“Эл-юрт умиди” фонди ва Давлат бошқаруви академияси қайта ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ва мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизда ҳар бир соҳани ривожлантиришда кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларнинг ўқиши, мутахассисларнинг тажриба ошириши давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Шу мақсадда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 2 минг 225 нафар стипендиатлар 45 га яқин давлатга ўқишга юборилиб, бюджетдан жами 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Ҳозиргача уларнинг 1 минг 400 нафари Ўзбекистонга қайтиб, иқтисодиёт тармоқларида, таълим, фан, тиббиёт ва давлат бошқарувида ишламоқда. Бугунги кунда 748 нафар стипендиатлар “ТОП-300” таликдаги нуфузли университетларда таълим олаяпти.
Энди бундай ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида мазкур фондни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб, Давлат бошқаруви академиясини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси этиб қайта ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Улар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан бирга кадрлар тайёрлаш кластерига айлантирилади.
Жумладан, истиқболли мутахассисларни хорижда тайёрлаш бўйича бакалавриат, магистратура ва докторантура билан бир қаторда давлат хизматчилари олти ойгача мақсадли стажировкага юборилади. Бунда энергетика, урбанизация, транспорт, архитектура, геодезия, ер муносабатлари, техника, муҳандислик каби иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига, давлат бошқаруви ва долзарб ижтимоий йўналишларга устуворлик берилади.
Халқаро рейтингларда “ТОП-100” талик университетларга грант асосида ўқишга кирган номзодларга “Эл-юрт умиди” стипендияси имтиҳонларсиз ажратилади. “ТОП-300” таликда бўлган университетларга грантга кирганларга халқаро транспорт ва турар жой харажатлари имтиҳонларсиз қоплаб берилади. “ТОП-20” таликдаги университетлар бакалавриатига 50 фоиз грант асосида қабул қилинган Президент мактаблари битирувчиларига стипендиялар танловларсиз ажратилади.
Хорижда ўқиётган юртдошларимиз билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда таълим-тарбия жараёнларида ёрдамлашиш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларининг ота-оналари кенгаши тузилади. Элчихона ва консулликларга талабаларга ҳуқуқий ва ташкилий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилади.
Замон талабларига мос мутахассислар тайёрлашда Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг ҳам ўрни катта. У ерда “Ҳокимлар мактаби”, “Раҳбар аёллар мактаби”, “Келажак лидерлари” каби курсларда илғор таълим дастурлари йўлга қўйилган. Ўтган ўқув йилида 13 мингдан зиёд тингловчиларнинг малакаси оширилган.
Янги тизимга асосан, энди давлат хизматчилари учун 3 та дастур – малака ошириш, қайта тайёрлаш ва магистратура йўлга қўйилади. Барча узоқ ва ўрта муддатли ўқувлар хорижий ҳамкорлар билан қўшма таълим дастурлари ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг таянч тавсиялари асосида ташкил этилади.
Магистратурада “Давлат бошқаруви”, “Давлат сиёсати”, “Ҳудудларни комплекс ривожлантириш”, “Инсон ресурсларини ривожлантириш” ва “Давлат молиясини бошқариш” йўналишларида 18 ойгача муддатда чуқурлаштирилган билимлар берилади. Давлат буюртмасидан ташқари тўлов-контракт шаклида ҳам талабгорлар қабул қилинади.
Академияда таълим дастурлари ва илмий тадқиқотлар сифатини ошириш бўйича тавсиялар бериш, нуфузли хорижий илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш учун Халқаро академик маслаҳат кенгаши тузилади.
Шунингдек, академия ҳузурида 4 та янги марказ ташкил этилмоқда. Мисол учун, Давлат бошқаруви муаммоларини илмий-амалий тадқиқ этиш маркази давлат хизмати самарадорлигини ошириш, хусусий сектордаги илғор амалиётларни давлат бошқарувида жорий қилишга қаратилган тавсиялар бериб боради.
Президентимиз таклифларни маъқуллаб, бу тизимларни янгича ёндашувлар асосида жорий қилиш, жамғарма ва академия ходимларининг малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Иқтидорли ёшларни доимий излаб топиш ва юқори даражада ўқитиш, малакали мутахассисларни ислоҳотларга жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter