Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Одра дарёсида мисли кўрилмаган экологик фожиа рўй берди

Одра дарёсида мисли кўрилмаган экологик фожиа рўй берди

Фото: Getty Images

Шарқий Европадаги энг йирик дарёлардан бири Одрада экологик фожиа рўй берди. Германия, Польша ва Чехия бўйлаб оқиб ўтувчининг дарёдан юз минглаб ўлик балиқ топилган. Ушбу ҳолат сабаб Германия ва Польша ўртасида даҳанаки тортишув ҳам кузатилмоқда.  

Дастлаб Одранинг Польша ҳудудидан оқиб ўтган қисмида балиқларнинг оммавий нобуд бўлиши кузатилган. Польша атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари ҳолат юзасидан текширув бошлаган. Прокуратура эса эҳтимолий экологик жиноят бўйича иш очган. Бу орада дарёнинг Германия ҳудудидаги қисмларида ҳам ўлик балиқлар топилган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, дарёдан 200 тонна жонсиз балиқ йиғиб олинган. Расмий Варшава ҳам, Берлин ҳам бу ҳолатни мисли кўрилмаган экологик фожиа деб атамоқда.

«Бу жойларда 40 йилдан бери балиқ овлайман, лекин бундай ҳолатга илк бор гувоҳ бўлиб турибман. Одра дарёсидаги саноқсиз ўлик балиқларни кўриб танамга титроқ кирди»,  – дейди Ҳельмут Зан исмли балиқчи.

Ҳар икки томон ҳам балиқларнинг нобуд бўлишида бир-бирини айбламоқда. Дастлабки лаборатория текширувлари дарё сувида симоб йўқлиги, аммо шўрланиш кўрсаткичи ошиб, кислород миқдори тушиб кетганини кўрсатган. Бироқ ҳозирча балиқлар айнан нимадан ҳалок бўлган деган саволга узил-кесил жавоб бериш имконсиз.

Польша бош вазири Матеуш Моравецкий балиқларнинг нобуд бўлишини экологик жиноят деб малакалаган. 

«Дарёга онгли равишда кўп миқдорда кимёвий чиқиндилар ташланган бўлиши мумкин. Биз айбдорларни топиб жазоламагунча тинчимаймиз», – деган поляк ҳукумати раҳбари. 

Польша полицияси Одра дарёсининг заҳарланишига доир қимматли ахборот учун 1 млн злотий (210 минг евро) мукофот ваъда қилган.

Германиянинг Бранденбург федерал ери қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳит вазири Аксель Фогель балиқларнинг оммавий ўлимига турли омиллар, жумладан, сув сатҳининг пасайиши ва қурғоқчилик сабаб бўлганини ҳам истисно этмаган. 

Соҳа мутассисларига кўра,  ушбу экологик фожиа нафақат балиқчилик, балки туризмга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Айни пайтда дарёда чўмилиш ва балиқ овлаш ман этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг