Бухоро чўлида талончилар қўлга олинди
Бухородаги Газли чўл массивида дизел ёқилғисини талон-тарож қилган шахсларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят суди судьяси Завқиддин Қурбонов маълум қилди.
Таъкидланишича, Газли шаҳарчасида жойлашган Газли чўл массиви ҳудудидаги «Enter Engineering» компаниясининг махсус техникалар йиғиб қўйиладиган манзилида талончилик жинояти содир этилган.
«Ромитан туман марказидан 70-80 километрча масофа олисда жойлашган бу ҳудудда «учар» фуқаролар ёқилғи ишлаб чиқарилишидан хабардор. Айниқса, таниш-билиш топилса, дизель ёқилғиси ёки солярка жуда арзон нархга тушиши мумкин, деб ўйлашади. Бироқ, ўзаро жиноий тил бириктирган ромитанлик 30 ёшли С.М., 37 ёшли Ш.Б. ҳамда 42 ёшли Ж.А.ларнинг ҳатти-ҳаракатлари қимматга тушди»,—дейди судья.
Маълум бўлишича, улар жорий йилнинг август ойининг сўнгги кунида соат тахминан 23:00 ларда аввалдан ўзларига таниш бўлган «Тўпаланг» МЧЖ базасида ҳайдовчи бўлиб ишлаб келаётган С.Й.га дизел ёқилғисини сотиб олиш учун боришаётганини айтишган. Бироқ, С.Й. эътирозини айтиб, бундай жиноятга қўл урмаслигини қатъий билдирган. С.М., Ш.Б. ҳамда Ж.А.лар эса С.Й.нинг эътирозига қарамай, дизель ёқилғисини ўғирлаш режасини тузиб, узоқ йўлга чиқишган.
Тун ярмида газ қувурларини монтаж қилиш ишларини бажараётган махсус техникалар йиғиб қўйилган манзилга етиб боришган. У ерда С.Й. бошқарувида бўлган «UAZ» русумли автомашинаси, «ХCM» русумли экскаватор ва «DAIFENG» русумли «трубоукладчик» махсус техникаларнинг дизель ёқилғисини яширин равишда талон-торож қилишга тушишган. Уларнинг қилмишини мазкур техникаларни қўриқлаётган компания ишчиси С.Й. сезиб қолган. Уларни тўхтатмоқчи бўлиб, воқеа жойига етиб келганида, С.М. Ж.А. ҳамда Ш.Б. ларнинг қаршилигига учраган. Учовлон С.Й.нинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатишган. Қўл-оёғини боғлаб қўйган кўйи жами 3 310 285 сўмлик 395 литр дизель ёқилғисини очиқдан-очиқ талон-тарож қилиб, ҳодиса жойидан яшириниб, талончилик жиноятини содир қилишган.
Судланувчи С.М. ҳамда Б.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 166-моддаси (Талончилик), 2-қисмининг «а, в» бандлари қўлланилиб, беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Ж.А. эса Жиноят кодексининг 62-моддаси (Дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олиш қоидалари) билан айбли, деб топилиб, унга нисбатан тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter