Автомобиль олиб қочгани айтилган судья юзасидан қўшимча маълумот берилди

Бир муддат олдин ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьясининг автомобиль олиб қочгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Жорий йилнинг 21 апрелида Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, Судьялар одоби кодекси талабларидан келиб чиққан ҳолда юқоридаги ҳолатда гумон қилинаётган судьянинг хизматдан ташқари вақтдаги хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайнланганини билдирган.
Хизмат текшируви хулосасига кўра эса ҳолат Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатида муҳокама қилиниб, қабул қилинган қарорга кўра, судья ёзма аризаси ва Судьялар одоби кодекси талаблари бузгани асослари билан лавозимидан озод қилинган ҳамда судьялик ваколати муддатидан илгари тугатилган.
Ўз навбатида, воқеа содир бўлган кечада «қаҳрамон» билан яна икки нафар ҳамкасби бўлгани, аммо улар кечки овқатдан сўнг алоҳида кетишгани маълум бўлди.
Расмий муносабатда айтилишича, айни жараёнда ушбу иш бўйича бошқа судьяларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам ўрганилиб, хизмат текширувининг уларга оид қисми кўриб чиқиш учун тегишли суд судьялари малака ҳайъатига тақдим этилган.
«Ҳали якунига етмаган мазкур ҳолат бўйича ижтимоий тармоқларда сиздирилаётган турли мазмундаги хабарларга жавобан эслатиладики, «Судлар тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунларга кўра, Кенгаш судьяларга нисбатан тўғридан тўғри интизомий чора қўллаш ваколатига эга эмас.
Бундай масала тегишли малака ҳайъатлари ваколатига доир бўлиб, Судьялар олий кенгаши томонидан уларнинг (малака ҳайъатларининг) қарорларига нисбатан берилган шикоятлар кўриб чиқилади», – дейилади Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати муносабатида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter