Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технология қачон тўлиқ жорий этилиши маълум қилинди

Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Баходир Рўзибоев Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган «Пресс клуб» кўрсатувида сувни тежовчи технологиялар жорий этилиши ҳақида саволларга жавоб бериб ўтди.
— Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилганига икки йилдан ошди. Қачон бунинг таъсирини сезамиз? Масалан, Исроил чўлу-биёбондан иборат бўлган, аммо сувдан унумли фойдаланиш оқибатида нафақат ўзининг 9 миллион аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлайди, балки четга экспорт ҳам қилади. Бизда ҳам ерга муносабат Исроилдагидан кам бўлмаслиги керак эмасми?
— Яқинда Президентимиз сув тежовчи технологияларни беш баробарга ошириш ҳақида кўрсатма берди ва бу топшириқни бажариш бўйича иш олиб бормоқдамиз. Масалан, Сирдарё вилоятида 3000 гектар ерга томчилаб суғориш жорий этилган. Келаси йил бу кўрсаткич 18 минг гектарга етказилиши режалаштирилган. Ҳақиқатан ҳам биз сув тежовчи технологиялар қўллашга мажбурмиз, ҳаётнинг ўзи бизни бунга мажбурламоқда. Давлат томонидан технологияни жорий этиш бўйича субсидиялар белгиланмоқда.
2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепциясида 1 миллион гектар ерда томчилаб суғориш технологиясини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Биз бу натижага муддатидан аввал эришишни кўзлаяпмиз.
— Шу борада тўлиқроқ маълумот бера оласизми? Қачон Ўзбекистон ерлари тўлиқ томчилаб суғоришга ўтади?
— 2030 йилгача 50 фоиз суғориладиган майдонда сувни тежовчи технология ўрнатадиган бўлсак, демак яна 15 йилда барча суғориладиган ерларимизда томчилаб суғориш жорий этишимиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter