Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Китобингни қўлингдан қўйма болам!

Китобингни қўлингдан қўйма болам!

Фото: Xabar.uz / ChatGPT

Бойсундан шундай Кофрун қишлоққа энган жойда бир манзарани кўрдик....

– Қара! Қара! деб ҳайратлангунимизча машина болани ортда қолдириб шитоб билан анча ўтиб кетди.

– Қайтайинми, деди ҳайдовчи укам Баҳодир.

– Қайт қайт, дедим ошиғич қизиқиш билан.

Ёшликда шунақа мол боқар эдик. Алҳол бундай болани учратсам ҳееей ўттиз йиллар бурун учратган эдим. Воҳ...!!!

Қайтиб келиб болани гапга тутдик. «Кимди ўғлисан, бобонг ким?» Алхусус қўлидаги китобга қизиқдик:

– Қўлингдаги қандай китоб?

Телефон камераси ўнгарилганини кўриб бола бироз чўчиди. Ҳайтовур милиса деб ўйладими ёки мумкин бўлмаган жойда мол боқиб қўйдим деб қўрқдими, овози дириллади:

– Нимага расмга туширяпсиз.....?

Ҳарна далдамиздан кейин ўнгарилди бояқиш. Саволни яна такрорладик. Қўрқуви андак тарқаган бола китобни биз томон ўгирди. «English» – инглиз тили дарслиги экан. Воҳ!!! Чин, бундай қўлига китоб ушлаб мол боққан болани энди кўраётган эдим.

Бу бола  – ўзбекнинг боласи. Қўлида китоби билан мол боқяптими демак....

Хуллас фикримнинг давоми уққанга аён, уқмаган даштга чиқиб китоб ўқисин.

Болани кўз илғамай қолгунича ён томондаги ойнадан кузатиб кетдим....

Ўқи болам ўқи. Мол боқсанг ҳам, даштда бўлсанг ҳам китобингни ташлама. Китобингни ташласанг бир умр шу даштларда қолиб кетасан. Китобингни ташласанг бир умр мол боқасан. Дунёнинг боши қаер адоғи қаер билмай ўтиб кетасан китобингни ташласанг. Ҳар ўтиб тўхтаган машинадан чўчимайдиган бўласан китобингни ташламасанг. Китобингни ташлама шу ерларнинг эгаси бўласан. Ўқи болам ўқи бу даштларда адашма. Тақдирингнинг эгаси бўласан бир кун. Китобингни ташлама болам. Сендайлар кўпайсин. Сендайлар кўп бўлсин токи ўтган-кетган ҳайрат эмас ҳавас билан қарасин. Китобингни ташлама...

                                              Темур Ғойибназаров facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг