Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Намангандан ҳам хушхабар тарқалди

Намангандан ҳам хушхабар тарқалди

Фото: ССВ ахборот хизмати

Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бугун яна коронавирус инфекциясига чалинган 11 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати хабар берди.

Соғайган беморларнинг 3 нафари эркак, 8 нафари аёллардир. Уларнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларнинг хасталикни тўлиқ енгиб ўтганлигини кўрсатди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу муваффақиятлар замирида вилоят юқумли касалликлар шифохонаси жамоасининг баҳамжиҳат бўлиб, улкан масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг шифо топиши учун астойдил курашаётгани муҳим аҳамият касб этаяпти. Бунинг учун шифохонада барча шароит яратилган, дори-дармон, замонавий тиббий технологиялар, ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Энг муҳими, дарддан фориғ бўлаётган инсонлар қувончи коронавирус пандемияси билан курашаётганларга куч-ғайрат бағишламоқда. Бу каби хушхабарлар эса дунёни таҳликага солаётган коронавирус инфекцияси билан самарали курашиш мумкинлиги, ҳатто, ғолиб бўлиш имкони борлигини кўрсатмоқда. Бунда ҳал қилувчи зарбани бериш, шубҳасиз, тиббиёт ходимларининг зиммасида. Қаҳрамон шифокорларимиз эса ушбу вазифани шараф билан бажаришаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар бугуннинг ўзида 19 нафарга етиб, жами 85 нафарни ташкил этмоқда, – дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг