Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қашқадарёда АКТ хизматлари ҳажми 120 фоизга ўсгани қайд этилди

Қашқадарёда АКТ хизматлари ҳажми 120 фоизга ўсгани қайд этилди

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

АКТ вазири Шерзод Шерматов Қашқадарё вилоятига хизмат сафари доирасида вилоятда АКТ соҳасини ривожлантиришга қаратилган ишлар билан танишди.

Президент ҳузурида 2022 йил 14 апрел куни ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда соҳада 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳа ва ҳудудлар раҳбарларига қатор топшириқлар берди.

Йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси доирасида, шунингдек, ташкилот ва корхоналар фаолиятини ўрганиш мақсадида «Ўзбекистон почтаси» АЖ Қашқадарё филиалида вазир иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вазирлик тасарруфидаги ташкилотлар, корхоналар ва мобил алоқа операторларининг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда АКТ соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли режалар муҳокама қилинди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбарияти вилоятда АКТ соҳасини ривожлантириш бўйича молиявий кўрсаткичларни эълон қилди. Унга кўра, 2021 йил якуни бўйича АКТ хизматлари ҳажми ўтган йилга нисбатан 120 фоизга ўсган ҳолда 599,1 миллиард сўмни ташкил этган. Жорий йилда бу кўрсаткични 776,7 миллиард сўмга етказиш режалаштирилмоқда.

Вилоятда телекоммуникация соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам маълумотлар берилди. Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш доирасида 3,4 минг километрлик оптик толали линиялар қурилди ва шу тариқа уларнинг умумий узунлиги 8,2 минг километрга етган. 64 000 дан ортиқ кенг полосали портлар ўрнатилди, уларнинг умумий сони 150 000 дан ошди.

Мобил алоқа қамровини кенгайтириш ва сифатини ошириш мақсадида 2021 йил давомида 124 та янги база станциялари ўрнатилди, 207 та мавжуд станциялар модернизация қилинди. Натижада аҳоли пунктларининг мобил алоқа билан қамраб олиниши 97 фоизга, кенг полосали мобил интернет билан 90 фоизга етди. Аҳоли пунктларини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси юз фоизга етди.

Вилоятда почта соҳасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилди. Қашқадарё вилоятида аҳолига давлат, банк ва суғурта хизматларини кўрсатувчи 183 почта бўлими фаолият кўрсатмоқда. «Гибрид почта» хизматлари аҳоли орасида кенг тарқалмоқда: бугунги кунда ундан 50 дан ортиқ ташкилот фойдаланмоқда.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Unisavdo» миллий савдо платформаси ишга туширилди. Айни пайтда мазкур савдо майдончаси орқали 51 та ҳудудий тадбиркорнинг 1 минг 250 турдаги маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Почта обектларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди: уларнинг барчаси тўлиқ компютерлаштирилган, юк машиналари, электроскутерлар, кўп функцияли мобил қурилмалар билан жиҳозланган.

Шу билан бирга, вилоятда IT-таълимни ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Президентнинг бешта ташаббусининг учинчи йўналиши доирасида 2021 йил якунига қадар вилоятнинг барча 15 та туман ва шаҳарларида Рақамли технологиялар бўйича ўқув марказлари ташкил этилди. Бугунги кунга қадар уларни 4 минг 705 нафар ёшлар битириб, курсларни муваффақиятли тамомлаганлиги тўғрисида сертификатлар олди. Шунингдек, умумтаълим мактабларида 1024 га яқин ахборот технологиялари тўгараги ташкил этилиб, уларда 26 мингдан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси ёшлар орасида тобора кенгайиб бормоқда. Айни пайтда лойиҳа доирасида 203 мингдан ортиқ талаба таҳсил олган бўлса, улардан 73,6 минг нафардан ортиғи курсларни муваффақиятли тамомлаганлиги тўғрисида сертификатга эга бўлган.

Бугунги кунда вилоятда АКТ соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қаторида IT-тадбиркорлик, жумладан, BPO хизматларини кўрсатиш орқали ИТ-маҳсулотлар ва хизматлар экспортини кўпайтириш мақсад қилинган. Бу вилоятда ёшлар бандлигини янада ошириш, уларни юқори маошли иш билан таъминлаш имконини беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг