Метронинг «ирқий» номи рус бастакори номига алмаштирилади — Германия
Германиянинг «BVG» транспорт компанияси Берлиндаги ирқий маънони берувчи «Моренштрассе» («Mohrenstraße») метро станцияси номи «Глинка кўчаси» («Glinkastraße»)га ўзгартирилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Компания ўз баёнотида ирқчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши эканини маълум қилди.
1908 йилда очилган ушбу метро станцияси «Моренштрассе» номини 1991 йилда олган. Ҳар йили 23 августда — Қуллар савдоси бекор қилинганига бағишланган халқаро санада шу номдаги кўчада одамлар намойишга тўпланиб, кўча ва шу номдаги метро станцияси номини ўзгартиришни талаб қилиб келишаётганди.
Яқинда номаълум шахслар кўча ва метро станцияси номи ёзилган кўрсаткичларнинг бир қисмига бўёқ чаплаб, антифашистик мазмундаги белгиларни қолдириб кетишди. Айнан «Mohren» сўзи бўяб ташланган — 18-19-асрларда айрим немис саройларида ишлатилган қора танли қулларни шу ном билан аташган.
Эслатиб ўтамиз, ирқчиликнинг ҳар қандай шаклига тоқат қилмаслик ҳаракати АҚШда қора танли фуқаро Жорж Флойд полиция ходими томонидан ўлдирилганидан сўнг аксарият мамлакатларда авж олди. Бу жараёндан четда қолишни истамаган «Twitter» компанияси ўз дастурий кодларидан «қора рўйхат», «хўжайин» ва «қул» каби атамаларни олиб ташлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter