Ўзбекистонликлар тўрт ойда 133 млн долларлик шакар ва шакар хомашёсини импорт қилган

2025 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонга шакар ва кондитер маҳсулотлари умумий қиймати 223,9 миллион АҚШ доллари миқдорида импорт қилинган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 25,9 фоизга камайганини кўрсатмоқда.
Айниқса, шакар ва шакар хомашёси бўйича кескин пасайиш кузатилган. Агар ўтган йили шу даврда бу маҳсулотлар учун 208,5 миллион доллар сарфланган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 133,3 миллион долларни ташкил қилган, яъни 36,1 фоизлик камайиш қайд этилган.
Ҳисобот даврида импорти кескин камайган маҳсулотлар, жумладан:
- Шакар ва шакар хомашёси (36,1 фоизга камайган);
- Какао кукуни (13,8 фоизга камайган);
- Карамелли ширинликлар (13,7 фоизга камайган);
- Сақич (15,9 фоизга камайган);
- Оқ шоколад (16,2 фоизга камайган);
- Какао ёғи (92,8 фоизга камайган);
- Шинни (70,9 фоизга камайган).
2025 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонга алкоголсиз ичимликлар умумий қиймати 43,9 миллион АҚШ доллари миқдорида импорт қилинган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даври билан солиштирилганда 26,3 фоизга камайганини кўрсатмоқда.
Импортдаги энг катта қисмини ташкил қилган маҳсулотлардан бири — шакарли газланган ичимликлар ҳисобланади. Жорий йилнинг январ–апрел ойларида ушбу маҳсулотлар қиймати 36 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлиб, бу ҳам ўтган йилга нисбатан 30,1 фоизга камайганини англатади.
Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида Ўзбекистонга шакар, кондитер маҳсулотлари ҳамда алкоголсиз ичимликлар импорти сезиларли даражада камайган.
Бу ҳолат мамлакатда импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқариш салоҳиятининг ортиб бораётганини англатиши мумкин. Шу билан бирга, аҳолининг истеъмол одатлари ўзгариб, соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишнинг кучайгани ҳам ушбу тенденсияга сабаб бўлган омиллардан биридир.
Манба: proreforms.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter