Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Медведев Эронга кўмак борасида шов-шувли баёнот берди

Медведев Эронга кўмак борасида шов-шувли баёнот берди

Архив фото.

Манба: “РИА Новости”

Дунёнинг бир қатор мамлакатлари Эронга жанговар ядро комплектларини беришга тайёр. Бу ҳақда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, мамлакат собиқ президенти Дмитрий Медведев Телеграмдаги саҳифасида маълум қилди.

Унинг фикрича, Эрондаги ядро инфратузилмаси АҚШ ҳужумидан зарар кўрмаган ёки зарар миқдори сезиларли даражада эмас.

Кремль мулозими Трамп маъмуриятининг Эронга ҳужуми оқибатларини қуйидагича изоҳлаган:  

  • “Ядро материалларини – эндиликда очиқ айтиш мумкин – ядро қуролини ишлаб чиқариш давом эттирилади”.
  • “Исроил ҳужум остида, портлаш овозлари эшитилмоқда, одамлар саросимада”.
  • “АҚШ истиқболда қуруқлиқдаги амалиётга олиб борувчи янги зиддиятга тортилди”.
  • “Эрондаги сиёсий режим сақланиб қолди ва катта эҳтимол билан янада кучлироқ бўлди”.
  • “Халқ илгари ҳатто у қадар хайрихоҳ бўлмаган диний раҳбарият теграсида бирлашмоқда”.
  • “Тинчликпарвар президент сифатида келган Трамп АҚШ учун янги уруш бошлади”.
  • “Дунёнинг мутлақ кўпчилиги Исроил ва АҚШ хатти-ҳаракатларига қарши”.

“Бундай “ютуқ”лардан кейин Трамп, гарчи аввалдан сотиб олинса-да, тинчлик учун Нобель мукофотини орзу қилмаса ҳам бўлади! Бошланиши чакки эмас, табриклайман, жаноб президент!” – дея  хулоса ясаган Д.Медведев.

Россия собиқ президенти ўз постида айнан қайси давлатлар ва қандай шартларга кўра Теҳронга жанговар ядро комплектларини тақдим этмоқчи эканига ойдинлик киритмаган.

Эслатиб ўтамиз,  бунга қадар бир қатор баҳсли баёнотлар берган Медведев Москва ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини ҳам писанда қилиб келади. Жумладан, у ядро қуролини “Буюк Россияни сақлаб қолишнинг энг яхши кафолати” деб иддао қилган.

Хабарингиз бор, АҚШ ҳарбийлари 22 июнга ўтар кечаси Эрондаги учта ядровий объект – Фордо, Натанз ва Исфаҳонга ҳаво ҳужуми уюштирди.

Аввалроқ таҳлилчилар Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг чақириғига кўниб Эронга қарши уруш очса, Нобель мукофотидан қуруқ қолишидан огоҳлантирганди.

Трамп урушга қўшилгани ортидан аллақачон унга қарши импичмент талаби кун тартибига қайтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг