Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунё барқарорлигига энг жиддий таҳдид очиқланди

Дунё барқарорлигига энг жиддий таҳдид очиқланди

Профессор Фахриддин Алтун.

Фото: АА

Исломофобия замонавий дунёнинг энг жиддий таҳдидига айланди. Бу ҳақда Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари, профессор Фахриддин Алтун Истанбулда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ахборот вазирларининг учрашувида гапирди.

«Исломофобия жаҳон ҳамжамиятини тафриқага солиб, глобал тинчлик ва барқарорликка таҳдид солмоқда. Шу боис ҳам дунё исломофобияни нафратга асосланган жиноят деб қабул қилиши, инсоният унга қарши жиддий курашиши керак. Аниқроқ айтганда, ушбу жиноятга қарши курашиш нафақат мусулмонлар, балки халқаро ҳамжамиятнинг ҳам асосий вазифаси бўлмоғи даркор», – деди Фахриддин Алтун.

Туркия президенти девони вакили халқаро тузилмалар қарор қабул қилиш жараёнида мусулмон мамлакатлар талаб-истаклари ҳам ҳисобга олинадиган тарзда ислоҳ этилиши кераклигини урғулади.

Ф.Алтунга кўра, дунёдаги айрим етакчи оммавий ахборот воситалари мусулмонлар портретини салбий бўёқда тасвирлаб, исломофобия кучайишига, дезинформация кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Курраи арзнинг турли давлатларида ҳокимиятга келаётган ўнг радикал партиялар эса вазиятни баттар мураккаблаштирмоқда.

ИҲТ ахборот вазирлари анжумани якунида Истанбул декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда дезинформация ва исломофобияга қарши курашга доир стратегия ва амалий чора-тадбирлар акс этган, жумладан, ИҲТ доирасида халқаро ахборот канали таъсис этиш белгиланган.

Тадбир якунида ИҲТ ахборот вазирлари анжумани раислиги Саудия Арабистонидан Туркияга ўтгани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун 2021 йилда Истанбулда бўлиб ўтган халқаро саммитда глобал киберхавфсизлик бўйича янги тартибот яратишни таклиф қилганди.  У глобал ахборот макони, хусусан, ижтимоий тармоқларда рақамли хаос ва анархия вужудга келганини хавотир ила қайд этар экан, зудлик билан тартиб ўрнатилмаса, вазият янада қалтислашувидан огоҳлантирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг