Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош прокуратура «танганинг иккинчи томони»ни ўрганди

Бош прокуратура «танганинг иккинчи томони»ни ўрганди

Куни кеча сайтимизда «Танганинг иккинчи томони ёхуд Сирдарёда бир кун» сарлавҳали мақола Бош прокуратура томонидан зудликда ўрганилди. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Хabar.uz»га маълум қилди.

Унга кўра, Сардобада юз берган ҳолат, унинг оқибатларини бартараф этиш, эвакувация қилинган аҳолига зарур шарт-шароитларни яратиш жуда катта куч ва машаққат талаб қилаётганига таъкид шарт эмас. Кечиктириб бўлмас вазифаларни амалга ошириш жараёнида қўшимча муаммолар туғилиши эҳтимолини назардан қочириб бўлмайди. Хусусан, аҳоли жойлаштирилган айрим нуқталарда дезинфекция ишлари олиб борилиши, ҳомийлик тариқасида пайдан-пай келаётган озиқ-овқат ва бошқа зарурий маҳсулотларни қабул қилиш ва жойлаштиришда маълум ишларга жисмонан улгурмаслик ҳолатлари рўй бергани бор гап. Бироқ мавжуд камчиликлар ўз вақтида бартараф этиб борилмоқда. Бунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва соғлиқни сақлаш тизими вакилларидан иборат юзлаб ходимлар сарфарбар қилинган.

Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш мақсадида турли ҳудудлардан ва ташкилотлардан юборилаётган ҳомийлик маблағлари, жумладан, озиқ-овқат, дори-дармон, қурилиш материаллари, кийим-кечак ва рўзғор буюмларини Гулистон шаҳрида ташкил этилган 7 та ва Мирзаобод туманидаги 1 та омборхоналарга жойлаштирилиб, уларнинг сақланиши ва белгиланган мақсадларда тарқатилиши устидан доимий назорат ўрнатилган.

Шунингдек, туман-шаҳарларда ташкил этилган штаблар, эвакуация қилинган фуқароларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказилишини таъминламоқда, уларнинг яшаш шароитларини ўрганишмоқда.

Аниқ рақамларга мурожаат этсак, жорий йилнинг 1-7 май кунларида алоҳида ажратилган омборхоналарга маҳсулотларни сақлаш учун 16 хилдаги 1 392,7 тонна (271,1 тонна ун, 108,9 тонна ўсимлик ёғи, 27,2 тонна гўшт, 302,4 тонна картошка, 179,9 тонна пиёз, 138,9 тонна сабзи, 281,6 тонна гуруч, 191,0 тонна бошқа маҳсулотлар (шакар, сариёғ, макарон, колбаса), 36,0 минг дона нон, 143,3 минг дона тухум, 32 бош қорамол, 137 бош қўй ва 196,8 тонна бошқа турдаги) озиқ-овқат маҳсулотлари, 51.423 дона ётоқ анжомлари, 1.613 дона кийим-кечаклар, 373,9 минг дона тиббий воситалар ҳамда 359,6 минг дона шахсий гигиена воситалари ва бошқа маҳсулотлар олиб келинган.

Ҳозирги пандемия шароитида аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Гулистон шаҳридаги махсус омборхоналарга (база) вилоят СЭОМ томонидан 5 та дезинфекцион камералар ўрнатилиб, барча келтирилаётган буюмлар тўлиқ дезинфекция қилинганидан сўнг, ҳар бир қабул қилинаётган маҳсулотлар кирим китобларидан рўйхатдан ўтказилиб, (маҳсулот турига қараб) алоҳида жойлаштирилмоқда. Тез айнийдиган маҳсулотлар музлаткичларда сақланмоқда ҳамда ҳар бир омборхоналарга кириш-чиқиш жойлари Миллий гвардиянинг 2 нафардан ходимлари томонидан қўриқловга олинган ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг 6 нафар ходимлари бириктирилган.

Гулистон шаҳрида ташкил этилган тезкор штаб орқали Сирдарё вилоятининг бошқа ҳудудларига эвакуация қилинган фуқаролар эҳтиёжлари ўрганилиб, шу кунгача 302,5 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари (22,7 тонна ун, 13,4 тонна макарон, 14,5 тонна ўсимлик ёғи, 2,4 тонна сарёғ,39,8 тонна гуруч, 13,2 тонна гўшт, 67,4 тонна пиёз, 54,3 тонна сабзи, 10 тонна шакар, 45.610 дона тухум, 27.062 дона нон маҳсулотлари ва 88,7 тонна бошқа маҳсулотлар) тарқатилган.

Шу билан бирга, 2 млн. донадан ортиқ шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари, ётоқ ва бошқа уй-рўзғор буюмлари келиб тушиб, улардан 100 мингга яқини эҳтиёжманд фуқароларга тарқатилди.

Шу жумладан, Мирзаобод туманидаги эвакуация қилинган 2.986 нафар шахсларга кунлик эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда марказлашган тартибда 33,8 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб, иссиқ овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар билан таъминлаб борилмоқда.

Бугунги кунда омборхоналарда 1.052,3 тонна озиқ-овқат (218,4 тонна ун, 72,6 тонна ўсимлик ёғи, 13,5 тонна гўшт, 218,6 тонна картошка, 93,1 тонна пиёз, 56,5 тонна сабзи, 203,1 тонна гуруч, 41,0 тонна бошқа маҳсулотлар, 839 минг дона нон, 89,0 минг дона тухум, 32 бош қорамол ва 137 бош қўй) ва 2 млн. 50 минг дона ноозиқ-овқат маҳсулотлари (10 194 дона матрац, 9571 дона ёстиқ, 26920 дона кўрпа, 1 427 минг дона кийим-кечак, 347,3 минг дона тиббий воситалар, 182,0 минг дона бошқа маҳсулотлар) қолдиғи мавжуд.

Бундан ташқари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан эвакуация қилинган аҳолини рўйхатлари шакллантирилиб борилмоқда.

Мақолада номлари бевосита ва билвосита қаламга олинган фуқаролар билан суҳбат ўтказилди, юзага келган тушунмовчиликларга ойдинлик киритилиб, уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда масалага ўз ўрнида ечим топилди. Хусусан, Мирзаобод туманида яшовчи Б. исмли шахс 15 нафар оила аъзоларини Сайхунобод туманида қудасининг уйига жойлаштирганлиги, бироқ қудасининг уйида яшашга ҳижолат бўлаётганлигидан келиб чиқиб, уларнинг зарурий эҳтиёжлари ўрганилди. Шу ўринда маълумот учун қайд этиб ўтиш керак, Сайхунобод туманига эвакуация қилинган 3.670 нафар аҳолининг (7 май ҳолатига) 76 нафари ижтимоий соҳа объектларига, 1.401 нафари аҳоли хонадонларига жойлаштирилган, 2.193 нафари яшаш уйларига қайтиб кетишган.

Ҳозирда эвакуация бўлган ҳудуд тўлиқ қамровга олинган. Шунга қарамасдан айрим носоғлом фикрда бўлган фуқароларнинг аҳоли орасида ваҳима кўтариб, фуқаролар мол-мулкини талон-торож бўлаётганлиги ҳақида миш-миш тарқатиб, фуқаролар томонидан норозилик келиб чиқиши эҳтимолини юзага келтираётганлар ҳам йўқ эмас. Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларининг сув тошқинидан зарар кўрган 10 та маҳаллаларда аҳоли мулкини талон-торож қилинишини олдини олиш мақсадида ички ишлар органларининг 22 нафар тезкор ходимлари бириктирилиб, (эвакуация вақтида) чорва моллари ва қўйларни хавфсиз ҳудудларга кўчирилиб, эгалари ва ИИБ, Миллий гвардия ходимлари томонидан қўриқловга олинган.

Кўрилаётган чоралар натижасида ҳозиргача 5.323 бош чорва ҳайвонлари, шундан 3.572 таси тирик ҳолда ва 1.751 таси ўлик ҳолда топилган.

Ўлик ҳолда топилган чорва ҳайвонларини санитария қоидаларида белгиланган тартибда кўмиш чоралари кўрилаётган бўлса, тирик ҳолда топилган 2.138 бош чорва моллари ўз эгаларига қайтарилган, 1.334 боши ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари томонидан эгаси аниқлангунга қадар қўриқловга олинган.

Ишчи гуруҳлар томонидан ҳар куни эвакуация қилинган аҳолининг кунлик озиқ-овқат маҳсулотларига, ётоқ анжомларига, кийим-кечакларига, тиббий воситалар ва бошқа шахсий гигиена воситаларига зарурияти изчил ўрганиб борилмоқда. Бу борада жиддий муаммо йўқ, –дейилади Бош прокуратура ҳисоботида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг