Ўзбекистонда биологик фаол қўшимчаларни ихтиёрий маркировкалаш лойиҳаси бошланади

2025 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда биологик фаол қўшимчаларни (БФҚ) ихтиёрий равишда маркировкалаш лойиҳаси бошланади. Бу контрабанда, қалбакилаштирилган маҳсулотларга қарши курашиш ва истеъмолчиларни ҳимоя қилишга қаратилган мамлакат фармацевтика ва нутрицевтика бозорларини ривожлантиришдаги муҳим қадамдир. Ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг иштироки ихтиёрий бўлиб, ихтиёрий маркировкалаш даврида ушбу тоифадаги товарлар учун маркировка кодларини тақдим этиш ва кузатиб бориш хизмати тўлов ундирилмасдан амалга оширилади.
Биологик фаол қўшимчаларни ихтиёрий маркировкалаш лойиҳасининг биринчи иштирокчиларидан бири «STM Holding» компанияси бўлиб, у ўз маҳсулотларида рақамли маркировкани жорий этишга тайёрлигини билдирди. Компания вакили ўз маҳсулотларининг сифатига ишонади ва мамлакатда БФҚларнинг шаффоф бозорини шакллантиришга қаратилган ташаббусни қўллаб-қувватлайди.
Эксперт баҳоларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинаётган биологик фаол қўшимчаларнинг аксарияти ноқонуний айланмада. Ушбу тоифадаги маҳсулотларни олиб кириш ва сотишни назорат қилишнинг самарали механизмлари мавжуд эмаслиги истеъмолчилар саломатлиги учун катта хавф туғдиради, шунингдек, давлат учун сезиларли иқтисодий йўқотишларга олиб келади.
Юзага келган вазиятнинг асосий сабабларидан бири божхона тўловларининг юқори даражаси бўлиб, бу расмий равишда олиб кирилган БФҚларни ноқонуний маҳсулотларга нисбатан рақобатбардошлигини пасайтиради. Натижада миллий стандартлар ва техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган контрафакт ва рўйхатдан ўтказилмаган товарлар бозорда устунлик қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги «Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-13-сон Фармонига мувофиқ, биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш ва уларнинг муомаласи устидан давлат назоратини тартибга солиш ва кенгайтириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар назарда тутилган, чунки ушбу тоифадаги маҳсулотлар кўпинча дори воситаларини қабул қилишнинг тенг муқобили сифатида реклама қилинади ва аҳолига сотилади. Бунда уларни мунтазам қабул қилишнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги нуқтайи назаридан мувофиқликни баҳолаш амалга оширилмайди. Ушбу механизм БФҚ айланмасининг шаффофлигини таъминлаш, уларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, шунингдек, контрафакт маҳсулотларнинг тарқалишини минималлаштириш имконини беради.
Рақамли маркировка тизимини жорий этиш қуйидаги мақсадларга қаратилган.
• Маҳсулотнинг келиб чиқиши ва сифатини назорат қилиш орқали истеъмолчиларни сертификатланмаган, қалбакилаштирилган ва потенциал хавфли БФҚлардан ҳимоя қилишни таъминлаш.
• Ўзбекистон Республикаси ҳудудида биологик фаол қўшимчаларни импорт қилиш, сақлаш, айланмага киритиш ва сотиш жараёнларини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг ягона шаффоф тизимини яратиш.
• Ноқонуний бозор улушини камайтириш, бу солиқ тушумларини кўпайтиришга ва бозор иштирокчилари ўртасида ҳалол рақобатни таъминлашга ёрдам беради.
• Расмий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларга ишончни ошириш, халқаро етказиб берувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва биологик фаол қўшимчаларнинг шаффоф бозорини ривожлантириш.
«STM Holding» нима учун ихтиёрий маркировкада иштирок этишга қарор қилгани ва ушбу лойиҳада қандай «афзаллик»ларни кўраётгани ҳақида – «STM Holding» бошқарувчи ҳамкори Инара Шаханова билан суҳбатда.
— «STM Holding» компанияси ҳақида сўзлаб берсангиз.
— «STM Holding» компанияси Ўзбекистон ҳудудида ҳам фармацевтика, ҳам парафармацевтика сектори маҳсулотларини етказиб бериш ва тарғиб қилиш билан шуғулланади. Биз FMSG-сектори, шунингдек, дорихона муассасалари билан ишлаймиз. Шунингдек, компаниямиз машҳур «Solgar» бренди маҳсулотларини - Американинг юқори сифатли витаминлари ва «Nature’s Bounty» - ўртача нарх сегментидаги маҳсулотларини импорт қилади.
— Ҳозирги кунда БФҚлар бозорида қандай муаммолар мавжуд?
— Асосий муаммо — бу йирик «яширин» бозор. Биз ҳар куни истеъмолчилар ва мижозларимиздан салбий мулоҳазаларга дуч келамиз. Ва бу давлат учун ҳам, умуман истеъмолчи учун ҳам таҳдидли муаммони келтириб чиқаради. Давлат ғазнага божларни тўлиқ олмайди, истеъмолчи эса керакли стандартларсиз ва «совуқлик занжири»га риоя қилмасдан олиб кирилган ёки ишлаб чиқарилган сифатсиз маҳсулотларни олади.
— 1 мартдан БФҚларни ихтиёрий маркировкалаш бошланади. Бу янгиликка қандай қарайсиз?
— Бу ҳақиқатан ҳам давлат ва умуман истеъмолчи учун муҳим қадам ва биз бу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, чунки бу Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний маҳсулотларни олиб кириш ва ишлаб чиқаришнинг олдини олишга ёрдам беради, деб умид қиламиз.
— Маркировка жорий этилиши билан истеъмолчилар учун нима ўзгаради?
— Биринчидан, бу назорат. Ҳар бир истеъмолчи қадоқдаги керакли кодни сканерлаб, Asl Belgisi иловаси орқали текшириб, сифатли маҳсулот харид қилаётганига ишонч ҳосил қилиши мумкин. Шунингдек, истеъмолчи Ўзбекистон ҳудудига барча меъёрларга риоя қилган ҳолда олиб кирилган сертификатланган ва асл маҳсулотни харид қилаётганига, шунингдек, зарур сертификатларни олганига ишонч ҳосил қилиши мумкин.
— Биологик фаол қўшимчаларни ихтиёрий маркировкалаш лойиҳасида иштирок этишни режалаштиряпсизми?
— Бизнинг компаниямиз ушбу лойиҳага қўшилмоқда ва биз ўз вақтида дори воситалари бўйича бўлгани каби, БФҚларни маркировкалаш бўйича ҳам биринчилар қаторида келганимиздан мамнунмиз.
— Сизнингча, келажакда БФҚларни маркировкалашни мажбурий қилиш керакми?
— Ҳа, буни албатта қилиш керак. Ва биз бу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Россия тажрибаси шуни кўрсатадики, бу қадам бозорни жуда кучли даражада «оқлаш» ва уни янада шаффоф қилиш имконини берди.
Кўриб турганимиздек, STM Holding биринчилардан бўлиб биологик фаол қўшимчаларни ихтиёрий равишда маркировкалаш лойиҳасида иштирок этишга тайёрлигини билдирди ва унинг тажрибаси маркировка вазиятни яхши томонга ўзгартиришга қандай ёрдам беришини кўрсатади.
Ўзбекистонда биологик фаол қўшимчаларни рақамли маркировкалашнинг жорий этилиши истеъмолчилар ва ҳалол ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишга қаратилган бозор ривожланишининг янги босқичидир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter