Жанубий Кореянинг янги президенти Юн Сок Ёл ҳақида билганларимиз
Бугун, 2022 йилнинг 10 май санасида, Юн Сок Ёл қасамёд қилиб, Корея Республикасининг президенти лавозимида иш бошлади.
«Бизнинг авлоднинг бурчи — либерал демократия ва бозор иқтисодиёти ривожланиши кафолатланган, халқаро ҳамжамиятдаги ўрнига ва мажбуриятларига содиқ, ўз халқига тегишли мамлакатни қуришдир», — деди Юн Сок Ёл бугунги инаугурация маросимида.
Жанубий Корея кўплаб глобал инқирозлар: пандемия, логистикадаги узилишлар, иқлим ўзгаришлари, хориждаги қуролли низолар, жаҳон энергетика, озиқ-овқат бозорларида вазият танглашган бир шароитда яшаяпти. Бироқ, ишонаманки, биз барча муаммоларни енгиб ўтамиз, деди Юн Сок Ёл.
Маълумот учун: Юн Сок Ёл — 1960 йилнинг 18 декабрида Сеулда ўқитувчилар оиласида туғилган.
1983 йили Сеул университетининг ҳуқуқ йўналишида бакалавр, 1988 йили магистр даражасини қўлга киритган. Адвокат сертификатига эга бўлса-да, 1994 йилдан асосан прокуратурада — узоқ йиллар Тэгу, Чхунчхон, Сувон, Пусан, Сеул ва бошқа кўплаб йирик шаҳарлар прокуратуралари ва мамлакат Бош прокуратурасида хизмат қилган.
Жуда йирик ишларга, хусусан, Миллий разведка хизматининг жамоатчилик фикрига таъсири бўйича терговга, икки собиқ президент — Ли Мён Бак (17 йилга қамалган) ва Пак Кин Хе (25 йилга қамалган) коррупцияда айбланган ишларга бевосита раҳбарлик қилган.
2019 йилда мамлакат бош прокурорлигига тайинланган, 2021 йилнинг март ойида Корея Республикаси президентлиги учун сайловда қатнашиш учун лавозимидан истеъфога чиққан.
Юн Сок Ёл 2022 йилнинг 9 март куни бўлиб ўтган президентлик сайловида 48,56 фоиз овоз билан ғолибликни қўлга киритган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter