Аёз-қалъа. Бир умрлик таассуротлар макони

Аёз-қалъани бир марта бориб кўрган одам у ерга яна қайтишни орзу қилиб яшайди. Ростмана романтика — чўл ўртасидан кесиб ўтган йўлдан бораркансиз, узоқдан қалъа харобалари кўзга ташланади. Ўзингизни худди ўрта асрлардагидек ҳис қиласиз.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Қорақалпоғистонга ташкил этилган инфотур доирасида яна бир марта Аёз-қалъага келиш насиб этди. Таассуротлар бир олам.
Ривоят қилишларича, қадимда Хоразм подшоҳларидан бири душманларнинг босқинига қарши давлатининг чегарасида катта қалъа қуришга қарор қилади. У: «Кимки душман кира олмайдиган катта қалъа қурса, унга гўзал қизимни бераман», деб эълон қилган. Шу ўлкада яшайдиган Аёз исмли чўпон ушбу маъсулиятни ўз бўйнига олишга қарор қилади ва қалъа қурилишини бошлайди. Йигит қурилишга қанча вақт сарфлагани номаълум, аммо подшоҳ ўз сўзида турмайди ва қизини бошқа одамга турмушга берди. Қалъа қурилиши эса якунига етмай қолади.
Бу ерда афсона ҳақиқат билан юзлашади.
Аёз-қалъа Қорақалпоғистоннинг энг хушманзара ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Минг йиллар олдин бу ерда — Султон Увайс тоғ тизмасининг шарқий томонида жойлашган тепаликда бир эмас, учта қалъа мавжуд бўлган.
Аёз қалъа-1 шаҳарчаси ёки «шамол остидаги қалъа» тепаликнинг ўзида жойлашган бўлиб, Қизилқум чўли четидаги мустаҳкам қалъа ҳисобланади, ўз вақтида кўчманчилар босқинига қарши мудофаа вазифасини ўтаган.
Ёдгорликнинг ўзи тўғри тўртбурчак шаклга эга бўлиб, унинг 10 м. баландликка эга деворлари хом ғиштдан қурилган. Ҳозиргача, деворларда миноралар, камончиларга осон ҳаракатланиш имконини берадиган икки қаватли галереялар ва бир биридан тенг масофада жойлашган туйнукларни кўриш мумкин. Жанубий деворда жойлашган қалъа дарвозаси, шарқий деворга ўтиш имконини берувчи тўртбурчак иншоот билан ҳимояланган бўлиб, иккита тўртбурчак миноралар билан мустаҳкамланган.
Бинонинг шимолий дарвозасида Қадимий Хоразм тилида, арамей ёзувида бир қаторда уч дона ёзув ва унинг тепасида қурилиш бошлиғи-устага тегишли тамға белгиси топилган.
Аёз қалъа-2 шаҳарчаси тахминан милодий VII аср охири ва VIII аср бошларида Африғий сулоласи ҳукмронлиги даврида қурилган деб тахмин қилинади. Қалъа мураккаб тузилишга эга. Пастга олиб борадиган қия йўлак, қачонлардир қалъа дарвозасини тепаликда жойлашган катта ҳашаматли қаср билан боғлаган.
Ушбу қаср Ўрта аср даврида бутун Марказий Осиё бўйича энг чиройли қаср сифатида қайд этилган. Унда устунли катта заллар, нафис ўриндиқлар, маросимлар майдончаси, деворий тасвирлар ва оташпарастлар ибодатхонаси мавжуд бўлган. Бу ерда Африғийлар сулоласига тегишли Хоразм шоҳларининг, хусусан шоҳ Бравикнинг тангалари топилган. Сарой тахминан милодий IV асрда қурилган ва кейинчалик иккита кетма-кет ёнғин натижасида бузилиб кетган.
Аёз қалъа-3 шаҳарчаси (мил.ав. IV-III асрлар) параллелограм шаклида қурилган йирик, мустаҳкам иншоот бўлиб, ён томондан икки қаватли девор ва кўплаб миноралар билан ўраб олинган. Миноралар тўртбурчак шаклда қурилган. Қалъага кириш жанубий томоннинг ўртасида бўлиб, мураккаб дарвоза — олди лабиринтни ҳосил қилган қайрилма деворлар билан мудофаланган.
Қалъанинг ҳовлиси бутунлай бўш бўлиб, фақат баъзи деворларнинг олдида кичик бинолар бўлган бўлиши мумкин. Қалъанинг шимоли-ғарбий бурчагида кўп хонали катта бино жойлашган. Унга кесишган иккита устма-уст йўлаклари бинони ҳар бири 10 та хонадан иборат 4 та секторга бўлиб юборган. Аёз қалъа-3, тахминларга кўра, Кушон империяси даврида гарнизон сифатида ёки ҳукмдорларнинг қароргоҳи ва маҳаллий деҳқонлар учун бошпана сифатида ишлатилган бўлиши мумкин.
Эски қалъа, Аёз-қалъа-1 эса кичик сонли аскарларга бошпана бўлган ва шунчаки назорат пости сифатида ишлатилган. Қалъа деворлари атрофларидан кўплаб деҳқонларнинг уйлари, қишлоқ хўжалиги ерлари, деворлари ва вино етиштириш майдонлари бўлган қўрғончалар қолдиқлари топилган.
Қорақалпоғистон замини бундай масканларга жуда бой. Йўлингиз шу томонларга тушса, Аёз-қалъани ҳам албатта кўриб кетинг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter