Бола китоб орқали ўз муаммосини англайди...
Болангиз қалбидаги муаммони биласизми? Яқинда болалар билан мутолаа учрашувида қизиқ бир ҳолатга дуч келдим. Мен болаларга “Қувонч” китобимни ўқиб бераётган эдим. Китоб якунида болалар бирин-кетин сюжет ҳақида айтиб, “бу тушида бўлган экан”, “бола ухлаётган экан”, деб ўз фикрларини айтишни бошлади. Шунда бир қизалоқ менга қараб, “бу уйқусизлик”, деди. Ундан бу гапни эшитдим-у, тушни адашиб уйқусизлик деб юборгандир, деб ўйладим. Лекин у қиз кўзимга тик қараб, яна икки марта баланд овозда “бу уйқусизлик” деди.
Ёнига бориб: — Шундай деб ўйлаяпсанми, — деб сўрадим.
— Ҳа, мен кўпинча кечаси ухлолмайман, кеча ҳам соат тўртгача ухлолмай ётдим. Бу болада ҳам шундай. У ухлолмай қийналган, — деди.
Қизалоқдан бундай гапни эшитиб ғалати бўлдим, аммо ҳаммани четга суриб бу қиз билан алоҳида гаплашишга имконим йўқ эди, шундай бўлса-да:
— Қийналибсан-да анча? Қўрқмадингми, — деб сўрадим.
— Йўқ, ўрганиб қолганман, — деди у.
— Уйқусизлик менда ҳам бўлади. Фақат мен қийналаман, сен эса кучли экансан, деб кулиб қўйдим.
Кейин суратга тушаётганимизда у чопиб келиб, ёнимда туриш учун мени маҳкам қучоқлаб олди...
Китоб шундай кучга эга, у баъзида боланинг ичидаги қўрқувларни, тушунмаётган ҳолатларини ҳам очиб беради.
“Қувонч” китоби уйқусизлик ҳақида бўлмаса-да боланинг қалбидаги кечинмаларини очишга ундай олди. Бола уйқусизлик каби тушунарсиз ҳолати ҳақида суҳбатлашишни истади, айтиб беришни истади.
Болалар ўзидан ўзи мен уйқусизлик туфайли қийналаман ёки қўрқаман, дейиши осон эмас. Бундай англашлар катта бўлганида намоён бўлишни бошлайди, шунда ҳам ҳаммада эмас. Лекин китоб қаҳрамонини кўриш орқали ўзини англаши, ҳиссиётлари ҳақида гапиришни исташи, ўзининг ҳолатини тушуниши мумкин.
Болалар билан биргаликда турли мавзуларда китоб ўқишга ҳаракат қилинг. Унинг сирли қалб кечинмаларини билиб оласиз ва вақтида кўмак бера оласиз.
Болалар китоби — болалар билан мазмунли суҳбат қуриш учун зўр имконият бўла олиши керак, деб кўп айтганман. Шу ерда энг муҳими, суҳбат муаллифни эмас, болани қизиқтирадиган мавзуда бўлиши керак! Яхшилик ва ҳалоллик ҳақида гаплашиш яхши, лекин бола қоронғида ухлолмай қийналган бўлса, унга яхшиликдан кўра уйқусизлик ҳақида гаплашиш ҳам руҳиятига, ҳам ақлига, ҳам маънавиятига фойдалироқдир.
Динара Мўминова, болалар ёзувчиси


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter