Марҳаматда ўқитувчиларни узр сўрашга мажбурлаган ҳоким ўринбосари суд томонидан жаримага тортилди

Марҳамат туманидаги 72-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиларини ота-оналардан узр сўрашга мажбур қилган ҳоким ўринбосари Мухторжон Қурбоновга суд қарори билан 2 миллион 700 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Бу ҳақда Xabar.uzга Андижон вилояти суди матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳуқуқбузар судда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари сифатида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа ижтимоий соҳалардаги ишларни мувофиқлаштириб боришга масъул эканлигини таъкидлаган.
Шунингдек, жорий йил 4 февраль куни ўтказилган йиғилишда таълим сифати, ўқувчиларнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи пастлигини важ қилиб, чиндан-да мактаб ўқитувчиларини ота-оналардан узр сўраттирганини, бу ишидан афсусда эканини, айни ҳолат қайта такрорланмаслигини айтиб, суддан енгиллик сўраб кўрсатма берган.
Мазкур ишни кўриб чиққан судья Зарифжон Раҳимовнинг қайд этишича, суд ҳуқуқбузарга жазо тайинлашда унинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, аввал маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини инобатга олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter