Бухоро «Арк»и қалъаси ходими муҳим рақамларни ошкор қилди

Бухоронинг эски шаҳар қисмидан 4 гектар ер майдонини эгаллаган «Арк» қалъаси музейи фондида 140 мингта ноёб экспонатлар сақланади. Музей масъул ходими Бобур Қобиловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, жорий йилнинг шу даврига қадар археологик тадқиқотлар давомида йиғилган экспонатлар сони 15 мингдан ошган. Йил якунигача ушбу кўрсаткични 20 мингтага етказиш режа қилинган.
Таҳлилларда кўрсатилишича, ҳар йили тарихий экспонатлар сони 1-1,5 мингтага ортяпти.
«Ҳали қўрғонда ишга солинмаган имкониятлар ҳам талайгина. Музей фаолиятини 10 баробарга ошириш мумкин. Арк қўрғонида жорий йилнинг май ойида ЮНEСКО томонидан қўллаб-қувватланиб, Франциядаги машҳур Лувр музейи олимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тадқиқотлар натижасида «Бухоро воҳасининг қадимги ва ўрта асрлар тарихи» деб номланган кўргазма зали ташкил қилинди. Мингдан ортиқ экспонатлар билан бойитилди. Орадан кўп ўтмай, тарихчи олимлар, реставраторлар, хорижлик экспертлар билан бирга олиб борилган таҳлиллар асосида «Санъат ва этнография» илмий бўлимида «Заргарлик ва мисгарлик» деб номланган янги кўргазма зали иш бошлади. Ушбу кўргазма залини ташкил этишдан мақсад - Бухоронинг қадимий халқ ҳунармандчилиги анъаналари, хусусан, заргарлик ва мисгарлик санъатининг бой тарихи ва бадиий меросини кенг жамоатчиликка намоён этишдан иборат»,-деди Бухоро давлат музей-қўриқхонаси директори ўринбосари Жамшид Халилов.
«Заргарлик ва мисгарлик» кўргазмалар зали XIX–XX асрларга оид кўплаб ноёб экспонатларни ўз ичига олган. Ушбу буюмлар, нафақат, безак сифатида, балки халқимизнинг маданий ва диний жиҳатдан қадим анъаналарини ҳам ўзида ифодалаган. Шунингдек, Ўрта Осиёда яшовчи турли миллат вакилларининг этнографик алоқаларини акс эттирган.
Ушбу кўргазма музей фондларида сақланаётган 2 мингдан ортиқ ноёб экспонатлар ҳунармандчиликдаги юксак санъат, технологик маҳорат ва маданий қадриятларини ёритишга қаратилган. Экспозиция тузилиши икки асосий бўлимдан иборат бўлиб, улар орқали заргарлик ва мисгарликнинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий шаклланиш жараёни ҳамда халқ ҳаётида тутган ўрни кенг қамровда очиб берилади. Шу жойнинг ўзида сайёҳларни қўшимчасига 2 соатга яқин олиб қолиш имкони яратилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter