Жаҳон харитасида янги давлат пайдо бўлмоқда

Янги давлат — Янги Каледонияга асос солиниши ҳақида Францияда келишувга эришилди, деб хабар берди Politico.
«Янги Каледония келажаги борасида тортишаётган рақобатчи сиёсий ҳаракатлар шанба куни эрталаб янги давлат яратилишини эълон қилишди, бироқ у Франциядан тўлиқ мустақил бўлмайди», — дейилади хабарда.
Келишувга кўра, Франциянинг денгизорти ҳудуди автономия ҳуқуқини олади. Бундан ташқари, Янги Каледония аҳолисига алоҳида фуқаролик, янги давлатга халқаро муносабатларда ваколатлар берилиши кўзда тутилмоқда.
Янги давлатга асос солиш йўлидаги кейинги босқичлар — Франция парламентидаги овоз бериш ҳамда оролларнинг ўзида ўтказиладиган референдум.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил баҳорида конституцияга ўзгартиришлар киритилиши туфайли Янги Каледонияда тартибсизликлар бошланиб кетган ва Франция денгизорти ҳудудига қўшин киритганди.

Маълумот учун: Тинч океани жанубида жойлашган Янги Каледония — ўнлаб ороллардан ташкил топган архипелаг. Умумий майдони — 16 372 квадрат километр. Аҳолиси — 271 960 киши (2020 й.). Париждан 15 минг километр олисда жойлашган, 1853 йилда Франция империяси таркибига кирган. 1946 йилда Франциянинг денгизорти ҳудуди мақомини олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter