Даҳшатли статистика: ҳар бир рақам ортида инсон бор

2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган уруш мобайнида Исроил армияси Ғазо секторига 125 минг тоннадан зиёд бомба ва портловчи модда ташлади. Шу тариқа бўлгадаги биноларнинг 88 фоизи вайрон қилинди. Бу ҳақда TRT нашри Ғазо ҳукуматига асосланиб хабар берди.
650 кундан буён давом этаётган уруш мобайнида ҳалок бўлган ва дараксиз йўқолганлар сони 67 880 нафарга етди. Уларнинг 19 минг нафари болалар, 12,5 минги аёллардир.
9,5 минг киши ҳали-ҳамон бино вайроналари остида қолмоқда.
Қирғинбарот урушда 1 590 нафар тиббий ходим, 228 нафар журналист ва 777 нафар инсонпарварлик ташкилотлари вакиллари ҳалок бўлди.
Юз минглаб киши жароҳатланди, жумладан, 4,7 минг киши тана аъзоларидан айрилди.
Таҳлилларга кўра, Ғазо аҳолисининг 2 миллион нафари юқумли хасталикларга чалинди. Жумладан, 71 минг киши гепатит орттириб олган.
Бомбардимонлар туфайли 2 млн киши ўз уйини тарк этди ва ҳозирда авиаҳужум, очлик, хасталик ва ташналик таҳдиди остида, очиқ осмон остида тунамоқда.
Ғазо ҳукумати ҳисоб-китобига қараганда, Исроил армияси ҳудуддаги 38 та шифохона, 96 та амбулатория, 538 та мактаб, 833 та масжид, 3 та черков ва 40 та қабристонни вайрон қилди.
Бўлгадаги 288 мингта уй ер билан яксон этилди, яна 130 минги яшашга яроқсиз ҳолга келтирилди.
Ҳозирча Ғазо секторига етказилган моддий зарар 62 миллиард доллар деб баҳоланмоқда.
Аввалроқ Лондон университети ҳузуридаги Ҳоллоуэй қироллик коллежи олимлари Исроил томонидан Ғазо секторида олиб борилаётган урушда ҳудуд аҳолисининг 4 фоизи ёки 80 мингдан зиёди ўлдирилганини маълум қилганди. Экспертлар «XXI асрдаги бошқа бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган» деган хулосага келган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter