Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолмаслиги лозим» — Европа иттифоқи

«Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолмаслиги лозим» — Европа иттифоқи

Фото: «rbc.ua»

Дунё мамлакатлари ҳукуматлари журналистларни муносиб ҳимоя қила олмаяпти, бу борадаги ҳуқуқбузарликларни фош қилишда сусткашлик қилмоқда, гоҳида эса расмийларнинг ўзи оммавий ахборот воситалари ходимларига қарши жиноятлар содир этмоқда.

Бу ҳақда Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини томонидан 2 ноябрь – Халқаро журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига барҳам бериш куни муносабати билан берилган баёнотда сўз боради.

Федерика Могерини

Қайд этилишича, журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолиши қўрқув, ишончсизлик ва хавотир уйғотиб, демократик қадриятларга ҳам таҳдид туғдирмоқда.

«Демократиянинг мазмун-моҳияти фикрларни турли шаклларда эркин билдиришда намоён бўлади. Фақат жадал тараққий этаётган, эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларигина ҳукумат тузилмалари, ишбилармон доиралар, умуман, жамиятнинг ҳисобдорлигини таъминлашга қодирдир. Аммо журналистлар ҳамда ОАВ ходимлари айнан ушбу асосий ҳуқуқни рўёбга чиқариш йўлидаги касбий фаолияти учун ҳужум, таъқиб, тазйиқ ва қўрқитишларга нишон бўлмоқда», – дейилади Европа иттифоқи номидан берилган баёнотда. 

Федерика Могерини хоним, хусусан, саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлими ҳали-ҳамон тўлиқ тергов-тафтиш этилмаганини таассуф ила ёдга олган. Журналист Дафне Каруана Галициянинг Мальтада – Европада ўлдирилгани эса бундай жиноятлардан бирор бир минтақа холи эмаслигини кўрсатмоқда.

Таъкидланишича, Европа иттифоқи журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишини кескин қоралайди.

«Бугун биз журналистларга нисбатан жиноятларнинг жазосиз қолиши каби ҳолатларга қарши кураш ҳамда фикр эркинлиги, шунингдек, журналистлар ва ОАВ ходимлари хавфсизлигини барча воситаларни ишга солиб қўллаб-қувватлаш ва муҳофаза этиш борасида қатъий эканимизни яна бир карра билдирмоқчимиз», – дейилади баёнотда.

Европа иттифоқи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотлар орқали журналистларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиб келмоқда. Қолаверса, Бюрссель Матбуот эркинлиги ва ОАВ бўйича Европа маркази ҳамда унинг «ОАВ плюрализми мониторинги» лойиҳасини молиялаштирмоқда. Бундан ташқари, журналист, блогер ҳамда ОАВ ходимларини ҳимоя қилиш бўйича кўплаб ташаббус ва лойиҳалар ҳам қўллаб-қувватланмоқда. 

Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили ўз баёнотида сўз ва фикр эркинлиги тантанаси йўлида жонини фидо қилган инсонларни чуқур эҳтиром ила ёдга олган. 

БМТ маълумотларига қараганда, сўнгги 12 йилда жамоатчиликка ҳақиқатни етказгани учун 1010 нафар журналист ўлдирилган. Хавотирли жиҳати шундаки, 10 тадан 9 та ҳолатда айбдорлар жазосиз қолган.

Халқаро журналистлар федерацияси ҳисоб-китобларига кўра эса, биргина 2018 йилда 94 нафар журналист ва ОАВ ходими жонига қасд қилинган. Юзлаб журналистлар қонунга зид равишда қамоққа ташланган.

БМТ Бош ассамблеяси 2013 йилда 68/163-сонли резолюция асосида 2 ноябрь санасини Халқаро журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига барҳам бериш куни деб эълон қилган. Мазкур сана танлангани бежиз эмас. 2013 йилнинг 2 ноябрида франциялик икки журналист Малида ўлдирилган эди. БМТ ўз резолюциясида дунё мамлакатларини журналист ва ОАВ ходимларига қарши жиноятларнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриш, айбдорларни қонуний жазолашга чақирган.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг