НАТО, Россия, Украина, Хитой ҳарбий мақсадларда 2023 йилда қанча сарфлади?
2023 йил якунлари бўйича жами жаҳон ҳарбий харажатлари 2 трлн 443 млрдга етиб, реал кўрсаткичларда 6,8 фоизга ошди. Дунё ҳарбий харажатлари кетма-кет тўққизинчи йил ўсиб, тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етди. Бу 2009 йилдан бери энг катта йиллик ўсиш. Стокголм тинчлик муаммолари институти (SIPRI) ўтказган тадқиқотда шундан хулосага келинди.
2009 йилдан буён биринчи марта ҳарбий харажатлар SIPRI таснифи бўйича барча беш жўғрофий минтақада ошди, энг жиддий ўсиш Европа, Осиё ва Океания ҳамда Яқин Шарқда қайд этилди.
«Ҳарбий харажатларнинг мисли кўрилмаган даражада ошиши глобал тинчлик ва хавфсизликнинг ёмонлашувига бевосита жавобдир. Давлатлар ҳарбий кучга устувор аҳамият беришмоқда, бу билан улар шундоқ ҳам беқарор геосиёсий ва хавфсизлик ландшафтида ҳаракат-реакция ҳалқасини юзага келтириш хавфини туғдиришмоқда», — деди SIPRI Ҳарбий харажатлар ва қурол ишлаб чиқариш дастури катта илмий ходими Нан Тян.
Қайд этилишича, ҳарбий мақсадларда энг кўп харажат қилган давлатлар рўйхатида АҚШ, Хитой ва Россия етакчилик қилмоқда. Шунинг қаторида, биринчи ўнликка кирган мамлакатларнинг барчаси ўтган йили ҳарбий харажатларини оширган.
Россия
Россиянинг ҳарбий харажатлари 24 фоизга ошиб, қарийб 109 миллиард долларни ташкил этди, яъни Украина билан муносабатлар совуқлашган 2014 йилдан буён 57 фоиз ошган. 2023 йилда Россия ҳарбий харажатлари умумий давлат харажатларининг 16 фоизини ташкил этди.
Украина
Украина ҳарбий харажатлари 2023 йилда 51 фоизга кескин ўсиб, 64,8 миллиард долларга кўтарилганидан сўнг, энг кўп маблағ сарфлаган дунёдаги мамлакатга айланди. Мамлакат умумий давлат харажатларининг 58 фоизи мудофаага йўналтирилмоқда. Қолаверса, Украина 2023 йил давомида Ғарбдан камида 35 миллиард доллар ҳарбий ёрдам олди, бунда АҚШнинг улуши — 25,4 миллиард доллар. Ушбу ёрдам ва Украинанинг ўз ҳарбий харажатларини қўшганда Россия ҳарбий харажатларининг тахминан 91 фоизини ташкил этмоқда.
НАТО
Қўшма Штатлар — НАТОда энг йирик бюджет эгаси (68 фоиз), аммо европалик аъзоларнинг улуши ҳам ошиб боряпти. 2023 йилда НАТОнинг 31 аъзоси биргаликда 1 трлн 341 миллиард АҚШ доллари сарфлади, бу глобал ҳарбий харажатларнинг 55 фоизи демакдир. АҚШнинг ҳарбий харажатлари йиллик кесимда 2,3 фоиз ошиб, 916 миллиард долларни ташкил этди. 2023 йилда НАТОга аъзо Европа мамлакатларининг умумий улуши 28 фоизни ташкил этди, бу охирги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткичдир. Қолган 4 фоиз Канада ва Туркияга тўғри келган.
Хитой
Хитой 2023 йилда ҳарбий харажатларга тахминан 296 миллиард доллар ажратди, бу 2022 йилга нисбатан 6 фоиз кўп. Қаторасига 29 йилдирки, Чин юрти ҳарбий харажатларини оширмоқда. Осиё ва Океания минтақасидаги ҳарбий харажатларнинг ярми Хитойга тўғри келмоқда, деб ёзди SIPRI.
Жаҳон мудофаа харажатлари 2023 йилда биринчи марта 2 триллион доллардан ошгани ҳақида яқинда Defence One хабар берганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter