Ўзбекистоннинг прагматик сиёсати: Россия, АҚШ ва Хитой билан мувозанат қандай ушлаб турилибди? (2-мақола)

Глобал геосиёсий ўйинларнинг қоқ марказида жойлашган Марказий Осиёнинг юраги бўлган Ўзбекистон – барча мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатишга интилаётган, жаҳон сиёсий саҳнасида “нозик мувозанатни ушлаб келаётган ўйинчи” сифатида яққол намоён бўлмоқда.
“Ёпиқ эшиклар ортидан – очиқ дунё сари: Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги кескин бурилиш” сарлавҳали биринчи мақолада бир пайтлар ёпиқ, бир йўналишли сиёсат билан чекланган мамлакатимиз энди дунё дипломатиясининг фаол иштирокчисига айлангани ҳақида мулоҳаза юритган эдик.
Иккинчи мақолада янги ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши –иқтисодий дипломатия ҳамда глобал ўйинчилар билан олиб борилаётган мувозанатлашган сиёсат ҳақида сўз юритамиз.
Икки давр, икки хил манзара
Илгари дипломатик ташрифлар асосан шаклий мақсадларга қаратилган бўларди. Агар Президент бирор мамлакатга борса, унга асосан инвестиция вазири ва уч-тўртта давлат компаниялари вакиллари ҳамроҳлик қиларди. Эркин конвертация йўқлиги масаласи биринчи бўлиб кўтарилар, бу борада ҳеч ким аниқ ҳеч гап айта олмас ва хорижий ҳамкорларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўларди.
Олий даражадаги ташрифлар аввалида тўрт-бешта газета-журналларда Ўзбекистон ҳақида мақолалар чоп этилиб, шунчаки имижни оқлашга ҳаракат қилинарди.
Музокаралар кўпинча бир томонлама кўринишда бўлар, унда юртимизда бирорта хусусий бизнес иштирок этмасди. Инвестиция, экспорт ёки импорт ҳақида чуқур гап кетмас, бизнес-форумлар ўтказилмас, гапнинг пўсткалласини айтганда, реал инвестициявий натижаларга эришилмасди.
Бугунчи? Ҳозир ташрифларга тизимли ёндашиляпти. Жуда катта гуруҳлар, айниқса хусусий компаниялар алоҳида жалб этиляпти. Янги ташқи сиёсатнинг энг муҳим устуворлиги – иқтисодий дипломатия бўлмоқда.
Расмий учрашувларда катта хусусий бизнес делегациялари, йирик инвесторлар, минтақавий компаниялар фаол иштирок этяпти. Илгари деярли кўринмаган хусусий сектор – ташқи сиёсатнинг иқтисодий кун тартибида муҳим устунига айланди.
Янги иштирокчилар
Ҳозир камида 15-20 нафар йирик тадбиркорлардан иборат делегациялар жаҳон бўйлаб фаол мулоқот олиб боряпти. Улар ташқи иқтисодий алоқаларнинг но-формал элчиларига айланмоқда.
Бу ўзига хос "ижтимоий капитал"нинг шаклланаётганини билдиради. Бунда бизнес дипломатияси, тадбиркорлик салоҳияти ва миллий бренд бир нуқтада бирлашмоқда.
Янги сиёсат натижасида ҳар бир ташриф доирасида икки томонлама бизнес-форум ўтказиляпти, маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида реал шартномалар имзоланмоқда, инвестиция лойиҳалари сони ва сифати сезиларли ошди, IT, “яшил энергетика”, туризм, агросаноат каби соҳаларда янги имкониятлар очиляпти.
Ҳар бир ташрифдан кейин қатор лойиҳалар бошланмоқда. Бугунги кунда 100дан ортиқ хорижий давлатлар билан кўп миллиард долларга тенг бўлган ўн мингдан ортиқ фойдали лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Умуман олганда, юртимизда ишлаётган инвесторларнинг фаоллиги ошиб, сўнгги икки йилда чет эл капитали иштирокидаги 5,5 мингта янги корхона ташкил этилди. Уларнинг умумий сони 16 мингтага етди.
Халқаро ҳамкорларга ҳурмат
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги яна бир жиҳат – ҳар бир ташриф, музокара ва учрашувларда кичик деталларгача инобатга олиняпти.
Ташқи сиёсатимизда ташрифларга, ўзаро муносабатларга, халқаро тадбирларга ниҳоятда юқори даражада тайёргарлик кўриляпти. Кичик масаланинг ўзи йўқ. Авваллари бунга кўп эътибор қилинмасди.
Ҳозир Президент Шавкат Мирзиёев онлайн режимида, жуда мобил тарзда ишлаётганини бутун халқимиз кўриб ва сезиб турибди. Давлат раҳбарининг нутқларини қарасангиз ҳам, ҳар бир халқаро чиқишларини кузатсангиз ҳам бу ҳолат яққол сезилади. Ниҳоятда тезкорлик билан ишланяпти.
Бу ҳам Президентимизнинг ўта талабчанлиги, ҳам халқаро ҳамкорларга нисбатан алоҳида эътиборли, барча давлатлар билан ўзаро ҳурмат руҳида ёндашаётганининг маҳсулидир.
Мувозанатлашган сиёсат: Хитой, Россия, АҚШ билан муносабатлар
Илгари куч марказлари, айниқса, катта давлатлар билан муносабатларда анчайин қийналардик. Ҳаммаси билан масофа сақлаган ҳолда, баъзан манфаат келтириб турса-да воз кечардик. Россиями, Хитойми, АҚШми, борингки, Покистон, Саудия Арабистони ёки Туркиями – уларнинг барчасидан ҳадиксираб, ўзимиздан узоқроқ ушлардик.
Ташқи дунёга нисбатан ялпи ишончсизлик охир-оқибат Ўзбекистонга нисбатан умумий ишончсизликни келтириб чиқарди.
Ҳозир бундай эмас ва Президент Шавкат Мирзиёев барча ҳамкорлар билан яқин муносабатларни йўлга қўя олди. Ишонинг, бу глобал ўйинчилар билан мувозанатлашган сиёсат олиб бориш осон эмас. Уларнинг қайсидир бири билан "ёмонлашиш" қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини бугун ҳамма кўриб турибди.
“Марказий Осиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистон халқаро сиёсий босимлар ўртасида юрибди. Вашингтон, Пекин ва Москвада қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг акс-садоси Тошкентда янграйди”, деди яқинда CNN телеканалининг таниқли мухбири ва халқаро таҳлилчи Ричард Квест.
Унинг таъкидлашича, геосиёсий ўйиннинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон – барча билан дўстона муносабат ўрнатишга интилаётган давлат сифатида дунё сиёсий саҳнасида мувозанатни ушлашга ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистон раҳбарияти бугунги кунда “ҳеч кимга қарши эмас, барча билан дўст” деган сиёсат юритмоқда.
Квест ўз репортажини тарихий мисол билан якунлайди: Самарқанддаги Регистон майдони Ипак йўли даврида ғоялар ва савдолар кесишган марказ бўлган. Бугун эса бу майдон Ўзбекистон ташқи сиёсатининг рамзига айланган – бошқа давлатлар билан дўстлик ва барча манбалардан сармоя қабул қилиш сиёсатининг ифодаси.
Самарқанд – Ўзбекистон дипломатиясининг юрагига айланмоқда
Самарқанд халқаро тадбирлар ўтказиладиган нафақат минтақавий, балки глобал платформага айланди. Бу ерда жуда самарали мулоқот майдони яратилди. Ўзбекистоннинг йирик тадбирлари, халқаро ташкилотларнинг муҳим ва эътиборли анжуманлари ҳам шу ерда ўтаяпти.
Охирги йилларнинг ўзида Самарқанд бир нечта халқаро – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Халқаро туризм ташкилоти Бош ассамблеяси, Парламентлараро форумлар ва бошқа тадбирларга мезбонлик қилди. Шу кунларда давлат бошқаруви соҳасидаги энг нуфузли анжуман – БМТ Давлат хизмати форуми (UNPSF 2025) ҳам қадимий шаҳримизда ўтказилади. Илгари тасаввурга ҳам сиғмайдиган, манаман деган халқаро ташкилотларнинг йиллик анжуманлари ўтадиган мулоқот майдонига айланяпти бу маскан.
Мутахассисларга кўра, Самарқандни ҳам худди Ню-Йорк, Лондон, Париж, Дубай, Женева каби жаҳон аҳамиятига молик катта анжуманларга мезбонлик қиладиган марказга айлантириш мақсад қилинган. Бу – Ўзбекистоннинг нуфузини дунёга олиб чиқишга қаратилган жуда катта амбиция. Ўтган даврда зарур инфратузилма, керакли шарт ва шароитлар барчаси яратилди.
Буюк мутафаккир ва уламо Имом Бухорий ҳазратларининг мақбараси атрофидаги улкан мажмуа очилишини эса бутун мусулмон дунёси катта интиқлик билан кутмоқда ва бу йўналиш бўйича ҳали алоҳида мақоламизни эълон қиламиз.
Барчага аёнки, Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқа олмайди. Лекин бугун мамлакат Буюк Ипак йўлининг янгиланган қуруқлик хабига айланмоқчи. Қандай қилиб?
Бунда рақамли иқтисодиёт, таълим ва интеллектуал салоҳиятга, меҳнаткаш ва юқори малакали инсон капиталига таянилаётир.
Стратегик транспорт коридорлари – Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл қурилишига старт берилган, Трансафғон темир йўлини бунёд этиш бўйича йирик сармоядорлар билан фаол музокаралар олиб борилмоқда. Яъни, географик чекловни билим ва технологик салоҳият, модернизация орқали компенсация қилишга ҳаракат қилинмоқда. Бунда фаол, прагматик ташқи сиёсат ҳамда иқтисодий дипломатиянинг ўрни катта бўлмоқда.
Лутфулло Турсунов, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter