Новатор шоир Сафар Оллоёр ижодининг яна бир сири очиқланди

Миллий озодлик ва истиқлол туйғуси ижодкорларимизга кўтаринки руҳ бахш этди. Натижада замонавий ўзбек шеъриятида бир неча янги шеърий жанрлар вужудга келдики, бу борада новатор шоир Сафар Оллоёрнинг алоҳида ўрни бор. Чунки у асос солган «зарбулдостон», «қўшсатр», «эшсонетлар», «учшода» ва «қўшшода» деб номланган оригинал шеърий жанрлар халқимиз томонидан хушнудлик билан қабул қилинди: айни пайтда ўнлаб шоирлар бу жанрларда қалам тебратмоқда.
Таъкидлаш жоизки, шоир кетма-кет учта – 31,5 (504 саҳифалик), 33 (528 саҳифалик) ва 41 (656 саҳифалик) босма табоқли танланган асарлар тўпламларини ҳали эълон қилинмаган янги шеърларидан тузди. Бу ҳол шу пайтгача адабиётда учрамаган фавқулодда ижодий ҳодиса сифатида баҳоланмоқда. Бироқ у ижодий кашфиётларини сир сақлаши билан ҳам машҳур. Масалан, «қўшшода»сидан бирон намунани ҳалигача эълон қилмади. Илгари «эшсонетлар»ини ҳам то «Қалб салтанати» (2-жилд) сайланмасида нашр этилгунига қадар ҳаммадан сир тутганди.
Мана, яқинда новатор шоирнинг «Мангулик гули» номли 3-жилд танланган асарлар тўплами нашрдан чиқди. Шоир ўз ижодий анъаналарини давом эттирган ҳолда, ушбу тўплами орқали жаҳон шеъриятидаги энг нафосатли сонет жанрида, шу билан бирга, ўз кашфи – «учшода» деб номланган янги туркий номдаги лирик жанрда дилбар фалсафий-тасаввуфий лирикасини адабиёт муҳибларига тақдим этган: жаҳон шеъриятида кузатилмаган 19 хил туроқда битилган 18 та сонетлар гулдастаси, айниқса, бир жуфт сонетлар қўшгулдастаси; яна 19 хил туроқдаги 19 та учшодалар гулдасталари Сафар Оллоёрнинг ушбу тўпламига ноёблик ёрлиғини зарб этган.
Филология фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори (PhD), Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси Қувончбек Мамиралиев ушбу китобга ёзган «Давримизнинг новатор шоири Сафар Оллоёр ижодида ажиб фалсафий-тасаввуфий ифода ва жанрий-услубий изланишлар тажаллийси» сарлавҳали сўнгсўзида шундай эътироф этади: «Кези келганда зимдан таъкидлаш керакки, давримизнинг новатор шоири Сафар Оллоёр ўзи кашф этган янги шеърий жанрлари билан ўзбек шеъриятининг ҳам шаклий-услубий, ҳам ғоявий-эстетик жиҳатлардан янги замонга ҳамнафас тарзда юқори суръатларда такомиллашиб боришига ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб келмоқда. Зеро, оригинал янги шеърий шакл ва жанрларнинг пайдо бўлиши ўзбек шеъриятининг тобора янгиланиб бораётганлигини кўрсатиб турибди...
Илгари шеъриятда учрамаган, фақатгина ўз кашфиётларига хос шеърий шаклий изланишлар қилиб чарчамайдиган атоқли шоир Сафар Оллоёрнинг ижодий ютуқлари ўзбек лирикасида ўзининг силжимас ўрнини топишига, шу билан бирга, Шарқ ва жаҳон шеъриятига дадил кириб боришига умид қиламан. Бу борада истеъдодли новатор шоиримизга толмас куч-қувват ва ана шу кўзланган юксак мезонлар даражасидаги ижодий баркамоллик тилайман.»
Дарҳақиқат, Сафар Оллоёр ўз ижодий лабораториясидан мутлақо янги ва оҳорли фалсафий-тасаввуфий сонетлар ва учшодаларнинг ҳар биридан 19 тадан шеърий гулдасталарни мазкур китоби орқали мухлислари ва шеърият шинавандаларию синчков мутахассислар эътиборига ҳавола этади. Жаҳон шеъриятида ҳам ҳали бунчалик кўп шеърий гулдасталар ёзилмаган. Чунки бу турдаги шеърий санъат жуда мураккаблиги билан алоҳида ажралиб туради.
Эслатиб ўтамиз, «новатор шоир Сафар ОЛЛОЁР жаҳон адабиётида салмоқли салоҳият эгаллаб келаётган сонетдан ҳам икки сатр ихчам – адабиётда туркий лисон истилоҳидаги «УЧШОДА» номли янги шеърий жанрга асос солди» деган хабар «Янги шеърий жанрга асос солинди» номли сарлавҳа билан 2021 йил 12 февралда эълон қилинган эди. Кўринадики, муаллиф 330 та учшодаларини тўрт йилдан ортиқ муддат давомида сир сақлаб келган. Сабаби бизга номаълум.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter