Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон гўшт арзон бўлган давлатлар қаторида

Ўзбекистон гўшт арзон бўлган давлатлар қаторида

БМТнинг Халқаро озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) гўшт нархининг ошиши глобал миқёсда кузатилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, бунинг бир неча омиллари мавжуд бўлиб, жумладан:

  • дунёда гўшт ишлаб чиқариш ҳажми секинлашмоқда;
  • йирик импорт қилувчи давлатларда талаб юқори;
  • озуқа хомашёси ва транспорт харажатларининг ортиши ҳам нархларга таъсир кўрсатмоқда.

Масалан, Россияда товуқ гўшти нархи йил бошидан буён 9,7 фоизга, Қозоғистонда эса 4,7 фоизга ошган. Умуман олганда, Ўзбекистонда гўшт нархи минтақавий тенденциялар доирасида сақланмоқда ва глобал бозор тебранишларига нисбатан барқарорликни намоён қилмоқда.

Мутахассислар фикрича, айни пайтда Ўзбекистондаги бозорларнинг арзонлаштирилган расталарида 1 кг мол ва қўй гўшти ўртача 65-75 минг, савдо расталарида 90-95 минг, савдо марказларида эса 95-100 минг сўмдан сотилмоқда.

Тошкент шаҳридаги арзонлаштирилган расталарда 65-75 минг сўмлик гўштни харидорларнинг 15-18 фоизини, 90-95 минг сўмлик рўзғорбоп гўшт эса 82-85 фоизини, 110-130 минг сўмлик суяксиз (лаҳм) гўшт эса атиги 1-2 фоизини ташкил этади.

Яна бир жиҳат, пойтахт бозорларида гўштни аҳолининг харид қобилиятига мос равишда қисмларга бўлиб сотиш йўлга қўйилган. Жумладан, гўшти ажратилган суяк (рагу) 25-30 минг сўм, қовурга 85-95 минг сўм, суяксиз гўшт (лаҳм) эса 110-130 минг сўм атрофида.

Таққосланадиган бўлса, Россияда 1 кг мол гўшти 10-12, Беларусда 6-8, Қозоғистонда 7-11, Тожикистонда 8-10, Грузияда 9,5-12, Озарбайжонда 9,5-12,5, Туркияда 12-14 доллар, шунингдек, иқтисодиёти ривожланган давлатлар Швецияда 46,2, Исландияда 38,86, Жанубий Кореяда эса 28 доллар атрофида сотилмоқда.

Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон дунёнинг гўшт энг арзон сотиладиган давлатлари қаторида бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қирғизистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди.

Гўшт ишлаб чиқаришга бевосита таъсир кўрсатувчи омиллар таҳлилида 2025 йилнинг биринчи чорагида гўшт ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар – жумладан, ем-озуқа, электр энергияси ва ёқилғи-мойлаш материаллари нархлари кескин ошгани кўринади.

Шунингдек, чорвачиликда гўшт етиштириш учун кучли озуқага бўлган талаб юқорилиги, озуқа етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги туфайли чорва молларини озуқа билан таъминланиш даражасининг 35-40 фоизини ташкил этмоқда.

2024 йил октябр ойидаги нархлар билан солиштирилганда, бугунги кунда шрот нархи 3 минг сўмдан 7 минг сўмга, шелуха 2 800 сўмдан 4 минг сўмга, омухта ем 2 900 сўмдан 3 700 сўмга, буғдой 2 200 минг сўмдан 3 500 минг сўмга, маккажўхори силоси 500 сўмдан 900-1 000 сўмга, сомон 15 минг сўмдан 25 минг сўмга, беда эса 25 минг сўмдан 45 минг сўмга ошган.

Озуқа харажатлари, меҳнатга ҳақ тўлаш ва электр энергияси харажатларининг ошиши ҳам гўшт таннархига бевосита таъсир кўрсатайганини алоҳида таъкидлаш зарур.

2024 йилда умумий 2 миллион 900 минг тонна тирик вазнда (1 миллион 700 минг тонна сўйилган вазнда) гўшт ишлаб чиқарилган. 93 минг тонна гўшт импорт қилинган. Ишлаб чиқарилган гўштга нисбатан импорт салмоғи 5,4 фоизни ташкил қилган.

Импорт қилинган гўштнинг 70 фоизи қайта ишлаш корхоналарига йўналтирилган бўлса, қолган қисми Тошкент шаҳри деҳқон бозорларидаги арзонлаштирилган расталарда сотилган.

Сўнгги беш йилда чорвачилик соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида чорвачилик корхоналарида мол сони икки баробар, ишлаб чиқарилаётган чорвачилик маҳсулотлари ҳажми эса уч баробар ошган.

Наслчилик корхоналари сони 400 тадан 1 900 тага етказилган бўлса, зоти яхшиланган қорамоллар улуши 30-35 фоиздан 70-75 фоизга кўтарилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг