Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нурбек Алимов

Оз нарсани қурбон қилган одам, оз нарсага эришади. Кўп нарсани хоҳлаган одам эса кўпроқ нарсадан воз кечиши кераклигини билади.

АҚШ ва Эрон ўртасида уруш бўлиши муқаррарми?

АҚШ ва Эрон ўртасида уруш бўлиши муқаррарми?

Ҳали АҚШда президентликка сайлов кампанияси бошланмасдан туриб Дональд Трамп ўша пайтдаги Президент Барак Обаманинг Эронга нисбатан муносабатини кўп танқид қиларди. У демократ президентнинг сиёсатини АҚШ манфаатларига тўғри келмайдиган «мулойим супурги» сифатида кўрар эди. Трамп, антиэрон риторикасини президентликка номзодини қўйган даврда ҳам давом эттирди, унинг асосий сайловолди дастурларидан бири «Ядровий келишув»дан чиқиш эди. Президент бўлиб сайлангач эса ўз ваъдаларини унутмади.

«Ядровий келишув» 2015 йилда бир томондан Эрон ва иккинчи тарафдан БМТнинг Хавфсизлик кенгашига аъзо мамлакатлар (АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция) томонидан имзоланган келишув шартномасидир. Бу шартномага кўра, Эрон АҚШ томонидан иқтисодий санкциялар ечилиши учун уранни бойитишдан воз кечишни ва ядровий қурол яратмасликни ўз зиммасига олган (лекин атомни «тинчлик» йўлида ишлатишга рухсат бор бўлган). 2016 йилда АҚШ эронлик бир қатор тадбиркорлар ва компаниялардан санкцияларни ечди. Аммо Дональд Трамп 2016 йил ноябрь ойида президент этиб сайлангач, расмий равишда президентликни бошлаганидан атиги бир ойгина вақт ўтиб, 2017 йилнинг февраль ойида расмий равишда, бу келишув АҚШ учун фойдасиз экани ва шунга қарамасдан эронликлар ядро қуролидан воз кечмаганликларини таъкидлади. Яна, янги АҚШ ҳукуматининг фикрича, Эрон санкциялар ечилиши ҳисобига иқтисодий аҳволини яхшилаб, олинган фойдани Ироқ, Сурия ва Ямандаги ҳарбий ҳаракатларга сарфлашга зўр берган.

Албатта, АҚШ бу фикрга ўзининг Яқин Шарқдаги ҳамкорлари, биринчи навбатда, Исроил ва Саудия Арабистонининг ёрдамисиз келганига ишониш қийин. Чунки айнан шу икки давлат минтақада Эроннинг таъсир доираси ошиб кетишидан ҳайиқади. Ҳар қандай келишувлардан чиқишни севувчи, Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон ҳам бу масалада кам роль ўйнагани йўқ, албатта. Бу сабабларнинг ҳаммаси Эронга қарши санкцияларни қайта бошлашга туртки бўлди. Шундай қилиб, 2018 йилнинг августида Дональд Трамп АҚШнинг «Ядровий келишувдан» бир томонлама чиқиш ва санкцияларни қайта қўллашнинг биринчи босқичини бошлаш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Санкцияларни тўлиқ шаклда тикловчи иккинчи босқич эса ноябрь ойидан ишлай бошлади. Айнан ўша даврдан бошлаб Эрон халқаро банклараро тизим — SWIFT дан узиб қўйилди.

«Ядровий келишув»дан чиққан Трамп Эронга қарши санкцияларни қайта бошлаш меморандумига имзо қўйди.

Мисол учун, Трамп администрацияси санкцияларни қўллашни 2018 йил давомида Обама давригача бўлган ҳолатга қайтарган бўлса, 2019 йилдан воқеалар янада шиддатли тус ола бошлади:

2019 йил 8 апрелда биринчи марта бир давлатнинг расмий ташкилоти террористик ташкилот, деб тан олинди. АҚШ Эроннинг расмий қуролли кучлари сафига кирувчи Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини террористик ташкилот дея атай бошлади. 15 апрелда эса биринчи марта БААдаги «Дафра» авиабазасига АҚШнинг бешинчи авлод «F-35A» қирувчи самолётлари олиб келинди.

F-35A қирувчиси БАА даги «Дафра» авиабазасига қўнмоқда

Қўмондонлик томонидан бу самолётлар халқаро коалициянинг операцияларини қўллаб-қувватлашда ишлатилиши иддао қилинди. 12 майда БААнинг Фужайра шаҳри портида 4 та нефть танкери зарар кўрди. Қурбонлар ва нефтнинг денгизга оқиб кетиши олди олинган бўлса-да, БАА расмийлари буни диверсия деб аташди ва суриштирув ишларини бошлашди. Аммо қўшни Саудия Арабистони бу диверсияда тўғридан-тўғри Эронни айблаб чиқди. Бир неча кундан кейин эса яна бир диверсиядан Саудия қироллигининг ўзи зарар кўрди. Яманнинг «Ансор Аллоҳ» гуруҳи жангарилари учувчисиз ҳаракатланувчи дрон ёрдамида Саудия ҳудудидаги «Арамко» компаниясига тегишли иккита нефть бурғулаш станциясини портлатиб юборди (ушбу диверсияларни расмий Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам қоралаб, бундан ташвишда экани ва бундай ҳаракатларга бундан кейин йўл қўймасликка чақириб баёнот билан чиқди).

АҚШ 15 майда Бағдод ва Арбил (Ироқ ва Ироқ Курдистони)дан фавқулодда ишлар билан шуғулланмаётган ўз дипломатларини чақиртириб олди. Ўз фуқароларига ҳам Ироқ ҳудудини тезроқ тарк этиш ва мамлакатдаги АҚШ муассасаларига бормасликни маслаҳат берди. 19 май куни номаълум шахслар Бағдоднинг чет эллик дипломатлар ишлайдиган ва яшайдиган «Яшил ҳудуд» деб номланган қисмига «Град» реактив снарядларини ёғдиришди. Бу ҳужум Бағдоднинг шарқий қисмидан, яъни Эрон қўллаб-қувватлаши иддао қилинадиган кучлар томонидан амалга оширилгани айтилди. Ҳужум оқибатида ҳеч ким талафот кўрмади.

Десант режаси
Ушбу воқеалар билан параллель равишда АҚШнинг номдор «The New York Times» газетаси, ўз манбаларига асосланган ҳолда, АҚШ мудофа вазири Патрик Шанахан мажлисларнинг бирида Эронни ҳарбий йўл билан ушлаб туриш учун Яқин Шарққа 120 минг кишилик АҚШ ҳарбий контингентини юбориш бўйича ўз режасини тақдим қилгани ҳақидаги хабарни эълон қилди. Лекин бу ерда гап Эронга бостириб кириш ҳақида кетгани йўқ. Чунки бундай операцияга янада кўпроқ контингент зарур бўлар эди.

Араблар vs Эрон
Форс кўрфазидаги Араб монархлари Эрон билан анчадан бери зиддиятларга бориб келишган. Ҳудудий қўшни бўлмиш Эрон уларга бир қатор сабаблар туфайли ёқмайди. Бунга сиёсий, иқтисодий ва албатта диний сабаблар мавжуд. Арабистон яриморолининг шарқий қисмида яшовчи шиа мазҳабига мансуб аҳолининг Эронга симпатия билдириши ва тез-тез қўзғолонлар келтириб чиқариши ҳам асосий факторлардан ҳисобланади. Шиалар қўзғолонлари, масалан, 2012 ва 2016 йилларда Баҳрайнда рўй берган.

Саудия Арабистонининг шарқида эса қўзғолонлардан ташқари, расмий Ар-Риёднинг қуролли кучларига қарши террористик ҳужумлар ҳам бўлиб туради. Шу воқеаларнинг барчасида саудлар «Теҳроннинг қўли»ни кўришади. Арабистон яримороли жанубидаги Яманда ҳам вазият тинч эмас. «Ансор Аллоҳ» шиалар гуруҳи Эроннинг фаол қўллаб-қувватлаши ёрдамида нафақат ўз фуқароларига, балки Яманга бостириб кирган Саудия ва БАА араб коалициясидан ташкил топган қуролли кучларга қарши жангларда ҳам мана 4 йилдирки иштирок этмоқда. Ушбу жараёнда Эроннинг кучсизлашуви кўрфаздаги араб коалициясига жуда фойдали кўринади. Чунки Арабистон яриморолидаги мазҳабдошларига Эрон анча миқдорда молиявий ва ҳарбий ёрдам бериб келади.

Эроннинг Суриядаги ҳаракатлари ҳам унутилгани йўқ, албатта. Эрон томонидан молиялаштирилган жангарилар Сурияда Саудия, БАА ва Қатар томонидан молиялаштирилаётган сунний жангариларига қарши курашиб келмоқда. Хусусан, сунний жангарилар деярли ҳарбий мағлубиятга учраб бўлди ва Суриянинг шимоли-ғарбий қисмидаги Идлиб шаҳрида қамалда қолди. Бу эса ўз навбатида Араб коалицияси обрўсига ва молиявий ҳолатига келган катта зарар, дегани.

Исроил vs Эрон
Эроннинг ҳудуддаги яна бир катта рақиби, бу албатта, Исроил. Эрон ва Исроил муносабатлари 1979 йилда Эронда содир бўлган Ислом инқилобидан кейин узил-кесил зиддиятли тарафга юз бурган. Қарама-қаршиликнинг ёрқин эпизодларидан бири 1982 йилдаги Биринчи Ливан уруши даврида рўй берган. Айнан ўша пайтда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ёрдамида Исроилга чегарадош Ливанда эронпараст шиалардан ташкил топган «Ҳизбуллоҳ» партияси вужудга келган. Натижада Исроил «кичкина шайтон» деб номлана бошланган («катта шайтон» деб эса АҚШ назарда тутилган). Оятуллоҳ Хомайний манифестацияларида эса «Америкага ўлим» шиоридан ташқари «Исроилга ўлим» шиорлари ҳам кенг тарқалган.

Эрондаги Исроилга қарши намойиш. 2013 йил.

Эрон давлат сифатида тан олмайдиган Исроилни Эроннинг Форс кўрфазидаги, хусусан, Ливан ва Суриядаги таъсир доираси жуда безовта қилади. Исроил тез-тез Суриядаги Эрон ҳарбий объектларига ва «Ҳизбуллоҳ»нинг коммуникация тизимларига қарши ракета зарбалари уюштириб туради. Яна бир фактни кўздан қочирмаслик керак, расмий Теҳрон (Араб коалицияси ҳам) Ғазо секторида жойлашган ва Исроил ҳудудига ракета ҳужумлари амалга ошириб турувчи «Ҳамас» радикал ҳаракатини ҳам молиявий қўллаб туради. Араблар билан Исроилнинг муносабатлари жуда секин бўлса-да, лекин ўз изига тушиб бораётган ва ҳатто истиқболда «Фаластин муаммоси»нинг ечими ҳам бор ҳолат бўлса-да, аммо Эрон билан бундай музокаралар ўтказишнинг умуман иложи йўқ.

Санкциялар оқибатида Эрон миллий пул бирлигининг қадри тушиб кетиши фонида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати молиявий қийинчиликларни бошдан ўтказмоқда. Эрон ўз саттелитларини молиялашда қийинчиликка дуч келиши Исроил томонидан илиқ кутиб олинади ва бу ёрдамлар умуман тўхтаганида мутлақо эркин нафас олиши мумкин.

Энг қизиғи, Эроннинг кучсизланишидан ҳатто унинг стратегик ҳамкори бўлган Россия ҳам фойда олиши мумкин. Масалан, Саудия ва Қатар Суриянинг кейинги тақдири бўйича Эронни четлаб ўтиб, айнан Россия билан музокаралар ўтказиши мумкин. Ундан ташқари Россия бу давлатлар билан йирик инвистицион лойиҳаларда иштирок этмоқда (Қатар Роснефть компаниясининг 3 та йирик акциядорларидан бири, масалан). Бундан ташқари, кўрфаз амирлари Сурияни 2012 йилда чиқариб юборилган Араб давлатлари лигаси таркибига қайта қўшишлари мумкин. Бу вазиятда араб давлатлари Эрон факторини йўққа чиқариш учун бўлса-да, Сурия масаласида Россия билан ҳамкорлик қилиши мумкин.

Исроилни ҳам шу фикрда, деб билсак бўлади. Чунки бош вазир Беньямин Нетаняҳу ҳатто Исроил аралашуви туфайли Сурияда Россиянинг «ИЛ-20» самолёти уриб туширилган бўлса-да, сўнгги пайтларда Москвага серқатнов бўлиб қолганини кузатиш мумкин. Ундан ташқари тарихан Исроил ва Россиянинг маданий ва сиёсий алоқалари Эронга нисбатан анча чуқур илдиз отган. Аммо бўлажак ишлар ҳақида улар ўртасидаги музокаралар фақатгина Идлибдаги террористик анклавнинг буткул йўқ қилинишидан кейингина рўй бериши мумкин.

АҚШ нима қилмоқчи?
5 май куни «Авраам Линкольн» авиаташувчиси бошчилигидаги АҚШ ҳарбий кемаларидан иборат гуруҳ Форс кўрфази томон йўлга чиқди ва 17 май куни кўрфаз сувларига кириб борди. Бундай катта гуруҳларнинг ҳаракати қийин кечишига қарамасдан, ҳозирда кўрфаз сувларида АҚШ ҳарбий кемалари учраб турибди. Эрон ҳарбий кемалари эса айнан шу сувларда «Буюк пайғамбар» деб номланган ўқув-тактик машғулотларни ўтказмоқда. Юқорида айтиб ўтилган воқеалардан келиб чиқадиган бўлсак, ушбу ҳудудда АҚШ ҳарбий-денгиз қўшинларининг учраши хавотирларга асос бўлиши мумкин.

Айнан шунинг учун Эрон қуролли кучлари хаво ҳужумларига қарши мудофаа тизимини кучайтиришни бошлади. Дипломатик фронтда ҳам вазият нотинч. Эрон ҳукумати, АҚШ билан уруш остонасида туришига қарамасдан, жанжални хоҳламаслиги, лекин муносиб жавоб беришга тайёр эканлигини билдириб ўтди. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳар доимгидай твиттердаги микроблогида агар Эрон АҚШга қарши агрессия уюштирадиган бўлса, Эрон «расмий равишда тугатилиши» ҳақида пўписалар қилмоқда.

АҚШ, ташқи кучлардан ташқари, Эронга нисбатан мамлакатда мавжуд сепаратизмдан фойдаланиб, ички зарба бериши ҳам мумкин. Эроннинг жануби-ғарбий қисмида истиқомат қилувчи арабларни (80 миллионлик Эрон аҳолисининг 2 фоизини ташкил қилишади), жануби-шарқий қисмидаги балужларни (2 фоиз) ва шимоли-ғарбий қисмидаги курдларни (10 фоиз) унутмаслик керак. Уларнинг ичида сепаратик кайфият жуда кучли.

Форсларнинг ўзида ҳам исён кайфияти кучайиб бормоқда, миллий валюта қадрсизланиши ва бир қатор товарлар дефицити 2017 йил охирида халқ ичида оммавий норозиликларга сабаб бўлганди. Агар кейин ҳам янги санкциялар туфайли иқтисодий аҳвол ёмонлашиб бораверса, оятуллолар сиёсий режимидан норозилар оқими кўпайиб бораверади. Халқ норозиликларининг яна бир сабаби, Эроннинг Сурия ва Ироқдаги ҳар хил гуруҳларни молиявий қўллаб-қувватлаётгани ҳамдир. Оммавий намойишларда фуқаролар ушбу пулларни қўшни давлатлардаги тушунарсиз арабларга эмас, Эроннинг ўзида аҳоли турмуш тарзини яхшилашга сарфланишини талаб қилишмоқда.

Техрон университети талабалари намойиши. 2017 йил.

Трамп маъмуриятидагилар АҚШни Эронга қарши урушга жалб қилишга анчадан бери ҳаракат қилишмоқда. Бу нимага олиб келишини тахмин қилиш қийин эмас: Эрон инфратузилмасининг вайрон бўлиши, нефт нархининг кўтарилиши, миллионлаб қочоқлар, Арабистон яриморолидаги шиаларнинг арабларга қарши катта масштабдаги жанглари ва албатта АҚШ ва унинг иттифоқдошлари янги ҳарбий шартномаларга эга бўлиши.

Бироқ ҳамма қарталарни 2020 йилда бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайлови чалкаштириб юбориши мумкин. Агар Трамп иккинчи муддатга сайлана олмаса ва янги ҳукумат Эрон билан мулоқот йўлини танласа (Обама давридагидек) унда АҚШ яна бир бор муқим бўлмаган ташқи сиёсати учун танқид остига олиниши, Эрон эса минимум яна 4 йил нафас ростлаши мумкин. Аммо Трамп Исроил ва Араб коалицияси томонидан қўллаб-қувватланаётгани, Америка ҳарбий саноат комплекси лоббистлари кучлилиги ва Трампнинг АҚШ ичида рейтинги баландлигини ҳисобга олсак, унинг иккинчи муддатга ҳам президент этиб сайланиш имконияти юқори баҳоланиши мумкин. Агар Трамп жамоасида «раис»нинг кейинги сайловларда ютишига ишонч бўлса, унда Эрон билан ҳарбий тўқнашув 2021 йилга қолдирилиши мумкин. Лекин форс-мажор ҳолатлари воқеалар ривожи таҳлилга мос тушишига тўсқинлик қилиб, биз кутмаган ишлар бўлиб кетиши ҳам мумкин.

Келтирилган фактлар манбалари:
«CNN»
«Al-Jazeera»
«Directorat4»
«The New York Times»
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги
«Cbsnews»
«EaDaily»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг