Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оқ уй Нетаняҳудан ғазабда

Оқ уй Нетаняҳудан ғазабда

Фото: Axios

Оқ уй Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг минтақада уруш оловини ёқишга қаратилган ҳаракатларидан ғазабда. Президент Доналд Трамп маъмурияти Нетаняҳу АҚШнинг Яқин Шарқдаги дипломатик уринишларини йўққа чиқаради деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Axios нашри Оқ уйдаги манбаларига таяниб ёзди.

Ўтган ҳафта Суриянинг Сувайда вилоятида дарзийлар исён кўтариши ортидан Исроил ҳукумати сепаратистларни дастаклаб Сурия ҳудудига бомбалар ёғдирди. Дамашққа қарши уюштирилган авиаҳужумлар Трамп атрофидаги юқори мартабали мулозимларнинг жаҳлини чиқарган.

“Биби (Бинямин Нетаняҳунинг лақаби – таҳр.) бамисоли ақлдан озган. У мунтазам равишда ҳаммаёққа бомба ёғдирмоқда. Бу ҳол Трампнинг саъй-ҳаракатларини йўққа чиқариши мумкин”, – деган америкалик мулозим.

Исроил Сурияга ҳужум борасида Оқ уйдан “оқ фотиҳа” олмаган.

“Тинчлик ўрнатишга интилаётган мамлакати бомбаланаётганидан телевизор орқали хабар топиш президентга ёқмаяпти”, – деган Вашингтон расмийларидан бири.

Ғазо секторида 2023 йил 7 октябрдан буён қонли уруш олиб бораётган Исроил армияси ўтган ҳафта Ғазодаги католик черковини ўққа тутган эди. Axios нашрининг қайд этишича, Трамп бу ҳодисадан дарғазаб бўлган ва Нетаняҳуга қўнғироқ қилиб норозилигини билдирган.

“Ҳар куни бирор янги можаро рўй беради. Бу нима бемаънигарчилик?!” – дея Нетаняҳу ҳаракатларига эътироз билдирган Трамп.

Доналд Трамп анъанавий равишда Исроилни қўллаб-қувватлаб келади. Яҳудий давлати Ғазо секторида давом эттираётган ҳарбий ҳаракатларда, шунингдек, Эронга қарши олиб борган урушида Трамп маъмурияти яқиндан кўмак берди. Аммо “сиёсий умри”ни узайтириш учун уруш ва қон тўкиш сиёсатини олиб бораётган Нетаняҳунинг ҳаракатлари Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш ҳақида баёнотлар бераётган Трампнинг дипломатик уринишларига халал бермоқда.

Трамп аввал ҳам Нетаняҳунинг минтақадаги cиёсатига дипломатик тарзда норозилик билдирган эди.

Собиқ президент Жо Байден ҳам Исроил бош вазирининг Ғазода олиб бораётган, минглаб тинч аҳоли вакили ўлимига сабаб бўлаётган уруши сабаб миллионлаб либерал сайловчилар овозини йўқотганидан норози бўлгани ва Нетаняҳуга ўзига хос тарзда эътироз билдиргани маълум.

Айни чоқда, таҳлилчилар Оқ уйнинг Нетаняҳуга рўйхушлик бермаслиги муваққат ҳолат экани, Исроилни шартларсиз қўллаб-қувватлаб келаётган президент Трамп келгусида стратегик масалаларда барибир Тель-Авивнинг ёнини олишда давом этишини айтмоқда. Бу борада Трамп бутун дунёнинг эътирозига қарамай, Исроил расмийлари таклиф этаётган Ғазо сектори аҳолисини бошқа ҳудудларга сургун қилиш режасини дастаклаб келаётганини эслаш кифоя.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг