Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Huawei компанияси Мобил АКТ Академиясини тақдим этди

Huawei компанияси Мобил АКТ Академиясини тақдим этди

Huawei компанияси томонидан 3 июн куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан Мобил АКТ Академияси намойиш этилди. Мобил академия Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ихтисослашган АКТ мактаби ва IT-Park Uzbekistan кўмагида инновацион технологиялар ва ечимлар билан жиҳозланган кўргазма контейнерида ташкил этилган.

АКТни ривожлантириш ва жорий этиш БМТ томонидан белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бу борада ахборот технологиялари учун учта асосий йўл мавжуд бўлиб, булар: рақамли ахборотлар тафовутини қисқартириш ҳисобига барча учун ахборот ва хизматлардан фойдаланиш имкониятини ошириш, одамлар ва ташкилотлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ошириш, ресурслардан фойдаланиш унумдорлигини ва самарадорлигини оширишдир. Уларга кўра эса, энг аввало рақамли технологияларни жорий этишнинг асосий йўналишлари сифатида таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш ва барқарор ривожланиш каби соҳаларига эътибор қаратиш керак.



Huawei компанияси таълим соҳасига эътибор қаратган ҳолда АКТ ечимларини жорий этиш ва аҳоли ўртасида рақамли саводхонликни ошириш орқали сифатли ва тенг ҳуқуқли таълимни таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Компания тўртта асосий лойиҳани амалга оширмоқда: ўқув синфларини рақамлаштириш, кўчма синф хоналари ташкил этиш, имконияти чекланган одамлар салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкам АКТ экотизимини яратиш.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослашган АКТ мактаби томонидан ташкил этилган «АЛ-ХОРАЗМИЙ АВЛОДЛАРИ» АКТ фестивали доирасида Huawei компанияси ҳам бўлажак IT мутахассислари учун базавий, турли гуруҳлар ва жамоаларни қамраб олишга имкон берадиган Мобил АКТ академиясини намойиш этди. Кўчма кўргазма нафақат пойтахтда, балки республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш имконини беради. Бу йил Huawei компанияси Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларига ташриф буюриб, талабалар, мактаб ўқувчилари ва АКТ соҳаси вакиллари учун кўчма кўргазма ташкил қилишни, келгуси йилда эса, бутун мамлакатни рақамли билимлар билан қамраб олишни режалаштирмоқда. Мобил АКТ синфига ташриф буюрувчиларга 5G тармоқлари имконияти, симли телефон алоқаларини ривожлантиришдаги ютуқлар, булутли технологиялар ва катта маълумотларни сақлаш ҳамда қайта ишлаш тизимлари, қуёш панеллари асосида энергия таъминоти тизимлари ва бошқа нарсалар намойиш этилади.

«Сўнгги икки йил ичида биз билим олиш учун ахборотлардан ҳеч қандай тўсиқсиз фойдаланиш имкониятини тақдим этиш мақсадида рақамли таълимни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратдик. Биз Тошкент шаҳридаги иккита умумтаълим мактабида, шунингдек Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТ мактабида синф хоналарини рақамлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширдик. Бугун биз кўчма академия асосида ғилдиракли шоу-рум кўринишида тақдим этилган янада кенг кўламли лойиҳани тақдим этмоқдамиз. Ушбу лойиҳанинг мақсади ёшларнинг рақамли технологиялар борасидаги дунёқарашини кенгайтириш, ҳамда ёш авлод ва АКТ соҳаси мутахассислари ўртасида рақамли кўникмалар даражасини оширишдир. Биз Мобил АКТ синфига қизиқувчилар доирасини кенгроқ қамраб олиш мақсадида ташриф буюрувчиларнинг барча гуруҳлари учун турли хил таркиблар тайёрладик», – дея таъкидлади Huawei Uzbekistan директори жаноб Лю Тсзясин.

Huawei Uzbekistan компанияси 20 йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият юритиб келмоқда ва турли соҳаларда рақамли технологияларни жорий этиш орқали аҳолининг ижтимоий ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишга ва фойда келтиришга ҳаракат қилмоқда. Компания таълим соҳасига эътибор қаратган ҳолда Huawei АКТ академиясини очиш ва рақамли синфлар ташкил этиш бўйича иш олиб бормоқда. Ушбу ташаббус маҳаллий IT-университетлари ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг