Эрон Исроилга қарши «захирадаги қуроли»ни ишга солиши мумкин

Эрон Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларига жавобан захирадаги чора сифатида Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйиши мумкин. Бу ҳақда Эрон парламенти депутати, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонлиги вакили Исмоил Кавсарий маълум қилган.
«Душман ҳаракатларига нисбатан кўплаб вариантларда жавоб бериш имконимиз бор. Ҳарбий ҳаракатлар чора-тадбирларимизнинг бир қисми, холос», — деган Исмоил Кавсарий.
Эрон мулозими стратегик аҳамиятга эга Ҳўрмуз бўғозининг ёпиб қўйилишини «энг қатъий чора» деб атаган.
Ҳўрмуз бўғози дунё бўйлаб энергия ресурсларини етказувчи муҳим йўл ҳисобланади. Жаҳон бўйича нефтнинг 20 фоизи ва табиий газнинг салмоқли қисми ушбу бўғоз орқали ўтади.
Хавфсизлик бўйича эксперт, француз разведкасининг собиқ ходими Клод Моникэ «Euronews» телеканалига берган интервюсида Ҳўрмуз бўғозининг ёпиб қўйилишини «Европа учун фалокат», деб баҳолаган.
Европага Саудия Арабистони, Қатар ва БААдан экспорт қилинадиган нефт ва суюлтирилган газнинг асосий қисми ушбу бўғоз орқали ўтади. Бўғоз йўлининг тўсилиши бутун дунё қатори Европада энергия манбаларининг тақчиллиги ҳамда нефт-газ нархи ошишига олиб келади. Бу ҳол дунё бўйлаб саноатнинг издан чиқишига, инфляция кўрсаткичининг ошишига ҳам сабаб бўлади.
Ҳўрмуз бўғози орқали нафақат «қора олтин» ва «мовий ёнилғи», шунингдек, электроника ва маиший истеъмол моллари ҳам экспорт қилинади. Бўғоз блокадаси, умуман, кемалар қатновини издан чиқаради.
Сўнгги йилларда АҚШнинг тажовузи эҳтимоли кучайган паллаларда Эрон бир неча бор Ҳўрмуз бўғозини ёпиш билан таҳдид қилган.
Таҳлилчиларга кўра, Ҳўрмуз бўғозининг тўсиб қўйилишидан Эрон билан илиқ муносабатга эга давлатлар, жумладан, Хитой ҳам катта зиён кўради. Қолаверса, сув йўлининг ёпилиши халқаро ҳамжамиятнинг Эронга нисбатан салбий муносабатини орттиради. Бу омиллар расмий Теҳронни бундай кескин қадамдан қайтариши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter