Исроил «дўзах дарвозаси»ни очди

Исроил армияси Ғазо секторида ҳарбий ҳужумларни янада кучайтирди. 5 сентябр куни Ғазо шаҳридаги 22 ойлик бомбардимонлардан омон қолган саноқли бинолардан бири — 12 қаватли «Муштаҳа» аҳоли тураржой мажмуаси портлатилди.
Яҳудий давлати 12 қаватли тураржойдан ҲАМАС ҳаракати фойдаланганини даъво қилган. Фаластин томони бу иддаони рад этди.
Ғазо бўлгаси бўйлаб жума куни уюштирилган ҳужумларда камида 51 фаластинлик, жумладан, 7 нафар бола ўлдирилган.
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Ғазо секторида «дўзах дарвозаси» очилаётгани ҳақида баёнот берган.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 8 август куни Исроил хавфсизлик кенгаши Ғазо секторидаги юз минглаб фаластинлик жон сақлаётган Ғазо шаҳрини назоратга олиш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу баҳсли қарор Ғазо шаҳридаги юз минглаб одамни яна мажбурий кўчириш ҳамда бутун Ғазо бўлгасини босиб олишни англатади. Жаҳон етакчилари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг ушбу қарорини кескин қораламоқда.
Исроил армияси Ғазо шаҳрининг қарийб 40 фоизи назоратга олингани ҳақида ахборот берган.
Халқаро ташкилотлар қирғинбарот давом этар экан, фаластинлик тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар сони шиддат билан ошиб бораётгани, ғазоликлар очлик, ташналик ва хасталиклар туфайли ҳам вафот этаётгани ҳақида бонг урмоқда.
Расмий рақамларга қараганда, Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган нотенг урушда 64 231 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, яна 161 583 нафари жароҳатланди.
ЮНИСЕФга кўра, сўнгги 22 ой ичида ҳалок бўлган болалар сони 18 мингдан ортиб кетди.
Аввалроқ Лондон университети ҳузуридаги Ҳоллоуэй қироллик коллежи олимлари Ғазодаги урушда ҳудуд аҳолисининг 4 фоизи ёки 80 мингдан зиёди ўлдирилганини маълум қилганди. Экспертлар «XXI асрдаги бошқа бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган» деган хулосага келган.
Исроилдаги икки етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилоти — B'Tselem ҳамда Physicians for Human Rights ҳам Нетаняҳу ҳукуматини фаластинликларга нисбатан геноцид содир этишда айбламоқда. Ҳисоботда Исроил армияси содир этган жиноятлар, жумладан, минглаб болалар, аёллар ва кексаларнинг ўлдирилиши, мажбурий кўчиришлар, уй ва тураржойларнинг йўқ қилиниши, шифохоналарнинг вайрон этилиши, очарчиликнинг юзага келтирилиши батафсил тасвирланган.
2023 йил октябрдан буён давом этаётган уруш мобайнида Исроил армияси Ғазо секторига 125 минг тоннадан зиёд бомба ва портловчи модда ташлаган. Шу тариқа бўлгадаги биноларнинг 88 фоизи вайрон қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter