Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Араб оламидаги энг яхши университет номи маълум қилинди

Араб оламидаги энг яхши университет номи маълум қилинди

Подшоҳ Абдулазиз университети (Саудия Арабистони) халқаро QS  рейтингига кўра араб оламидаги энг пешқадам олий таълим муассасаси деб топилди. Буюк Британиянинг Quacquarelli Symonds ширкати томонидан юритиладиган рейтинг илмий тадқиқотлар, академик нуфуз, халқаро изланишлар тармоғи, чет эллик ўқитувчи ва талабаларни жалб этиш каби мезонларга кўра тузилади. 

Араб дунёсининг етакчи олий таълим даргоҳлари рейтингида кейин ўринларни Қатар университети (Доҳа), Подшоҳ Фаҳд номидаги Нефть ва минерал ресурслар университети (Даҳрам), Подшоҳ Сауд университети (Риёз) ҳамда Байрутдаги Америка университети эгаллаган.

Подшоҳ Абдулазиз университети кетма-кет тўртинчи бор минтақадаги биринчи олий таълим муассаси деб тан олинмоқда. Университет расмий вакили, доктор Мусъаб ал-Ҳарбий Саудия Арабистонининг «Нигоҳ–2030» стратегияси доирасида таълим сифатини оширишга ҳам катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаган.

Подшоҳ Абдулазиз университети 1967 йилда Жидда шаҳрида хусусий олий таълим маскани сифатида ташкил этилган. 1974 йилда Саудия подшоҳи фармони билан давлат университетига айлантирилган. Муҳандислик, табиий фанлар, математика, кимё, тиббиёт, информатика, ижтимоий фанлар ва  менежмент каби йўналишларда малакали кадр тайёрлаши билан тилга тушган университетда 80 мингдан зиёд талаба таҳсил олади.

Эътиборга молик жиҳати, Подшоҳ Абдулазиз университети билан Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг жорий йил август ойида ушбу университетга ташрифи давомида икки давлат олимлари ҳамкорлигида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, тадқиқотчиларни юбориш ва ўзаро тажриба алмашишга келишилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг