Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Футбол қироли» қай тарзда халқни саводхон қилган эди?

«Футбол қироли» қай тарзда халқни саводхон қилган эди?

Инсон ҳар хил соҳаларга қизиқади. Бунинг замирида эътибор ва кузатиш ётади. Ўзи учун ўта муҳим ҳисобланган бирор бир қизиқиши эса ҳақиқий шайдоликка олиб келади. Бу шайдолиги шу даражага бориб етадики, соҳага «сиғиниш»га айланади. Масалан, Бразилияда футболга шайдолик, Ҳиндистонда кинога ошуфталик «ҳаёт фалсафаси»га айланган. Дейлик, ўз муаммолари қалашиб ётса-да, ҳиндлар охирги пулини ҳам кино кўриш учун сарфлайди...

1958, 1962 йилларда Бразилия футбол бўйича жаҳон чемпионлиги қўлга киритади. Азалдан футболга қизиқиш кучли бўлган Бразилия аҳолиси футболга мухлисликнинг энг юқори чўққисига чиқади. Икки марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритганлар орасида энг машҳури Пеле (тўлиқ фамилияси Э́дсон Арантис ду Насименту Пеле) эди. Орадан бир қанча йиллар ўтиб, жаҳон миқёсинда футбол қироли деб тан олинган Пеле тўғрисида ҳамма мухлислар билишга интилишади.

Пеле камбағал оиладан чиқиб, футболчи сифатида жаҳонга танилди. Обрў-эътибори жиҳатидан дунёдаги энг машҳур кишилар сафидан жой олди. Жаҳон ОАВларида Пеле ҳақида кўп ёзилди, телевидениеда кўрсатувлар берилди, радиода эшиттиришлар олиб борилди. Футбол мухлислари орасида унинг тўғрисида юзлаб афсоналар яратилади...

Пеле жуда кўп унвон ва совринларни қўлга киритган. Улар орасида футболга алоқадор бўлмаган жаҳонга машҳур унвонлар бор эди. Масалан: Буюк Британия рицарь-командори, Эдингбург университети доктори, жаҳондаги бир қанча жамиятларнинг фахрий президенти ва яна ҳоказо.

1965 йили Бразилия маориф вазирлиги томонидан Пелега тақдим этилган олтин медаль ўзига хосдир. Ушбу нишон унга Бразилияда саводхонликни оширишга қўшган улкан ҳиссаси учун берилган эди. Гап шундаки, Пеленинг «Мен – Пеле» номли автобиографик китоби босилиб чиққан ва мухлислар ўз кумирининг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш учун уни ўқий бошлаганди. Афсонага айланган машҳур юлдузга Бразилиянинг деярли барча аҳолиси қизиқарди-да!

Қарангки, 1960 йилларда Бразилиянинг ярим аҳолиси ўқишни билмаган. Пеленинг китобини ўқиш учун эса савод чиқариш керак эди. Аҳоли мактабга қатнай бошлади. Натижада ўқувчилар сони ортиб кетди. Бразилия маориф вазирлиги маълумотларига кўра, аҳолининг саводхонлик даражаси 20 фоизга кўпайган.

1970 йилда Пеле Бразилия терма жамоаси таркибида тарихда биринчи бўлиб учинчи бор жаҳон чемпиони бўлди. Бу рекорд ҳозиргача ўзгаргани йўқ. Футболда мислсиз маҳрорат кўрсатган Пеле ўз китоби билан мухлисларни билим олишга ҳам ундаган эди.

Абдурашид Қўзибоев


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг