Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Минглаб марказий осиёлик Украина урушига юборилди — Россия Тергов қўмитаси раҳбари

Минглаб марказий осиёлик Украина урушига юборилди — Россия Тергов қўмитаси раҳбари

Россия Федерацияси фуқаролигини олган 20 минг нафар муҳожир Украина фронтига юборилди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Санкт-Петербург халқаро юридик форумида маълум қилган.

Мулозимнинг сўзларидан урушга мажбуран юборилган фуқароларнинг асосийси қисми Марказий Осиё – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон вакиллари эканини англаш мумкин.

“Ҳарбий тергов бошқармамиз рейдлар ўтказмоқда. (Ушбу рейдлар давомида) урушнинг олдинги сафига бориш у ёқда турсин, ҳарбий бўлинмада ҳисобдан ўтишни ҳам истамаётган 80 минг нафар Россия фуқароларини аниқладик. 80 минг кишини тутдик, ҳарбий ҳисобга қўйдик. (Улардан) негадир Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда яшаш ёқмаган 20 минг нафар Россиянинг “навқирон” фуқаролари аллақачон урушнинг олдинги сафига йўлланган”, – деган Александр Бастрикин.

РФ Тергов қўмитаси раҳбари 2023 йил  январь ойида ҳам Россия фуқаролигини олган Марказий Осиё ва Кавказорти ўлкалари вакилларини урушга юбориш лозимлиги ҳақида гапирган эди.

“Охирги 5 йилда Ўрта Осиё ва Кавказорти мамлакатларидан келган бир миллиондан зиёд шахс, жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан 550 минг киши фуқаролик олди... (Фуқаролик) ҳуқуқлар бериб қолмай, айни чоқда, қабул қилувчи мамлакатни ҳимоя қилиш бўйича конституциявий мажбуриятларни ҳам кўзда тутади”, – деган  эди у.

Меҳнат муҳожирларига қарши баёнотлари билан танилган Бастрикин Россия фуқаролигини олган мигрантлар урушда иштирок этишдан бош тортса фуқароликдан маҳрум этилиши кераклигини ҳам айтганди.

У, шунингдек, 2024 йилги Петербург халқаро юридик форумида миграция сиёсатини янада қаттиқлаштириш кераклигидан баҳс этган.

Сўнгги вақтларда Россия фуқаролигини олмай, у ерда тирикчилик қилаётган меҳнат муҳожирларини ҳам турли йўллар билан Украина урушига юбориш ҳолати кўпаяётгани айтилмоқда.

Жамоат фаоллари Россияда меҳнат қилаётган Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ватандошларини урушга юборишга қаратилган тарғибот кучайганидан огоҳлантирмоқда.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳисоботида қайд этилишича, Россия ҳукумати Марказий Осиё мамлакатлари меҳнат муҳожирларини Украина урушида қатнашишга кўндиришга уринмоқда. Ихтиёрий равишда ажал комига бориш эвазига муҳожирларга 4160 доллар ойлик маош, шунингдек, Россия фуқаролиги ваъда қилинган.

BBC Рус хизматига кўра, 2022 йил 24 февраль куни Россиянинг Украинага қарши босқинчилик уруши бошланганидан бир йилдан кўпроқ муддат ўтиб, камида 93 нафар Марказий Осиё фуқаролари, жумладан, 34 нафар ўзбекистонлик жанг майдонида ҳалок бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг