамга таянтириш пайида эдилар. Шундан кейин ҳам телефон қилишди: «бир келиб кетинг». Аччиғим тезлигини билишарди. Боплаб сўксам, «диктофони»га ёзиб олишса... Телефон қўнғироғи тинмагач, газетанинг навбатдаги сонига «Пишт!» деган жимитдеккина луқма ёзиб, шартта чиқарвордим (шунақа, баъзида айрим баттаринлар учун лавозимни суиистеъмол қилишга ҳам тўғри келарди). Бу билан ўзим хоҳлаб «ари уя»сига чуп суқдим.

Ана шундан кейин «тўзиб» қолишди-ку! Дам олиш куни тоққа чиққан департамент бошлиғи кайф устида оғайниларимдан бирига «гуллабди»: «дўстингизни қамоқда чиритмасам отимни бошқа қўяман!» «Ие, нега?» дебди оғайним. «Тумандаги любой ташкилот раҳбарини чақирсак, казо-казо раисларгача югуриб келади, «нима хизмат?» деб, қалтираб туради. Бу эса, чақирсак келмагани етмагандек, «Пишт» деб газетасига уриб чиқди бизни...»

Судьянинг касал қўйи

– Ҳм-м, буёғи суд, денг. Ғаройиб воқеалар давом этади...

– Жиноий ишлар бўйича Тўрақўрғон туман судида тўрт киши – мен, муовиним (бу киши таҳририятнинг эски автосини мингилари келиб ўзига ими-жимида расмийлаштириб, пулини ойма-ой тўлаб боришни хаёлларидан «фаромуш» қилган) ва яна икки ҳисобчимнинг иши кўриладиган бўлди.

«Суд на втором этаже, раис кабинетида», – деди котиба. Унинг ортидан иккинчи қаватга чиқиб, чап томондаги қабулхонага кирамиз. Котиба пештоқига «Суд раиси» деб ёзилган дермантин эшикдан кириб кетади. Ўн дақиқалар чамаси ўтгач ичкаридан чиқиб, «Киринглар», – дейди. Кирамиз...

– Суд мажлисини очиқ деб эълон қиламан, – дейди оғзини карракдек очиб эснаркан раис. – Бугундан эътиборан Поп туман ҳокимлигининг нашри «Поп тонги» газетаси таҳририятида рўй берган, вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган терговда ўз исботини топган иқтисодий жиноят ишини кўришни бошлаймиз. Бу суд мажлисимизда прокурор ўртоқ Эшондадахўжаев қатнашиши керак эди. Зарур иши чиқиб келолмади.

Адвокат Акмал Мамажонов ўрнидан туриб раисга юзланади.

– Қонун бўйича прокурор иштирокисиз суд мажлиси ўтиши мумкин эмас.

– Буни биз ҳам биламиз, – дейди ўқдек нигоҳини адвокатга тикиб раис. – Барданкўлда биттаси хотинини пичоқлаб қўйган. Прокурор ўша ёқда. Бормаса бўлмайди. Фавқулодда ҳодиса-да, нима дейсиз энди? Начора, суд мажлисини бошлаб тезда тугатмасак бўлмайди. Ишлар қалашиб ётибди. Бош қашишга вақт йўқ. Прокурор қатнашмаса садқайи сар. Янаги сафар қатнашар... Ҳозир тергов хулосалари билан сизларни ўзим таништираман. Шундай қилиб, «Поп тонги» муҳаррири, судланувчи Номозов Ортиқали бошлиқ жиноий гуруҳ уюшган ҳолда ўзаро жиноий тил бириктириб, ғаразли мақсадларда катта миқдордаги давлат маблағини талон-тарож қилган. Жумладан...

Раис рақамлар қалаштириб ташланган тергов хулосасини ҳижжалаб ўқишга киришди. Ярим соатларда тугатиб, қўлидаги қоғозларни стол устига қўйиб оромкурсига чўкаркан, қўл соатига кўз ташлаб қўйди.

– Бугунча етади, – деди у. – Эртадан сўроқ-жавобларни бошлаймиз. Суднинг биринчи мажлисини ёпиқ деб эълон қиламан...

Иккинчи куни эрталабки тўққизга белгиланган суд мажлиси ҳарқалай орадан уч соат ўтиб тушга яқин бошланди.

– Судланувчи Бурҳонов! Судга ёлғон паказание берсангиз жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортиласиз. Марҳамат, қўл қўйинг.

Бурҳонов котиба келтириб тутган ҳужжатга имзо чекди.

– Судланувчи Бурҳонов! Сизни катта миқдордаги давлат маблағини талон-тарож қилишга нима мажбур қилди?

– Ҳаммаси Номозовнинг буйруғи билан бўлган. Фирмаларга пул ўтказиб, менга пул қилиб берасан, деган. Солиқни тўламай қўявер, деган. Менга катта пул керак, Тошкентга бораман, тўй қиламан, уй қиламан, деган. Шунинг гапига кириб узоқ йиллар ҳалол-пок ишлаб, давлатнинг бир тийинига хиёнат қилмаган одам мана энди судга жавоб бериб ўтирибман. Нафси ўпқон, ўғри, муттаҳам...

– Ҳақорат қилинмасин.

– Кечирасиз. Хафа бўлиб кетганимдан... Агар дунёда адолат бўлса, тамагир, нафси ўпқон Номозовга нисбатан қонуний чора кўришингизни сўрайман.

– Сиз Номозовга пул берганмисиз?

– Жуда кўп марта берганман. Бермасам қўймасди.

– Қанча бергансиз? Қаерда, қай ҳолатда?

– Ҳозир эсимда йўқ. Ўша қўлингиздаги тергов материалида кўрсатилган сумманинг ҳаммасини берганман. Кабинетида санаб олган. Тийин-тийинигача санаб олган...

Суд раиси бош чайқаб қўйди.

– Судланувчи Номозов! Ўртоқ Бурҳоновнинг кўрсатмаларига муносабатингиз?

– Ғирт туҳмат! – дедим мен ўрнимдан туриб. – Қайтага менинг ўрнимга ўзи имзо қўйиб, банкка кафолат хати бергани, менинг рухсатимсиз бир нечта фирмага пул ўтказгани учун ишдан ҳайдаб, прокуратурага ёзиб берганман. Агар пул олганимда шундай қилармидим? Муҳтарам суд раиси, ҳисобчи Бурҳоновнинг жиноий қилмишларини исботлаш учун унинг менинг номимга ёзган «Тушунтириш хати»ни судга тақдим этаман.

Мен «Тилхат»ни суд котибасига бераман. Котиба раисга олиб бориб топширади. Раис «Тилхат»ни бурнини жийирган кўйи олиб, столнинг бир четига қўйиб қўяётганида телефони жиринглаб қолади.

– Алло, Мастура! – дейди шанғи овозда суд раиси. – Ўзингми? Яхши, телефон қилиб қолдинг. Ўзим санга чиқаман деб турувдим. Бу, ҳалиги, касал қўй тузукми?.. Нима? Дўхтир чақирдиларингми ишқилиб? Ветврачни айтаман... Келди?.. Укол қилдими?.. Ҳа, яхши. Салқинга олинглар... Кепак бор-а, кепак? Иссиқ сувда ивитиб, макка-пакка қўшиб беринглар. Дармон бўлади. Нима? Оқ ёғ ичирдик?.. Ким айтди?.. Дўхтир?.. Нима, у бўкибдими, оқ ёғ ичирасанлар?! Иштаҳаси?.. Э, очилиб кетади. Бекорларни айтибди. Худо хоҳласа, тузалиб қолади... Ҳа, бораман. Нима? Гўшт?! Кеча оборишмадими? Меҳмон?.. Хўп. Ишдаман... Ҳа, бир гап: исириқ солинглар. Кўзиккан бўлиши мумкин. Хўп, хорошо, – суд раиси гўшакни қўйиб менга юзланади:

– Шунақа денг, судланувчи Номозов?

– Қўлингиздаги ҳужжатда ҳисобчи Бурҳоновнинг неча миллион сўмни ўзлаштиргани ўз тилидан баён қилинган, – дейман мен.

– Хорошо! Суд танаффус эълон қилади ва ўз ишини тушдан кейин давом эттиради...

Ташқарига чиқамиз. Суд раиси айтган тушлик уч соатга чўзилади. Соат бешлар чамасида, ниҳоят ичкарига чақиришади.

– Суд мажлисини давом эттиради, – дейди раис. – Судланувчи Хушвақтов!

Иккинчи ҳисобчи дик этиб ўрнидан туриб соме ҳолда суд раисга мўлтираб қарайди.

– Сиз терговда берган жавобларингизга қараганда компьютер хонасида бир йилда йигирмата лампочка куйганини қайд этгансиз...

– Худди шундай!

– Гувоҳ Саломатова!

Компьютерчи қиз ўрнидан қўзғалади. Судья у билан савол-жавоб қилади.

– Судланувчи Хушвақтов. Бу қиз олиб келган лампочка пулини, яна дори-дармонга сарфлаган харажатини ойлигига қўшиб бериш керак. Қонунда бу бор. Хорошо. Шунинг билан суд мажлисини ёпиқ деб эълон қиламан. Яна давом эттирардик, лекин мен Дмитровда упалномоченнийман. Ҳозир ҳоким ўша ерда мени кутиб турибди...

Карим Баҳриев юборган адвокат

Суднинг иккинчи кунида суд раиси мени мутлақо эшитмаётгани, аниқроғи, мени эрмак қилаётгани, тақдиримни ўйинчоқ қилиб ўйнаётганини сезиб қолдим. Суд шунчаки йўлига, «ўтдими – ўтди» қабилида ўтказилаётганди. Гарчи ҳуқуқшунос бўлмасам-да, суд мажлиси бундай олиб борилмаслигини билардим.

Юқоридаги сингари баланд-паст, чучмал савол-жавоблар билан учинчи кун ҳам ўтди.

Ўша куни кечқурун Тўрақўрғондан қайтаётганимда телефоним сас берди.

– Ортиқали ака, қаердасиз? – деди нотаниш овоз. – Мен Халқаро журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти вилоят бўлимидан Муҳаммаджоновман. Билишимизча, ишингиз судда кўрилаётган экан?

– Шундоқ.

– Тошкентдагилар бундан хабар топибди. Раҳбаримиз Карим Баҳриев телефон қилиб, «Ортиқали акани тез топиб айтинг, у кишини биз ҳимоя қиламиз, Тошкентдан адвокат жўнатамиз, ҳозирги адвокатларига отвод берсинлар», деяпти.

– Мен ўйлаб кўрай, – дедим. – Натижасини сизга эртага айтаман...

Эртаси куни суд тушдан кейин бошланиши керак эди. Наманганга бордим. Адвокатим Акмал Мамажонов билан учрашдим.

– Суд бир томонлама ўтяпти, – дедим унга. – Менинг гапимга, тақдим этган далил-ҳужжатларимга қарамаяпти ҳам, эшитмаяпти ҳам...

– Кечаги қилиғини кўринг, – деди мени қувватлаб Мамажонов. – Суд пайтида телефонда гаплашиш мутлақо мумин эмас!

– Тошкентдан Халқаро журналистларни ҳимоя қилиш ташкилотидан менга адвокат юборишмоқчи.

– Яхши, – деди Мамажонов. – Бу сизнинг қонуний ҳуқуқингиз. Истаган пайтда судга отвод беришингиз, адвокатингизни ҳам бемалол алмаштиришингиз мумкин. Бу табиий ҳол.

Шу тариқа адвокат билан маслаҳатлашиб, шу ернинг ўзида суд раиси номига иккита ариза ёздим. Биринчиси – Тошкентдан Халқаро Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилотидан адвокат олаётганим муносабати билан адвокатим Акмал Мамажонов хизматидан воз кечиш. Иккинчиси – суд мажлиси қонунга хилоф равишда, бир томонлама ўтаётганлиги боис менинг жиноий ишимни кўришни бошқа судга ошириш талаби.

Адвокатим ҳар икки аризани алоҳида-алоҳида топширишимни маслаҳат берди.

Мамажонов билан Тўрақўрғонга жўнадик. Йўл-йўлакай Муҳаммаджонов олдига кириб, Карим Баҳриев таклифига рози эканлигимни айтдим...

Соат иккига чақирилган суд мажлиси соат тўртдан ўтганда бошланди.

– Суднинг навбатдаги мажлисини очиқ деб эълон қиламан, – деди суд раиси. Бугун...

– Муҳтарам раис, – дедим шу пайт. – Менинг судга аризам бор. Рухсат берсангиз, шуни топширсам.

Суд раиси ажаблангандек қаради.

– Топширинг, – деди сўнг.

Котиба аризани олиб, раисга топширди. У қўлидаги қоғозга бирров кўз югуртириш баробари эълон қилди:

– Суд маслаҳатга киради. Ўн минут танаффус.

Ташқарига чиқдик. Ўн дақиқадан кейин котиба чақирди.

– Судланувчи Номозов ўз аризасида Тошкентдан адвокат олаётгани муносабати билан амалдаги адвокати Акмал Мамажонов хизматидан воз кечишини билдирган. Суд маслаҳатлашиб, аризачининг талабини қондиришга қарор қилди.

Мамажонов қалам-даъвотини йиғиштириб хонани тарк этди.

– Суд янги адвокат келгунча танаффус...

– Муҳтарам суд раиси! – дедим мен шу пайт яна орага «от» солиб. – Рухсат берсангиз, яна битта аризам бор.

– Топширинг.

Суд яна ўн дақиқа танаффус эълон қилиб маслаҳатга кирди. Ва айтилган фурсат ўтиб чақирилдик.

– Суд қарор қилади, – деди ариза мазмуни билан таништиришни ҳам унутган раис. – Судланувчи Номозов судни чалғитишга уринганлиги учун эҳтиёт чораси ўзгартирилиб суд залидан қамоққа олинсин («кабинет»дан деса тўғрироқ бўларди).

Пайқамаган эканман. Қачон пайдо бўлишди, билмайман. Ёнимда икки милиционер худди шу қарорни кутиб турган экан. Улардан бири қўлимга кишан урди ва билагимдан тутиб хонадан олиб чиқишди... Бу қадар осон ҳибсга олинишимни кутмаган эдим, рости.

Давоми бор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг