Аномал иссиқда «Тез ёрдам»га қарийб 250 мингта чақирув бўлган – ССВ

Жорий йилнинг 2-5 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ об-ҳаво оқимлари кириб келиши натижасида шу кунлари мамлакатда аномал иссиқ кузатилди.
Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғофуровнинг маълум қилишича, аномал иссиқ кузатилган даврда республика бўйича тез тиббий ёрдам хизматига жами 247 минг 459 та чақириқ келиб тушди. Уларнинг 172 минг 676 тасини шошилинч кўрсатма, 65 минг 163 тасини эса сурункали касалликлар билан боғлиқ мурожаатлар ташкил этди.
Таъкидланишича, тегишли масъул ташкилотлар томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларга аномал иссиқ ҳаво шароитида эҳтиёт чораларини кўриш тўғрисида берилган тавсиялар туфайли чақириқлар сони ундан олдинги ҳафта (24-29 июнь)га нисбатан 1,2 фоизга камайган.
«Одатда, ёз фаслида юртимизда минтақамизга хос бўлган қуруқ иссиқ кузатилади. Айниқса, сўнгги кунларда дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам юқори ҳарорат сақланиб қолмоқда.
Албатта, бундай пайтда, энг аввало, сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар саломатлигига алоҳида эътибор талаб этилади.
Шу боис, улар соғлигини тиббий назоратга олиш, зарурат бўлганда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш лозим. Айниқса, иссиқ ҳавода сурункали хасталиклар хуруж қилишини эътиборга олсак, «Тез ёрдам» хизмати ходимлари зиммасига катта масъулият юкланади», – дейди А.Ғофуров.
Шу ўринда вазирлик зарурат бўлмаса, аҳолидан жазирама пайти ташқарига чиқмасликни, тез-тез суюқлик ичиш, имкон қадар ёғли, дудланган таомлар тановул қилмаслик, аксинча, кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилишни тавсия этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter