12-рақамли поезд йўловчиси: Лев Толстойнинг сўнгги кунлари
1910 йилнинг 20 ноябр куни рус халқининг буюк ёзувчиларидан бири Лев Толстой умрининг сўнгги ҳафтасини яшаган Астапово темир йўл бекати ёнидаги уйда вафот этган.
Толстойнинг сўнгги кунлари кўпчилик учун ҳозиргача тушунарсиз ҳолат бўлиб қолмоқда. Темир йўл бекати бошлиғининг уйида ётган хаста ёзувчи ҳақида бутун дунё хабар топди ва бу ерга оқиб кела бошладилар. Лекин айни шу куни дунё буюк ёзувчисидан жудо бўлганди...
Толстой нега уйидан қочиб кетди?
1910 йил 28 октябр куни уйқусини тополмаган Лев Николаевич шахсий докторини уйғотиб, Ясная Поляна қишлоғидан бутунлай кетмоқчи эканини айтади. Нимага? У нимадан қочмоқчи бўлган? Нимани хоҳлаган? Мазкур саволларга ҳозиргача жавоб йўқ. Лекин бир неча талқинлар бор.
Уйдан чиқиб кетиш олдидан Толстой рафиқасига бир парча мактуб ёзиб қолдиради: «Сени тарк этишим кўнглингни хира қилади. Бундан афсусдаман, лекин тушун ва ишон, мен бошқача йўл тутолмайман. Уйда қолишим аҳволимни оғирлаштирмоқда, оғирлаштирди... Илтимос, тўғри тушун ва қаердалигимни билганингда ҳам ортимдан борма...»
Толстой жуда шошилинч сафарга отланади. Йўлда унга шахсий шифокори Маковицкий ҳамроҳ бўлади. Аввалига улар Оптинадаги аёллар ибодатхонасида роҳиба синглиси Марияникига киришади. У ерда Толстой қизи Александра билан учрашади. Кейин ҳаммаси бирга Ростов-Донга борадиган поездга ўтиришади.
Ёзувчи жанубдаги бирор деҳқон танишларининг олдига жўнашни режа қилади. Аммо улар кўзланган манзилга етолмайдилар, чунки Толстой қаттиқ шамоллаб қолади. Шифокор унинг аҳволини тушунгач, сафар шу ерда якунига етганини англайди ва Астапово бекатида доктор, қизи ва қизининг дугонаси ҳамроҳлигида Толстой поезддан тушади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ёзувчи анча ҳолсизланган бўлиб, уни қўлларидан тутиб олишганди. Уларга бекат бошлиғи Иван Озолин пешвоз чиқади.
«Озолин озғин ва беҳол ёзувчини қийинчилик билан танийди, — дейди Лев Толстой номидаги «Астапово»ёдгорлик музейи раҳбари Раиса Крилова. — У Толстойни темир йўл бекати ёнидаги ўз уйига олиб киради. Лев Николаевич курсига ўтиради, муздек ўринга ётишни истамайди. Темир йўл бекати шифокори кириб, ўз дафтарига бир нималарни узоқ қоралайди ва «лавозими» деган жойига келганда ёзишдан тўхтайди. Шунда Толстой: «Шунчаки «12-рақамли поезд йўловчиси», деб ёзинг. Биз ҳаммамиз йўловчимиз, фақат кимдир чиқади, мен эса тушяпман», дейди».
Бекат бошлиғининг уйида Толстой ўзининг сўнгги етти кунини ўтказади. Озолин ёзувчи учун қўлидан келган барча шароитларни яратиб беради. Астаповога мамлакатнинг турли бурчакларидан одамлар кела бошлайди: корчалонлар, жандармлар, мухбирлар. Уларнинг барчаси хаста ёзувчининг аҳволини билишни истарди. Уй атрофида суткалик навбатчилик ташкил қилинади. Қариндошлар, дўстлар ва шифокорлар Толстойнинг соғайиб кетиши учун ёрдамларини аямадилар.
Шунингдек, унинг турмуш ўртоғи Софья Андреевна ҳам тўрт нафар фарзанди билан етиб келади. Лекин рафиқасига ёзувчининг олдига киришга изн беришмайди, бу унинг аҳволини баттар оғирлаштириши мумкинлигини айтишади.
«Ана шу кунларда Софья вагон ва уй орасида ўзини қўярга жой тополмайди: деразадан ичкарига қараб, бемор эрининг олдига кириш учун жуда қаттиқ уринади, — дея сўзлайди Раиса Николаевна. — Уни ниҳоят 7 ноябр (янги сана билан 20 ноябр) куни эрталаб соат бешда ичкарига киритишади. Бу пайтда Толстой ҳушини йўқотган эди. Бир соат вақт мобайнида Софья Андреевна турмуш ўртоғининг ёнида бўлади, йиғлаб, кечирим сўрайди, аммо ёзувчи эшитган-эшитмаганини ҳеч ким билмайди. Соат 6:05да унинг юраги уришдан тўхтади».
«Толстойнинг вафотидан сўнг Озолин ушбу уйда яна икки йил яшайди, бироқ ёзувчининг ўлимини юрагига жуда яқин олгани учун ўзи ҳам оғир бетоб бўлиб қолади ва оиласи билан ўзи туғилган ватани Саратовга кетиб, тез орада вафот этади», хотирлайди Раиса Николаевна.
Ёзувчи билан видолашиш учун Астапово бекати ёнидаги уйнинг олдига бир дунё оломон йиғилади. Сўнг унинг жасадини вагонга ортишади ва Толстой васият қилганидек, Ясная Полянага олиб кетишади. Ёзувчи ётган хона қандай бўлса, шундайлигича қолади. Озолин ташриф буюрганларга фақатгина томоша қилишни, ҳеч нарсага тегмасликни айтади. Балки шу тариқа Лев Толстой ёдгорлик уй-музейига асос солингандир.
1918 йили маҳаллий аҳолининг илтимосига кўра, Астапово бекатига Лев Толстой номи берилади. 1946 йилгача ўша уйда одамлар яшайди, кейин эса уни музейга айлантиришади.
«Бу ерда Лев Толстой вафот этган»
Ҳозирда мазкур уй-музейда еттита зал ва битта ёдгорлик хонаси мавжуд. Хонада бир аср олдинги ҳолат шундайлигича қолдирилган: тор темир кроват, Толстой қишлоғидан ўзи билан бирга олиб келган кулранг ёпинчиқ, парда, яшил чироқ ва дорилар турган столча. Кроват ёнидаги девор бурчагига ёзувчининг оқ-қора сурати туширилган.
«Бир йўловчи у билан хайрлашгани келганида шам нури деворга соя солганини ва ёзувчининг қиёфаси гавдаланганини кўради. Сўнг кўмирни олиб, портретини чизади», дея изоҳлайди Раиса Николаевна.
Музей хоналарида ҳужжатларнинг асли, ёзувчи ва унинг қариндошларининг оқ-қора фотосуратлари, газета қийқимлари ва телеграммалар сақланади. Хонага кираверишда эса темир пештахта осилган бўлиб, унга «Бу ерда Лев Николаевич Толстой вафот этган» сўзлари битилган. Ёзувчининг вафотидан кейин темирйўлчилар дарҳол шу пештахтани ясаган эдилар. Қўшни залда Толстой ўзи билан бирга олиб келган кийимлар бор: кулранг кўйлак, туя юнгидан тикилган оқ нимча, Софья Андреевна ёзувчи исм-шарифларининг бош ҳарфларини ёзиб тўқиган қалпоқ ва пайпоқ. Бу ердаги деворларнинг бири Толстой сўнгги сафарга чиққан вагон қиёфасига айлантирилган.
Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, «бўйи баравар китоб ёзган» буюк рус ёзувчиси Лев Толстой ана шундай оғир кунларни ҳам бошидан ўтказган. Лекин унинг маънавий мероси ҳозирги ва кейинги авлодларга-да етарлича манба бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter