1972 йилда учирилган «Космос-482»нинг Ўзбекистон ҳудудига қулаши эҳтимоли баҳоланди

Бир муддат олдин бундан 53 йил олдин «Венера-8» миссияси доирасида учирилган «Космос-482» сайёралараро космик аппаратнинг ерга қулаши билан боғлиқ хабар берилган эди.
Бир қатор манбалар унинг геолокацияси Осиё ёки Марказий Осиё давлатлари ҳудудига тўғри келиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Uzcosmos агентлиги мутахассиси мазкур космик аппаратнинг Ўзбекистонга қулаши эҳтимолини таҳлил қилди.
Агентлик бўлим бошлиғи Аҳрор Агзамовнинг маълум қилишича, ҳақиқатдан 1972 йил 31 март санасида Собиқ Совет Иттифоқининг «Венера» дастури бўйича «Космос-482» сайёралараро космик аппарати фазога учирилган. Бироқ ракета-ташувчининг якуний босқичи муваффақиятсиз ишлаши оқибатида у Ер орбитасида қолиб кетган.
Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, аппаратнинг ерга қулаши 9-11 май кунларига тўғри келиши мумкин.
«Космос-482»нинг аниқ қаерга қулашини айтиш бироз мушкул. Унинг Ўзбекистон ҳудудига тушишининг эҳтимоли эса ҳозирча 0,3-0,5 фоиз оралиғида баҳоланмоқда.
Аппаратнинг катта қисми атмосферага кириши билан ёниб кетса-да, Венеранинг оғир шароитларида қўниш ва ишлаш учун мўлжалланган ярим тоннага (500 кг) яқин массали титан шари алоҳида хавф туғдиради. Бу компонент ер атмосферасига киришда омон қолади ва бутунлай қулаб тушади. Парашют борлигига қарамай, коинотда 53 йил бўлганидан кейин у ишламаслиги мумкин. Ерга урилиш тезлиги эса соатига 500 км. гача етиши кутилмоқда», – дейди Аҳрор Агзамов.
Қайд этилишича, бўлаклар топилган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан расмийларга хабар бериш ва ҳеч қандай ҳолатда аппарат қолдиқлари билан алоқада бўлмаслик тавсия этилади, чунки улар таркибида хавфли кимёвий моддалар бўлиши мумкин.
Маълумот учун, собиқ Тошкент машинасозлик конструкторлик бюроси мазкур «Венера» дастурининг сўнгги босқичларида муносиб иштирок этган. У «Венера-13 ва 14» (1982) ва «Вега-1 ва 2» (1985) аппаратлари учун грунт олиш ва бурғилаш қурилмаларини лойиҳалаштирган ҳамда ишлаб чиқарган. Уларни синовдан ўтказиш эса Тошкент вилоятидаги Невич қишлоғида жойлашган синов марказида амалга оширилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter