Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эски нақл исботланди: ёлғон хабар тез тарқайди

Эски нақл исботланди: ёлғон хабар тез тарқайди

Фото: «Hacker Noon»

«Twitter»да ахборот ботлар орқали 2-10 сонияда тарқашга улгуради. Бу ахборот қабул қилиш қонунлари устида тўлақонли тадқиқот ўтказган Индиана университети (АҚШ) олимларининг хулосаси. Тадқиқотдан мақсад нега ёлғон хабарлар ахборот маконини тез қамраб олаётганини ўрганиш эди.

Энг қизиғи, бу нарса АҚШ президенти Дональд Трамп номи билан боғлиқ твитлар мисолида яққол намоён бўлди. Тадқиқотчилар 2016 йил баҳоридан 2017 йил баҳоригача тарқатилган 14 миллионта твитни «элакдан ўтказишди».

Аниқланишича, ахборотни тарқатиш учун ботларга 10 сониядан ҳам кам вақт етарли экан. Эътибор беринг, ботлар «Twitter» аудиториясининг 6 фоизини ҳам ташкил этмайди, аммо улар ахборотнинг учдан бир қисмини яратяпти. Энг муҳими, мана шу фон ёки ўхшаш хабарлар тўлқини оддий фойдаланувчини айнан шу хабарларни ҳақиқий ва ишончли деб ўйлашга ундайди — инсон табиати шунақа.

Мавзуни янада кенгроқ доирада ўрганган MIT (Массачусетс технологиялар институти) тадқиқотчилари ҳам худди шундай тўхтамга келишди. Улар 2007 йилдан 2017 йилгача 3 миллион нафар фойдаланувчи томонидан 4,5 миллион маротаба тарқатилган турли мавзулардаги 126 мингта хабарни ўрганишди. Шу жараёнда ижтимоий тармоқлар ва инсон табиатининг яна бир хусусияти юзага чиқди: ёлғон хабарлар рост хабарларга қараганда 6 карра тез тарқалади! Нега дейсизми? Чунки булар қайси мавзуда бўлмасин, янги, «теша тегмаган» хабарлар-да!

Хўш, бу тажрибадан қандай фойдаланиш мумкин — мавҳум. Албатта, бу тадқиқот чет элликларнинг АҚШдаги сайловларга ижтимоий тармоқлар орқали таъсир ўтказганлиги мавзуси билан узвий боғлиқлик нуқтаи назаридан ҳам долзарб. Аммо бу қандай юз берган — ягона тўхтам йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг