Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Дунёнинг энг йирик автобус етказиб берувчиси» – Хитой автосаноатига саёҳат

«Дунёнинг энг йирик автобус етказиб берувчиси» – Хитой автосаноатига саёҳат

Хитой автосаноати ярим асрдан кўпроқ тарихга эга. 90-йилларнинг бошидан буён эса у юқори суръатларда ривожланмоқда.

2009 йилдан бери Хитой дунёдаги энг катта автомобил бозори ва дунёдаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси бўлиб, жамоат транспорти – автобус ишлаб чиқариш бўйича ҳам, айтайлик, Европа бозорида етакчи ҳисобланади.

Қарийб 12 миллион аҳолига эга Хитой жануби шарқидаги Ченжоу шаҳри саноат ҳудуди ҳисобланади. У ерда ишлаб чиқарилаётган «Yutong» автобуслари (ҳамда юк машиналари ва миниавтобуслари) бугунги кунда нафақат Осиё балки дунёнинг бошқа кўплаб давлатларида ҳаридоргир ҳисобланади. Бу, эҳтимол, ишлаб чиқарувчининг «аввало, сифат ва хавфсизлик» тамойилини илгари суришида бўлса керак.

Хитой компанияси Марказий Осиё давлатлари ҳамда Мўғулистондан ҳамкорларини ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан таништириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янги марраларга олиб чиқиш мақсадида заводга саёҳатга таклиф қилди.

Саёҳатнинг дастлабки кунида меҳмонлар заводда «Yutong» автобусларини ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.

Ченжоу автобус таъмирлаш заводи 1963 йилда ташкил этилган бўлиб, ўз тарихида кўплаб юксак чўққиларни забт этган, пасайишларни бошдан кечирган. Ҳозирги вақтда эса Yutong автобуслари бутун дунё бўйлаб экспорт қилинмоқда, глобал бозордаги улуши 10 фоиздан (Хитой бозорида 30 фоиз) кўпроқни ташкил этади.

112 га майдонда жойлашган завод 30 минг фуқарони иш билан таъминлаган бўлса, улар орасида 3 минг нафар тадқиқотчи муҳандислар, 15 нафар фан доктори ва 473 нафар магистр бор. «Yutong» заводи жами 2 355 фаол патент ҳамда дастурий таъминот бўйича муаллифлик ҳуқуқига эга. Шу кунга қадар ихтиролари учун 775 та патент олган. 1 миллиард юандан ортиқ сармояга эга муҳандислик ва технология тадқиқот марказига эга.

2024 йилда компанияда ўрта ва катта ўлчамли автобусларнинг сотилиши ҳажми ўтган йилга нисбатан 28,48 фоизга ўсиб, 46 918 донани ташкил этди. 2024 йил охирига келиб автобусларнинг умумий экспорт ҳажми қарийб 110 000 донага етди ва дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакат ва минтақаларига оммавий етказиб берилди. Компания Европа, Америка, Африка ва Осиё бозорларида ўз иштирокини ривожлантирмоқда, жаҳон бозор улушининг 10 фоиздан ортиғи (ички бозорда 30 фоиз)ни эгаллаб, барқарор ўсиш суръатларини намойиш этмоқда.

Компания тадқиқот ва ишланмаларга ҳам катта сармоя ажратади. Жумладан, компания таркибида 2008 йилда Хитойда автобус ишлаб чиқариш соҳасида тадқиқотлар олиб бориш ва жиҳозларнинг барқарор сифатини таъминлаш учун илмий база сифатида илмий-тадқиқот институти ташкил этилган.

Компания айни пайтда номига монанд («Yutong» хитой тилида «коинотга интилиб» маъносида) сунъий интеллектни қўллаган ҳолда техник ишланмалар устида иш олиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунларда Хитойнинг «ақлли» кўчаларида ҳайдовчисиз бошқариладиган катта (синов тариқасида) ва кичик сиғимли автобуслар ҳаракатланяпти. Ушбу автобуслар ҳам хафсизлик тизимлари билан таъминланган бўлиб, кўчалардаги эҳтимолий ҳодисалардан энг юқори имкон қадар ҳимояланган.

Компания масъулининг айтишича, ҳозирча ушбу автобуслар назоратчи ёрдамида ҳаракатланмоқда. Бу йўловчилар хавфсизлиги учун муҳим. Бироқ илмий изланишлар тўхтамаган ва келгусида СИ имкониятларида тўлақонли фойдаланиш режалаштириляпти.  

«Yutong» Ўзбекистон бозорида 2012 йилда ўз фаолиятини бошлади. 2023 йил декабр ойи охирига келиб «Yutong» Ўзбекистонга 1 400 га яқин автобус етказиб берди, бу Хитойнинг ушбу йўналишдаги экспортининг 50 фоиздан ортиғини ташкил қилади. Бозорнинг асосий мақсадли сегментлари туристлар ва йўловчиларни ташиш ҳисобланган.  2017 йилгача янги автобусларнинг ўртача йиллик етказиб бериш ҳажми 15 дона атрофида бўлиб, асосий улуш 12 ва 8,5 метрли туристик йўловчи автобусларига тўғри келди.

2018 йилда «Yutong» компанияси Ўзбекистонга 168 дона ZK6122H9 автобусларини етказиб бериш бўйича тендерда ғолиб чиқди. Бу Ўзбекистондаги энг йирик буюртма бўлди. Мазкур лойиҳа «Бир камар, бир йўл» ташаббусини амалий амалга оширишнинг типик намунасига айланди.

2022 йилда «Yutong» компанияси Ўзбекистонга 20 дона ZK6126BVEG электробусларини етказиб берди ва бу Ўзбекистонда жамоат транспортини электрлаштириш йўлидаги биринчи қадам бўлди.

2022 йил сентябр ойида Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити чоғида эса 40 та Yutong Т7 русумли автобуслар тадбирга транспорт ёрдамини кўрсатди.

Элбек,
Тошкент - Ченжоу - Тошкент,
8 - 12 апрель, 2025 йил

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг