Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Карантинда балиқ ови? Ҳа! Қаерда? Урганчда!

Карантинда балиқ ови? Ҳа! Қаерда? Урганчда!

Коронавирус пандемиясидан азият чекаётган ҳудудлар орасида Хоразм ҳам бор. Вилоятда ҳам  одамлардан карантин тартиб-қоидаларига оғишмай амал қилиш талаб қилинмоқда. Бироқ  ўрнатилган тартиб-қоидаларини  қўпол тарзда бузишаётганлар йўқ эмас. Энг ёмони - бундай ҳолатлар  эътибордан четда  қолаётгандай...

Ўтган ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари Урганч шаҳрини қоқ иккига бўлиб оқувчи Шовот каналида ўнлаб фуқаролар балиқ овлаш билан вақт ўтказишаётганига гувоҳ бўлган эдик. Ҳафта давомида бу ҳолат кучайгандан кучайдики, асло камайгани йўқ. Мана,  кечаги якшанба  ҳам овга иштиёқманд лар эрталабданоқ Шовот канали соҳилларини эгаллаб олганига гувоҳ бўляпмиз. Уларнинг орасида кексалар, ўрта ёшдаги кишилар, болалар ва ўсмирлар ҳам бор. Аксарияти қармоғини сувга солганча чор атрофга олазирак қараб ўтирган бўлса, баъзи бирлари тутган балиғини чўғда тоблаб, кабоб қилишга тушган.

Айни қуёш тикка келган маҳали эса яна бир ажабланарли манзарага гувоҳ бўлдик. Жалолиддин Мангуберди хиёбонида ёшгина йигит қўли қўлига тегмай музқамоқ сотаяпти. Сал наридаги «Авесто» хиёбони томонга ўтиш учун мўлжалланган ерости туннели олдида 17-18 ёшли беш-олти йигитлар қўлларига бокс қўлқопи кийганча машқ қилмоқда. Марказий деҳқон бозори томон кетиб борарканмиз, қовурилган балиқ ҳиди димоққа урилади. Балиқ бозорида икки-уч шоввоз балиқ қовуриб сотишяпти. Дарвоқе, балиқ бозоридаги бу аҳволни ўтган ҳафта шанба куни ҳам кузатган эдик.

Бу ҳафтаям аҳвол ўзгармабди. Афсус...

Масъуллар қаёққа қарашмоқда?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг