Эксперт: «Энди Россия Озарбайжонга катта оғалик қилолмайди»

Хабарингиз бор, сўнгги кунларда Озарбайжон ва Россия ўртасидаги муносабатлар кескинлашди.
Дипломатик тарангликнинг ортишига 27 июн куни Екатеринбургда озарбайжон миллатига мансуб 50 дан ортиқ шахс қўлга олингани, ҳибсга олиш пайти икки киши ҳалок бўлгани, яна бир неча киши жароҳатлангани сабаб бўлди.
Аслида, Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг постсовет давлатлари фуқароларини ҳибсга олиш чоғи қонун талабларини намойишкорона бузиши аввал ҳам кўп кузатилган. Аммо бу гал Озарбайжон Россия томонига кескин эътироз билдирди ва ҳолат бўйича айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилди.
Озарбайжон соғлиқни сақлаш вазирлиги Екатеринбургдаги миграцион рейдда ҳалок бўлган икки озарбайжонликнинг ўлимига оғир тан жароҳатлари сабаб бўлгани ҳақида баёнот берди. Озарбайжон бош прокуратураси ҳолат юзасидан жиноий иш ҳам қўзғатди.
Бу орада Озарбайжон расмий идоралари Россиянинг етакчи пропаганда агентлиги — «Sputnik Озарбайжон»нинг Бокудги офисида тезкор тадбир ўтказди ва икки кишини қўлга олди. Озарбайжон матбуоти қўлга олинганларни Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) агентлари деб ёзди.
Ўз навбатида, Россияда ҳам озарбайжон диаспорасига мансуб бир неча шахс қўлга олинди.
Москва ва Боку ўртасида дипломатик мунозара давом этмоқда.
Албатта, Москвага бир пайтлар ўз назоратида бўлган Озарбайжоннинг қатъий равишда эътироз билдираётгани ёқмаслиги табиий. Ҳозир ҳам Россия расмийлари Озарбайжоннинг ҳаракатларини «демарш» деб баҳоламоқда. Таҳлилчилар эса тобора геосиёсий жиҳатдан мустақил сиёсат юритишга уринаётган Озарбайжон Россиянинг «катта оғалик» қилишига ортиқ тоқат қилмаслигини айтмоқда.
DW таҳлилларига қараганда, сиртдан қараганда Озарбайжон иқтисодий жиҳатдан Россияга боғлиқ. 2024 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 4,8 миллиард долларни ташкил этган.
Бунда Озарбайжон экспорти 1,2 миллиард доллар, Россия импорти эса 3,6 миллиард долларга тўғри келган. Шу тариқа Россия Озарбайжоннинг асосий савдо ҳамкорлари рўйхатида Италия (11,39 миллиард доллар) ва Туркиядан (6,13 миллиард доллар) кейин учинчи ўринни эгаллаган.
Россиянинг Озарбайжон ташқи савдо айланмасидаги улуши 10 фоизни ташкил этса, Озарбайжоннинг Россия ташқи савдосидаги улуши атиги 0,6 фоизни ташкил этади.
Москвадаги Халқаро савдо тадқиқотлари маркази директори Александр Кнобелнинг фикрича, агар Россия бозорини ёпгудек бўлса, Озарбайжон ўз маҳсулотларини сотиш учун янги бозорлар қидиришга мажбур бўлиши, қишлоқларда ишсизлик ортиши мумкин.
Минтақавий таҳлилчи Кирилл Кривошеев эса мисли кўрилмаган санкцияларга маҳкум этилган Россия учун Озарбайжон билан савдо алоқалари ўта муҳим аҳамият касб этади деб ҳисоблайди.
«Россия Украина босқини ортидан Европанинг катта қисмига маҳсулот экспорти имконини йўқотгач, рус нефт ва газини Озарбайжон орқали сотиш ҳажми ошди», — деди К.Кривошеев.
Россия санкцияга учраган ҳарбий-саноат мажмуаси учун зарур товарларни олишда ҳам Озарбайжон кўмагига муҳтож.
Москва Эрон ва Форс кўрфази давлатларига маҳсулотларини ўтказишда ҳам Озарбайжон ҳудудидан фойдаланади.
«Шимол-Жануб» транспорт коридоридан ўтувчи темирйўлни ривожлантиришда ҳам Москва ва Боку ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади.
Савдо-иқтисодий омиллар кўп, албатта. Аммо таҳлилчилар ҳозирги зиддиятга савдо-иқтисодиёт призмасидан эмас, балки Озарбайжоннинг геосиёсий мустақиллиги фокусидан қараш тўғрироқ эканини таъкидлашмоқда.
«Бокунинг Москвага чақириғи минтақада кучлар мувозанати ўзгараётганидан далолат беради. Озарбайжон ўзини анча мустақил ўйинчи сифатида намойиш этмоқда. Боку эндиликда ҳамма нарсага ён берадиган кичик ҳамкор ролини ўйнамоқчи эмас. Бу хорижлик сиёсатдонлар учун муҳим нуқтадир, яъни Москванинг ожиз нуқталари кўриниб қолмоқда, минтақавий давлатлар унинг таъсири борасида очиқ баҳсга киришмоқда», — дейди Вашингтондаги Кеннан институти эксперти Максим Трудолюбов.
Эксперт Заур Шириев ҳам Боку эндиликда «тобе ҳамкор» ролига қаноат қилмайди, деб ҳисоблайди.
Қайд этилишича, Кремлнинг постсовет маконида асосий ўйинчи бўлишга интилиши Жанубий Кавказдаги кучли иқтисодиёт ва катта армияга эга Озарбайжон стратегиясига тўғри келмаяпти.
Халқаро инқироз гуруҳининг катта таҳлилчиси Жошуа Кучера фикрича, президентлар Владимир Путин ва Илҳом Алиевнинг мафкуравий позицияларида муштарак нуқталар мавжуд. Масалан, Боку ҳам Москва каби Ғарбнинг гегемонлигини заифлаштириш тарафдори. Шунга кўра, у зиддият узоқ давом этмаслиги ҳақидаги фаразни илгари сурган.
Москва ва Боку муносабати Россиядаги сўнгги ҳибслар ортидан таранглашган бўлса-да, ўтган йил охирида рўй берган авиаҳалокат ҳам орага кучли совуқчилик тушишига сабаб бўлганди.
Azerbaijan Airlines компаниясига қарашли самолёт 2024 йил 25 декабр куни Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри яқинида қулаб тушган, оқибатда ўнлаб йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган эди.
Ҳалокатнинг илк дақиқаларидаёқ Бокудан Грознийга парвоз қилаётган Embraer 190 учоғи Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилгани ҳақида тахмин илгари сурилди.
Учоқ ҳалокатидан сўнг Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Россияга ташрифини бекор қилганди.
Озарбайжон Россиядан ушбу авиаҳалокат учун расман кечирим сўраш, айбдорларни жазолаш ва ҳалок бўлганларнинг яқинларига товон тўлашни талаб қилиб келмоқда.
Маълумот ўрнида: Озарбайжон ва Россия 2022 йилнинг 22 феврал куни, яъни Украина босқини бошланишидан икки кун аввал иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган эди.
Аммо таҳлилчилар икки давлат барибир чинакам иттифоқчига айланмади, деб ҳисоблайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter