Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Камчаткада 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди – цунами хавфи эълон қилинган

Камчаткада 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди – цунами хавфи эълон қилинган

Камчаткада 7,2 магнитудали зилзила юз берди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан цунами хавфи эълон қилинди.

Тинч океанидаги Камчатка ярим ороли қирғоқларида бир қатор кучли зилзилалар содир бўлди, деб хабар берди Россия Фанлар академияси Ягона геофизика хизматининг маҳаллий бўлими.

6,7 магнитудали биринчи кучли силкиниш Россия Фанлар академияси Геофизика хизмати томонидан маҳаллий вақт билан 18:28 (Москва вақти билан 06:28) да қайд этилган. Бироз вақт ўтгач, маҳаллий вақт билан 18:48 да (Москва вақти билан 06:48) 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Тахминан 20 дақиқадан сўнг яна 6,7 магнитудали зилзила содир бўлди.

Учала зилзила ҳам Петропавловск-Камчатскидан 160-169 километр узоқликда содир бўлган. Ҳар учала ҳолатда ҳам зилзила манбаи беш километр чуқурликда жойлашган.

Дастлаб, Россия Фанлар академиясининг Ягона геофизика хизматининг Камчатка филиали зилзилалардан бирининг максимал магнитудаси 7,6 ни ташкил этгани ҳақида хабар берган эди, бироқ кейин мутахассислар бу маълумотларга аниқлик киритишди – кейинчалик 7,2 магнитудали зилзила ҳақида хабар берилди.

Кейинги соатларда сейсмологлар магнитудаси 4,2 дан 6,3 гача бўлган ўндан ортиқ ерости силкинишларини қайд этишди.

Ер силкинишларидан биридан сўнг Тинч океанида цунами хавфи эълон қилинди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Николское қишлоғига 29 сантиметргача бўлган тўлқин етиб бориши мумкин. Уст-Камчатскда 19 сантиметргача бўлган тўлқин башорат қилинган. Соҳил бўйидаги аҳоли пунктлари аҳолисига 30-40 метр баландликда ёки қирғоқдан камида 2-3 километр узоқликдаги баландроқ ерга чиқиш тавсия қилинди.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, зилзила пайтида уйлар кучли силкинган, хонадонлардаги мебеллар қулаб тушган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг