Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чироқчи. Дабдабали байрамнинг маслаҳат оши фожиали якун топди

Чироқчи. Дабдабали байрамнинг маслаҳат оши фожиали якун топди

Фото: Архив

Чироқчи тумани, Чиял жамоа хўжалигида бир анъана бор — ҳар йилги Наврўз байрами арафасида қишлоқда пойтахтдан казо-казо хонандалар чақирилиб, ўнлаб катта қозонларда ош дамланиб, байрам тантаналари ўтказилади. Масалан, ўтган йили бир қишлоқда хонанда Муниса Ризаева хизматда бўлганди.

Бу қишлоқда Наврўз байрамини синфдошлар қилиб бериш одат қилинган. Масалан, бир йил 1981 йили туғилганлар қилиб берса, кейинги йил 1982 йили туғилганлар… Улар байрамга қўшиқчи олиб келиш, палов дамлаш ва бошқа харажатларни ўз бўйнига олади. Бунинг учун бир неча миллион сўмдан йиғилади. Россияда, Тошкентда ишлаб юргани борми, мардикорчилик қилганлар борми, ҳаммаси пул берди. Тополмаганлар уйидаги молини сотади. Хуллас, байрам учун пул ернинг тагидан бўлса ҳам топилди.

***

Қашқадарё вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар беришича, 2020 йилги Наврўз байрамини қилиб бериш, байрам тадбирига таниқли эстрада хонандаларидан таклиф этиш ва бошқа ҳаражатларини кўтариш шу қишлоқда 1986 йилда туғилган йигитлар чекига тушган.

Айбланувчи Н.О ҳам синфдошлари билан бирга «Наврўз» байрамини ташкилий масалалари ҳақида маслаҳат қилиш учун йиғилиб, йиғинда кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилган.

Маслаҳат ошида синфдоши марҳум С.Я билан суҳбат давомида байрамда ошпаз танлаш масаласида ўзаро оғзаки тортишиб қолган.

Айбланувчи Н.О уйига қайтганидан сўнг марҳум С.Я билан телефон орқали яна тортишиб, ўзаро бир-бирларини ҳақорат қилишган.

Шундан сўнг, Н.О ўзининг яшаш хонадонидан ошхона пичоғини олиб, марҳумнинг яшаш хонадонига борган, уни уйидан тополмагач, яшаш уйига қайтишида қишлоқдаги кўприк устида марҳум С.Яни учратиб қолиб, ёнидаги пичоқни С.Яга санчиб, уни қасддан ўлдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан 14.02.2020 йилда Чироқчи тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

***

Катта дабдабанинг маслаҳат оши шундай аянчли якун топган. Энди бу фожиа сабаб Чиял қишлоғидаги анъана бузиладими-йўқми, буниси бизга қоронғу. Ўтган йили ҳам бу мавзуни кўтарган эдик: бир кунлик ўйин-кулгига сарфлаган шунча пулни болаларимиз қатнайдиган мактабларга, турмушимиз фаровонлиги учун сарфласак, эрта унинг роҳатини ўзимиз кўрмаймизми? Таниқли хонанда ярим соат келиб қўшиқ айтиб, минг-минг долларни олиб кетади, шунинг ўрнига битта мактабга 10 та компютер совға қилсак, ўқувчилар бир неча йил фойдаланмайдими? Нега артист учун қўллаб-қувватланган ва амалга оширилган ташаббус таълим ва турмушга келганда «оқсайдир»?!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг