Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Газ, электр, 300 доллар маош — Ҳоким Андижонни қандай ривожлантириш мумкинлигини айтди

Газ, электр, 300 доллар маош — Ҳоким Андижонни қандай ривожлантириш мумкинлигини айтди

Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича халққа ҳисобот берди. Маъруза давомида камбағал оилалар, иқтисод, жамоат транспорти ва меҳнат муҳожирлари ҳақида маълумот берилди.

— 2020 йил давомида аҳолининг муҳтож қисми билан кўп мулоқотда бўлдик. Тан олиш лозим, Президент темир дафтар, аёллар дафтари ва ёшлар дафтарини тузиш топшириғини бермаганда, ўзимиз бепарво бўлиб юраверардик. Шу вақтга қадар муҳтожлар ҳолидан хабар олиш тизимли йўлга қўйилмаган эди. Бу ҳам бўлса бизнинг айбимиз. Аҳолининг барча қатламини қамраб олиш мақсадида тузилган дафтарлар туфайли аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш ҳам йўлга қўйилди.

Шу ўринда бир қатор мисоллар келтирсам. Темир дафтарга тушиб қолган оилалардан биридан хабар олиш жараёнида уларнинг қизи Туркияда меҳнат қилаётгани аниқланди. Она билан суҳбат вақтида қизи билан телефон орқали алоқага чиқишни сўрадик. Аниқланишича, Туркияда меҳнат қилаётган фуқаромиз маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг уйида оқсочлик қилиб, 300 доллар маош олаётган экан. Биз ундан Ўзбекистонга айтиб, шу ерда меҳнат қилишни сўрадик. «Кунига ишга олиб бориб, олиб келадиган транспорт ва икки маҳал овқат билан таъминланасиз. Ўзбекистонда ишлаб ҳам ойига 300 доллардан кўпроқ пул топиш мумкин», — дегандим, ўша қизимиз йиғлаб юборди.

Бунақа суҳбатлар кўплаб ўтказилди. Шунингдек Россиядан ҳам бир қатор фуқароларимизни қайтаришга муваффақ бўлдик.

ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва бошқа ресурсларда Андижон шаҳрининг туризм потенциалини тарғиб қилишни режалаштирганмиз. Оддийгина тунги Андижонни кўрсата олсак, қизиқадиганлар кўпаяди, ички туризм ҳам ривожланади.

Жамоат транспорти тизимини ривожлантириш учун Хитойдан 236 та янги автобус олиб келинади. Шаҳар кўчаларида автобус маршрутлари ташкил этилади. Туристлар айланиши учун тўртта усти очиқ автобус олиб келишни режалаштирганмиз.

2020 йилда асосий драйверимиз қурилиш соҳаси бўлди. 2021 йилда қурилиш кўламини 10 баробарга ошириш, туризм бўйича катта лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун хориждан инвестиция жалб қилинади.

Ҳисоботдан сўнг депутатлар турли масалалар билан ҳокимни саволга тутишди. Таъкидлаш жоиз, тадбирнинг савол-жавоб қисми анча қизғин кечди.

— Шаҳарда бир қатор мактаблар таъмирдан чиқарилди. Таълим соҳасида майда-чуйда жиҳат бўлмаслиги лозим. Оддий хожатхоналар масаласини ҳам ҳал қилиб қўйишимиз шарт. Бу борада қандай тадбирлар режалаштирилган?
— Келаси йилда мактаблардаги камида 50 та хожатхона таъмирланади. Шу билан бирга таълим масканларидаги спорт-соғломлаштириш соҳасини янгилаш ҳам катта эътибор талаб қилади. Шу вақтга қадар ҳокимликка 20 та тадбиркор ташаббус билан келди. Улар мактабларда стадион қуриб бериш таклифи билан чиқишган. Насиб қилса кейинги кенгашда бу масалани депутатлар билан бирга муҳокама қиламиз.

— Тиббиёт муассасаларида шароитни яхшилаш, ахборот технологиялари билан таъминлаш масаласи қандай кетяпти?
— Шаҳримиздаги тиббиёт бирлашмаларига 500 та кондиционер ўрнатилади ва 1000 та компьютер билан таъминланади. Тиббиёт ишини замонавий йўналишга ўтказишимиз лозим. Барча керакли асбоб-анжомлар тиббиёт муассасаларига етказиб берилади. Бу борада вазият анча яхшиланган. Илгари беморлар учун оддий кроватни ҳам четдан олиб келардик. Ҳозир нафақат беморлар учун мўлжалланган кроватлар, балки жарроҳлик амалиёти ўтказиладигани ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Биз барчасини шифокорларга етказиб берамиз.

— Халқни қийнаб турган масала электр энергияси ва табиий газ таъминоти бўлиб турибди. Баъзи маҳаллаларда тадбиркор трансформаторга уланиб олгани учун аҳолига энергия етарлича етиб бормаяпти. Бу масалада нима қилмоқчисиз?
-Савол учун катта раҳмат, бугунги кунимиз учун долзарб бўлиб турган масалани кўтардингиз. Бугунги кунга келиб Андижон шаҳри 100 фоиз электр энергияси билан таъминланган. Агар бирор жойда узилишлар учраб турган бўлса, бунга сабаблар мавжуд. Хусусан, шаҳарга электр энергияси иккита йўналишда олиб келинган. Техник зарурият туфайли бирини иккинчисига ўтказаётганда бир соатга чироқ ўчаётган бўлиши мумкин.
Газ масаласи бироз муаммолироқ. Гап шундаки, Андижонга табиий газ Бухородан тортиб келинади. Охирги икки ҳафта газ босими пасайиб кетган эди. Довондаги иккита нимстанция таъмирлангандан сўнг газ босими оширилди. 2021 йилда ички йўллар таъмирини икки баробарга ошириш, симёғочлар алмаштириш ва 100 километрдан ортиқ янги линиялар тортиб, 50 га яқин нимстанциялар алмаштирилиши режалаштирилган.

— Аҳолини ипотека кредити билан таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим фуқаролар кредитнинг 10 фоизини ҳам тўлай олмайди. Ногиронлар, ижтимоий оғир ҳолатга тушиб қолган аёллар бор. Уларни қандай қўллаб-қувватламоқчисиз?
— Тўғри ва долзарб мавзу. Аёллар ва ёшлар темир дафтарлари бекорга тузилмаган. Жорий йилда шаҳар бюджетига 17 миллиард сўм орттириб, туширган бўлсак, келаси йилда 30 миллиард сўм топиш режалаштирилган. Шу маблағнинг 30 фоизи темир дафтарга йўналтирилиши лозим. Биз бир йилда 6 та оилага 10 фоиз бошланғич бадалини тўлаб беришимиз мумкин. Бундан ташқари, шаҳарнинг ички имкониятидан келиб чиқиб, яна қўшимча оилаларга ёрдам кўрсата оламиз. Келаси йил муҳтож оилалардан кўпроқ топиб, кенгаш муҳокамасига қўйишни режалаштирганмиз. Бунинг учун чоракма-чорак кўрсаткичларни бажариб боришимиз лозим. Шунда қўшимча маблағ шаклланади. Агар жорий йил 20 та оиланинг бошланғич бадалини тўлаб берган бўлсак, келаси йил 50 та оилани таъминлашимиз мумкин.

— Ҳисоботингиз кенг қамровли бўлди ва барча кўрсаткичларда ўсиш кузатилгани айтилмоқда. Унда айтилишича, 9402 та оила темир дафтарга киритилгани ва барчаси чиқарилган. Қайси мезонлар асосида бу оилалар темир дафтардан чиқарилди? Масалан, 4 кишилик оила темир дафтардан чиқиши учун қандай даромад минимуми белгиланган?
— Бундай оилалар учун 3 миллион сўм даромад белгилаб олинган. Темир дафтардан чиқарилган оилаларнинг меҳнатга яроқли ҳар бир аъзоси иш билан таъминланди. Улар иш жойига бориб-келиши учун транспорт жорий этилган ва 1 300 000 сўмдан 2 000 000 сўмгача маош олиши таъминланди. Темир дафтардаги оилаларнинг ҳар бир аъзоси неча ёшда экани батафсил ёзилган. Ишга жойлашган одамлар камида икки ой ИНПСга пул ўтказа олгач, рўйхатдан чиқарилган.

— Шундай оилалар борки, уларни темир дафтардан чиқариш мумкин эмас. Ногиронлар ва ҳимояга муҳтожлар билан қандай иш олиб бориляпти?
— 600 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ҳомий бириктирилган. Улар рўзғор ҳаражатларини қилиб беришмоқда. Бу оилалар темир дафтардан чиқарилиши мумкин эмас. Уларнинг ҳар бири назоратимиз остида.

— Ҳисоботингизда меҳнат муҳожирларини иш билан таъминлаш ҳақида гап кетди. Статистикага кўра муҳожирлар хориждан юбораётган пул мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини ташкил этади. Меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга қайтаришга уриниш қай даражада тўғри?
— Биз меҳнат муҳожирларининг хорижга кетишини қонунийлаштириш бўйича иш олиб бормоқчимиз. Муҳожирларни ортга қайтарган яхши, бироқ шу билан бирга фаолиятини қонунийлаштириш ҳам шарт. Масалан, қишлоқлардан Россияга кетаётган болаларимиз на тилни билади, на малакаси бор. Бундай малакасиз ишчиларни қайтариб келсак, ёки уларни ўқитиб, малакали қилиб, сўнгра хорижга юборсак, уларни ҳимоя қилган бўламиз. Ҳозир улар ҳеч қандай ҳимояга эга эмас. Ўзлари жой топиб, амаллаб ётиб-туриб, ишлаб юрибди. Айниқса пандемия вақтида ишсиз қолганларнинг ҳимоясиз бўлиб қолди. Шунинг учун биз хорижга кетаётган фуқароларимизга тил ўргатиб, қонуний йўл билан ишлашини таъминлаб беришимиз керак.

— Туркияда ишлаётган қиз 300 доллар маош олганини айтдингиз. Андижон шаҳридаги текстил корхоналаридан бирида ишчи аёллар 1 ярим миллион сўм маош олар экан. Ўша қизга қандай қилиб 3 миллион сўм маошли иш топиб бердингиз?
— Малакали ходимлар яхши маош олишади. Биз айтиб ўтган оила илгари касаначилик билан шуғулланган экан. Уни қўрқмасдан чақирганимга сабаб шундаки, буюртма бўлса, бемалол чеварчилик билан ойига 5 миллион сўм топа олади. Биз керакли корхоналар билан маслаҳатлашиб, ҳисоб китоб қилдик, она-бола бемалол 5 миллион топа олар экан. Тўғри, Андижонда ҳозирча иш кучи жуда арзон. Аммо бу ҳам вақтинча. Масалан, қурилиш бизнинг асосий драйверимиз бўлса, малакали ёшларимиз шартнома имзолаб, яхши маош олишлари мумкин. Биз тадбиркорликнинг бошқа соҳаларини ҳам ўйлашимиз керак. Андижон тез ривожланиши учун битта йўл бор — ЯТТ, оилавий тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришни кучайтиришимиз керак. Андижонда аҳоли жуда зич жойлашган. Шунинг учун, ҳар бир фуқаромизни банд қила олишимиз лозим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг